Жаҳон | 17:30 / 12.09.2018
13366
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ва курдлар ИШИДнинг охирги таянчига ҳужум бошлади

Фото: Aboud Hamam / Reuters

АҚШ ҳарбийлари томонидан қўллаб-қувватланаётган курдларнинг «Сурия Демократик кучлари» партияси жангчилари Дайр-аз-Зор вилояти ҳудудидаги Хаджин шаҳрига —  ИШИДнинг охирги таянч нуқтасига ҳужум бошлади. Бу ҳақда The Washington Post хабар тарқатмоқда.

Ҳужум 10 сентябрь куни кечқурун АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари иштирокида бошланган. Хаджин — Фрот дарёсининг шарқий қирғоғида, 250 кв км майдонни қамраган чўл ҳудуди ўртасида жойлашган шаҳар бўлиб, бу шаҳар ИШИД жангарилари қўлида қолаётган охирги шаҳардир.

Нашр хабарида қайд этилишича, курдлар бу шаҳарни эгалласа, ИШИД бутунлай тугатилмаса ҳам, «Халифалик» сифатида йўқ бўлади. Жангарилар таҳдид солишда давом этса, улар бундан кейин бутун Сурия бўйлаб тарқоқ жойлашишга мажбур бўлишади.

АҚШ Қуролли кучлари вакилининг қайд этишича, ушбу амалиёт жуда мураккаб бўлиб, у кейинги йил бошига қадар давом этиши мумкин. Тахминларга кўра, бу шаҳарда «охиригача қаршилик кўрсатишга тайёр бўлган» 2,5 минг нафардан ортиқ жангари бор. Курдлар, америкаликлар ва бошқа иттифоқчилар жангариларнинг ер ости туннеллари орқали келиши, пистирмалар қўйиши ва худкуш террорчилар ҳужумига ҳозирлик кўриши керак бўлади.

Курдларнинг маълумотига кўра, шаҳардаги жангариларнинг аксар қисми хорижликлардир. 

АҚШ Мудофаа вазир Жеймс Мэттиснинг айтишича, Хаджинда ИШИДнинг асосий етакчилари ҳам жойлашган бўлиши мумкин.

Америка маъмурияти бу ҳудуддаги ҳарбийлари курдларни расмий Дамашқдан бўладиган хавфлардан ҳимоя қилиш учун ҳам қолишини маълум қилган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид