Ўзбекистон | 11:23 / 12.10.2018
5976
3 дақиқада ўқилади

Исландияда минг кишига 796 газета тўғри келади, бизда-чи?

Фото: Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги

2018 йил 11 октябрь куни “Дўрмон“ ижод уйида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди билан ҳамкорликда “Ҳудудий оммавий ахборот воситаларининг ҳолатини яхшилаш бўйича таклиф ва тавсиялар” мавзусида ўқув-семинари ўтказилди.

Ташкил этилган мулоқотда мамлакатда сўнгги йилларда оммавий ахборот воситалари, хусусан, босма нашрлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани, соҳани ривожлантиришга доир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилингани таъкидланди. Айни пайтда соҳада обуна, моддий-техник база ва кадрлар билан боғлиқ жиддий муаммолар мавжудлигига эътибор қаратилди. 

Семинарда таҳририятларни иқтисодий жиҳатдан юксалтириш, газеталарни мазмунан бойитиш, савияси ва ўқишлилигини ошириш, журналистларнинг касб малакасини юксалтириш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди. Шунингдек, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди. 

Маълумот учун айтиш керакки, бугунги кунда мамлакатда 665 газета ўртача 4 миллион нусхада чоп этилишини инобатга олсак, босма нашрларнинг ўқувчиларни қамраб олиш даражаси анча паст экани ойдинлашади. Ўз навбатида, ушбу ҳолат босма нашрлар, айниқса, туман ва шаҳар газеталари учун иқтисодий жиҳатдан мураккаб вазиятни юзага келтирмоқда. 

Интернет тараққий этган айни ахборот замонида бу кўрсаткич Исландияда ҳар минг нафар аҳолига қарийб 796 газета тўғри келади ва бу дунё мамлакатлари орасидаги энг юқори кўрсаткичдир. Бу борада Япония 634дан зиёд кўрсаткич билан иккинчи ўринни эгаллайди. Осиё қитъасининг яна бир вакили – Жанубий Кореяда эса ҳар минг ўқувчига қарийб 450 газета тўғри келади. Хўш, Ўзбекистонда-чи? 

Бир томондан интернет журналистика ахборот маконини эгаллаётган, бошқа томондан обуна масаласи тобора оғирлашиб бораётган мана шундай мураккаб шароитда нима қилиш керак? Газеталар ададини қандай кўпайтириш мумкин? Қачонки, газета саҳифаларида ҳудудлардаги долзарб, аҳолини қийнаб келаётган ёки улар учун ҳам манфаатли бўлган мавзулар очиқ-ойдин ёритилса, мавжуд муаммолар юзасидан таҳлилий-танқидий материаллар мунтазам бериб борилса, шу билан бирга, фаолиятга ёндашувни ўзгартириб, бозор тамойилларидан келиб чиққан ҳолда, маркетинг ишлари тўғри йўлга қўйилсагина газеталар адади ортади. Бу эса босма нашрларнинг иқтисодий жиҳатдан мустақил бўлишини таъминлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид