Ўзбекистон | 18:06 / 15.10.2018
20633
5 дақиқада ўқилади

Эксперт фикри: Уйни бузганда фақат мулкдоргина компенсация олишга ҳақли

Сўнгги вақтларда Уй-жой кодексининг 27- ва 28-моддаларига киритилган ўзгартиришлар фаол муҳокама қилинмоқда. Уларга мувофиқ, ер участкасини давлат ёки жамоатчилик эҳтиёжлари учун олиш мақсадида уй (квартира) бузилганда компенсация фақат мулкдорга тақдим этилади. Бундан аввал мазкур моддалар нафақат мулкдорлар, балки уларнинг оила аъзолари ҳамда бу уйда доимий яшовчи фуқароларга ҳам компенсация тўланишини кўзда тутар эди.

Ушбу ўзгаришлар атрофида нима учун шунча гап-сўз чиқаётгани ва норозиликлар билдирилаётгани бироз тушунарсиз. Юридик нуқтайи назаридан, мазкур ўзгаришларни киритиш йўли орқали мулкдор билан доимий яшаб келаётган шахслар ҳуқуқлари бузилаётгани йўқ, лекин мулкдорнинг компенсацияга нисбатан қонуний ҳуқуқига аниқлик киритилмоқда ва кафолатланмоқда. Ўз позициямни қуйидаги далиллар билан изоҳлайман.

Биринчидан, Уй-жой кодексига ўзгартиришлар киритишдан олдин қонунчиликда бузиладиган уй ўрнига фақат мулкдорга компенсация берилишини кўзда тутувчи меъёрлар ўрнатилган эди. Хусусан, фуқаролар ҳуқуқий муносабатларининг барча соҳаларини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжати ҳисобланувчи Фуқаролик кодексида (206-модда) ер участкаси бузилганда мулкдорга (бошқа шахсларга эмас) етказилган зарарларни тенг қопловчи мулк тақдим этилиши белгиланган. Шунингдек "Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонуннинг 19-моддасида ҳам шундай меъёр  назарда тутилган.

Бундан ташқари, Уй-жой кодексининг 27-моддасига ўзгартириш киритилишидан олдин худди шу модда билан бузилаётган уй ва тақдим этилаётган уй баҳоси ўртасидаги фарқ мулкдорга (ёки тақдим этилаётган уй нархини оширган тақдирда мулкдор томонидан) компенсация сифатида тўланиши кўзда тутилганди.

Шундан келиб чиқиб, Уй-жой кодексига ўзгартириш киритиш йўли орқали қонунчилик ҳужжатлари тизими ўзаро мувофиқлаштирилганига оид хулоса қилиш мумкин. Шуни инобатга олиш лозимки, хориж (масалан, РФ, Озарбойжон, Қозоғистон) қонунчилигида ҳам ер участкалари бузилиши муносабати билан етказилган зарар фақат мулкдорга тўланади.

Иккинчидан, Уй-жой кодексининг 27- ва 28-моддаларида фойдаланилган тушунчалар қонунни амалиётда қўллаш жараёнида ноаниқлик ва номувофиқликларга олиб келарди. Ўзгартирилган модданинг аввалги таҳрирларида "шунингдек бу уйларда доимий яшовчи фуқароларга" тушунчаси қўлланган. Мазкур моддада ушбу уйларда доимий истиқомат қилувчи кишилар қандай жиҳатларга қараб аниқланиши (доимий прописка бўйичами ёки яшаш жойи бўйича) белгилаб берилган. Амалиётда уй бузилиш вақтида доимий пропискаси бўлган ва унда яшовчи шахслар ҳисобга олинган.

Бунда прописканинг мавжудлиги улар уй мулкдорлари ҳисобланишини билдирмайди. Прописка - фуқароларни рўйхатга қўйиш усули бўлиб, у шахсга муайян жойда яшаш ҳуқуқини беради. Бундан ташқари, бузиладиган уйда доимий яшовчи шахс қандай қилиб уй-жой мулкдори ҳисобланмай туриб, бу уй бузилишига компенсация олиши тушунарсиз.

Учинчидан, аввалги таҳрир ҳуқуқни суиистеъмол қилиш учун шароитлар яратган. Мулкдор ва уйда яшовчи шахслар ўртасидаги компенсацияларни ҳисоблашга доир қонуний белгиланган механизм йўқ эди. Компенсация суммасини қандай тақсимлаш кераклиги ноаниқ эди: бу уйларда яшовчи барча кишилар учун пропорционалми ёки фақат мулкдорнинг ўзига. Бунинг натижасида мулкдор ўзига тегишли компенсациянинг тўлиқ суммасини қўлга кирита олмас эди.

Эндиликда ер участкасини бузиш учун компенсация тўлаш тартиби аниқлаштирилди ва мулкдорлар томонидан ҳам, ҳокимликлар томонидан ҳам қонунбузарликларнинг олди олинишига йўналтирилди. Бундан кейин уй бузилиши муносабати билан компенсация тўлашга доир музокаралар фақат мулкдор билан олиб борилади ва компенсация тури танлови унга боғлиқ бўлади.

Таъкидлаш жоизки, ушбу ўзгаришлар бузилаётган уй мулкдорлари оила аъзолари ҳамда шу уйларда доимий яшовчи фуқаролар ҳуқуқларини камситмайди. Масалан, уй-жой баҳосига тенг кўчмас мулк тақдим этилаётганда бу уйларда доимий яшовчи фуқаролар ҳуқуқлари инобатга олинади, яъни тақдим этилаётган уй-жой майдони ижтимоий нормалардан кам бўлмаслиги керак. Ижтимоий нормаларга мувофиқ келувчи уй-жой тақдим этилган бўлса-ю, лекин бузилаётган уй тақдим этилаётган уйдан арзонроқ бўлса, у ҳолда мулкдор 5 йил давомида ўртадаги фарқни тўлаши керак. Агар бузилаётган уй тақдим этилаётган уйдан қимматроқ бўлса, у ҳолда фарқ мулкдорга компенсация сифатида тўланади.

Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, қонунчилик томонидан компенсациянинг адолатли тартиби ўрнатилган, яъни бузилаётган турар-жой учун унинг бозор нархи тўланади. Бундан ташқари, мулкдорнинг ер участкасини бузишга доир зарарлари (масалан, кўчиш билан боғлиқ харажатлар ва б.) қопланади.

Сўзим якунида шуни таъкидламоқчиманки, бугунга келиб давлат ва жамоатчилик эҳтиёжлари учун уй-жой бузилиши ҳолатларида мулкдорлар ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқлари қонунчилик билан ҳимояланган.

Мустақил эксперт
Комил Қаҳрамонов

Мавзуга оид