Жамият | 19:50 / 18.10.2018
23925
15 дақиқада ўқилади

«Ахлат титувчилар» - дунёни ўзгартиришга қодир журналистлар

Саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг Истанбулда ғойиб бўлиши журналистлик бежизга ҳаёт учун хавфли касблар орасида тилга олинмаслигини яна бир бор исботлади. Журналист жамият кўзгуси, ҳокимият ва халқ орасидаги кўприкдир. АҚШда оммавий ахборот воситалари халқни ижрочи, қонун чиқарувчи, суд ҳокимиятларининг тазйиқидан ва йирик корпорацияларнинг  ўзбилармонлигидан ҳимоя қилувчи қўриқчилар сифатида кўрилади.

Тарихда шундай журналистлар бўлганки, улар бутун бир мамлакатга, унинг халқига мисли кўрилмаган таъсир кўрсата олишган. «Kun.uz» ана шундай журналистлар фаолиятига назар солади.

Мунозара журналистикаси қироли

Хорас Грили
Фото: Kean Collection / Getty Images

1834 йилда Хорас Грили New Yorker журналига асос солади. Журнал Виглар партиясини фаол қўллаб-қувватлар, 1840 йилда Грили ҳатто сайлов кампанияларини ёритувчи Log Cabin ҳафталигига раҳбарлик ҳам қилганди.

1841 йилда у New York Tribune газетасини нашр қила бошлайди. Қисқа вақт ичида газетанинг кунлик адади 2 мингдан 10 минг нусхага етади. 1861 йилга келиб унинг адади 300 минг нусхани ташкил қиларди. Бу нашр Грилининг шахсий қарашларини акс эттирувчи минбарга айланди. Аммо унинг қарашлари АҚШ журналистикасидаги эркинлик руҳини шакллантирганди. Грили Ёввойи Ғарбга янги кўчиб келганларга бепул ер берилишини талаб қилган, меҳнаткашларнинг эксплуатация қилиниши, монополизм, ўлим жазосини танқид қилган, бойликларнинг бир неча  киши қўлида тўпланишига қарши чиққанди. Грили қуллар меҳнатидан фойдаланиш АҚШ жанубида бу мавзуни муҳокама қилиш тақиқлангани учун мавжуд деб ҳисобларди ва қулдорликка қарши мунтазам чиқишлар қилганди. У 1848 йилда «Матбуот эркинлиги – хавфсизлик ва ҳақиқий Эркинлик гарови» деб ёзганди.

Грили аҳолининг барча нарсадан хабардор бўлиши кўплаб ижтимоий муаммоларни ҳал қилиши мумкин деб ҳисобларди. У президентларни ҳам танқид қилишдан чўчимасди.

New-York Weekly Tribune, 1864
Фото: WikipediaУоте

Фуқаролар уруши даврида (1861-65) АҚШда матбуот эркинлиги бир неча марта тазйиққа учраганди. 1863 йилда юниончилар армияси генерали Амброз Бурнсайд ҳарбий операция ўтказишга зарар етказиши мумкин бўлган фикр ва қарашлар чоп этилишининг олдини олиш учун Chicago Times газетаси фаолиятини тўхтатишни буюради. Уч кундан сўнг президент Линкольн генералнинг бу қарорини бекор қилади. 1864 йилда бошқа бир генерал Нью-Йоркдаги иккита газетани ёптиради. Газеталар икки кундан сўнг яна ишлашда давом этади.

Америка тарихчилари Грилини ўз даврининг журналистика қонунчилигига асос солган инсон деб аташади – у ўқувчиларга имкон борича кўпроқ ахборот етказишга ҳаракат қилган - Tribune шов-шув кетидан қувадиган бошқа газеталардан шуниси билан ажралиб турган.

«Сариқ» матбуот қироли

Уильям Херст
© Фото : Bain News Service

Уильям Херст тарихда «Менга сурат чизиб берсанг бўлди, урушни ўзим бошлаб бераман» деган ибораси билан машҳур. Херст San Francisco Examiner газетаси эгаси бўлиб, 1890 йилларда бир нечта йирик газета ва журналларга асос солган. Ўша даврнинг энг яхши журналистлари унинг нашрларида ишлаган ва кейинчалик уларнинг айримлари бутун дунёга танилган: Марк Твен, Жек Лондон, Амброз Бирс, Ричард Гардинг Дэвис. Херст фаолияти чўққисида 28 газета, 18 журнал, бир нечта радиостанция ва киностудиялар хўжайини бўлган.

Херст газета бизнесини журналист суриштируви ва сенсация аралашмасига айлантирган.  Унинг исми «бульвар журналистикаси» атамасининг синонимига айланган. Унинг тонгги газеталарида «Кинопродюсер Херстнинг яхтасида отиб ўлдирилди» деган шов-шувли сарлавҳали мақола чиқиши, кечки газеталарда эса продюсер кучли ошқозон оғриғидан вафот этгани хабар қилиниши мумкин эди. У кам сонли миллатларни ёмон кўрар, нашрларидан ирқий кескинликни кучайтиришда фойдаланарди. Кўпчилик унинг Мексика инқилоби туфайли бу давлатдаги 800 минг акр дарахтзоридан ажралгани учун мексикаликларни кўргани кўзи йўқ деб ҳисобларди. Муаллифлардан бири Херст ҳақида: «У ўзининг узоқ ва шубҳали фаолияти давомида америкаликларни испанлар, японлар, филиппинликлар, русларга қарши қилиб қўйди ва манфур ниятини амалга ошириш учун ёлғон, сохта ҳужжатлар, уйдирмалар, шов-шувли карикатуралар ва суратларни чоп этди» деб ёзганди.

Унинг замондошларининг ёзишларича, Херст ўз нашрлари ададини ошириш учун испан-америка урушини келтириб чиқарган. Айтишларича, Херстнинг қўлида ишлайдиган рассом-иллюстратор Кубага хизмат сафарига юборилади. У Херстдан ортга қайтишга рухсат беришини, Кубада қизиқроқ ҳеч нарса содир бўлмаётганини айтади. Шунда Херст унга: «Ўша ерда қол. Менга сурат чизиб берсанг бўлди, урушни ўзим бошлаб бераман» деб жавоб қайтаради.

1898 йилда Гавана портида АҚШнинг Maine крейсери портлаши оқибатида ўнлаб денгизчилар ҳалок бўлади. Журналистларга бу фожиадан шов-шув ясамаслик тавсия қилинади. Аммо Херст бу воқеадан унумли фойдаланади. Унинг газетасининг биринчи саҳифасида «Урушми? Албатта!» деган сарлавҳа остида хабар чоп этилади.

Фош этувчилар қироличаси

Ида Тарбелл
Фото: Peoples.ru

20 аср бошларида Америка журналистикаси янги тушунча - макрэйкер (muckraker - «ахлат титувчи») атамаси билан бойиди. Бу сўз 1906 йил апрелида президент Теодор Рузвельтнинг чиқишидан сўнг оммалашди. У қатор журналистларни меъёрни билмаслик ва масъулиятсизликда айблаб танқид қилганди. Президент ижобий нарсани кўрмайдиган, фақат салбий нарсалар ҳақида ёзадиган қаламкашларни «ахлат титувчилар» деб атаганди. Президентни тушуниш мумкин эди. Матбуотда ҳар куни коррупция ва сиёсатчилар ҳамда йирик бизнесменларнинг ноқонуний ишлари ҳақида мақолалар чоп этиларди.

Ида Тарбелл илк ва машҳур макрейкерлардан бирига айланган. Бу аёл қудратли ва йирик Standard Oil нефть компаниясининг ноқонуний ишларини фош қилгани билан Америка журналистикаси тарихида қолган.

Фуқаролар урушидан сўнг АҚШ иқтисодиёти гуркираб ривожланиш босқичига кирганди. Нефть саноати ҳам гуллаб-яшнай бошлаганди. Standard Oil компанияси маҳаллий ҳукуматнинг бефарқлигидан фойдаланиб, кичик ва ўртача корхоналарни аста-секин «ютиб юборарди». 1880 йилга келиб компания АҚШда қазиб олинадиган нефтнинг 95 фоизини қайта ишларди. 1882 йилда Standard Oil асосчиси Жон Рокфеллер 40та корпорациядан иборат Standard Oil Trast гуруҳини ташкил этади.  

Ида Тарбелл бир неча йил давомида Standard Oil компанияси фаолиятини ўрганади. Бу вақт ичида у бутун мамлакат бўйлаб юриб, юз минглаб саҳифа ҳужжатларни ўқиб чиқади, Standard Oil ва унинг рақобатчиларининг ўнлаб ходимлари, мансабдорлар, юристлар, экспертлар билан суҳбатлашади.

У Standard Oil маҳаллий темирйўл компанияси билан махфий келишув тузганини, рақобатчиларига нисбатан сезиларли чегирмага эга эканлигини аниқлайди. Бундан ташқари, компаниянинг кўплаб ноқонуний ва ғирром ишларини очиб ташлайди. 1901 йилдан 1904 йилгача унинг бу мавзудаги ўн олтита мақоласи чоп этилади. Бу мақолалар йирик нефть саноати учун шов-шувли айблов эди.

Аввалига «Ит ҳурар, карвон ўтар» дея журналистнинг мақолаларига парво қилмаган Рокфеллер суд ҳукми билан трестини тарқатиб юборишга мажбур бўлади.

«Менда уларнинг бойлиги ва унинг миқдорига эътироз бўлмаган, мен корпорацияга қарши бўлмаганман. Улар янада йирик ва янада бой бўлишини истаганман – фақатгина қонуний йўл билан. Улар ғирром йўлни танлашганидан сўнг мен бунга мажбур бўлдим», деб изоҳлаганди журналист бу суриштирувлардан мақсадини.

Жамоатчилик босими остида АҚШ Конгресси Савдо вазирлигини ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилади. Вазирлик зиммасига монополияга қарши қонунга риоя қилинишини назорат этиш ҳам юклатилганди.

Кейинроқ Ида Тарбелл ҳукуматнинг ишчи ва истеъмолчилар манфаатларига зиён келтирадиган ва корпорацияларга имтиёз берадиган тариф сиёсатини фош қилади.  

Дарвоқе, Standard Oil воқеаси журналистикадаги яна бир амалиёт PR-кампанияга ибтидо бўлган. Тарбеллнинг мақолаларидан сўнг Рокфеллернинг обрўси тушиб кетади. Нефть магнати таниқли журналист Айви Лини ёллайди. Журналист бир нечта йирик газеталарда у ҳақида туркум мақолалар чоп этади. Мақолаларда асосий эътибор тадбиркор ва бой Рокфеллерга эмас, намунали эр ва ғамхўр ота Рокфеллерга қаратилганди. Бу ўз самарасини беради – Рокфеллер компаниясини сақлаб қололмаса-да, америкаликларнинг унга бўлган ишончи сақлаб қолинади.

Эстафета давомчиси

Эптон Билл Синклер
Фото: The Person

Тарбелл бошлаган марафонни адабиёт бўйича Нобель мукофоти олган биринчи америкалик бўлган ёзувчи Эптон Синклер давом эттиради. 1906 йилда «Чангалзор» романи чоп этилганидан сўнг унга ҳам «ахлат титувчи» ёрлиғи ёпиштирилади. У бу романида Чикагодаги кушхоналарнинг аҳволи ҳақида ёзганди (аниқ маълумотга эга бўлиш учун  Синклер кушхоналардан бирида ишлайди).

«Чангалзор» китоби орқали халқ кушхоналардаги антисанитария, одамлар истеъмол қиладиган гўшт маҳсулотлари қандай даҳшатли тарзда тайёрланиши ҳақида маълумотга эга бўлишади. Ўша йилиёқ жамоатчилик босими остида президент Рузвельт иккита федерал қонунга: гўштни назорат қилиш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ва дорилар сифати тўғрисидаги қонунларга имзо чекади.

Киришимли журналист

Жорж Линкольн Стеффенс макрейкерлар ҳаракатининг ёрқин намояндаларидан бири эди. У ҳарбий мактабда ўқиган, учта университетни битирган, фалсафа, ахлоқ, социология ва санъатни ўрганганди. Аммо барча касблар ичида журналистликни танлаган Стеффенс «Ивнинг Пост» газетасида ишлайди. Унинг ноёб қобилияти бор эди: Стеффенс жамиятнинг барча қатламидаги кишилар билан тил топиша оларди. Одамлар унга ишонар, ҳеч кимга айтмаган сирларини унган айтишарди.

У «Миннеаполисдаги шармандалик» ва «Питсбург – шарманда бўлган шаҳар» мақолаларида далиллар, ҳужжатлар асосида шаҳарлар ҳокимиятларидаги коррупция ва мансабини суиистеъмол қилиш ҳолатлари, давлат бошқарув органларини тозалаш ва демократлаштириш зарурлиги ҳақида ёзганди. Ушбу мақолалар чоп этилганидан сўнг таҳририятга мамлакатнинг барча бурчакларидан хатлар ёғилади. Хатлар муаллифлари Стеффенсни ўз шаҳарларига таклиф қилишган, у кўрган иккита шаҳардаги ҳолат дарёдан томчи эканлигини ёзишганди. Унинг номи шу даражада машҳур бўлиб кетадики, Стеффенс қайси шаҳарга келадиган бўлса, маҳаллий газеталар унинг ташрифи ҳақида олдиндан хабар беришарди. У амалдорлар билан суҳбатлашганида, уларни айбламас ёки мақтамасди. У тафсилотларга қизиқар, фактларни келтирар ва солиштирарди. 

Президентни истеъфога чиқарганлар

Ричард Никсон
Фото: TheQuestion.ru

Президент муддатидан олдин ваколатини топшириши АҚШ тарихида фақат бир марта – 1974 йил 9 августда содир бўлган. Бу президент Ричард Никсоннинг истеъфоси эди. Мазкур воқеага 1972 йилги сайловларда демократлар сайловолди штабининг ноқонуний тингловлар билан боғлиқ «Уотергейт иши» деб ном олган суриштирув сабаб бўлганди.

Washington Post газетасининг ёш икки журналисти Боб Вудворд ва Карл Бернстайн нафақат ўша яширинча тингловларнинг ташкилотчилари ва ижрочиларини, балки буюртмачи ва ташаббускорларини ҳам топиш учун икки йил вақт сарфлашганди.

Боб Вудворд ва Карл Бернстайн 
Фото: Дилетант

Матбуотда Никсонни фош қилувчи мақолалар чоп этилгач, Вудворд ва Бернстайнга турли босимлар бўлади: уларни сотиб олишга уринишади, ҳаттоки жисман йўқ қилиш билан таҳдид ҳам қилинади. Аммо журналистлар ортга қайтишмайди, «Чуқур томоқ» тахаллусли манба етказиб берган маълумотларни оммага эълон қилишда давом этишади. Орадан 30 йил ўтгач, бу манба ФҚБ директори ўринбосари Марк Фелт бўлгани маълум қилинди.

«Никсон маъмурияти давридаги Пентагон ва Уотергейт ҳужжатлари чоп этилиши сабабли келиб чиққан ички сиёсий низоларда мамлакат оммавий ахборот органлари ижроия ҳокимияти раҳбарига чорлов билан чиқишди ва уни мағлубиятга учратишди. Матбуот шу пайтга қадар Америка тарихидаги бирор муассаса, гуруҳ ёки муассасалар бирлашмаси уддалай олмаган ишни амалга оширишда муҳим роль ўйнашди – атиги икки йил аввал кўпчиликнинг овози билан сайланган президентни лавозимидан маҳрум қилишди», деб ёзганди америкалик тадқиқотчи Самюэль Хантингтон.

Иккинчи Ида Тарбелл

«Бир чақалик ҳаёт: Америкада қандай яшаш керак (мас) » китоби муаллифи, журналист Барбара Эренрейчни ҳамкасблари иккинчи Ида Тарбелл деб аташган. У дунёнинг энг бой мамлакатларидан бирида қонун билан кафолатланган бир соатлик иш учун энг кам тўлов ставкасига қандай яшаш мумкинлигини аниқлаш учун тадқиқот ўтказган (у тадқиқот ўтказган 1998 йилда мутахассис бўлмаган ишчилар учун соатига 6 доллардан ошиқроқ пул тўланган).

Эренрейч бир йил уй хизматчиси, меҳмонхона ходимаси, ҳамшира, официант ва дўконда сотувчи бўлиб ишлайди. У журналистик текширувидан сўнг шундай хулосага келади: Америкада энг кам иш ҳақига яшашнинг иложи йўқ (ундан кўра ишсизлик нафақаси олган яхши) ва ҳукумат бу борада чора кўриши керак.

Жамият жонкуярлари

Юқорида номлари келтирилганлар ўз ишларига садоқат билан ёндашишган, халққа ҳақиқатни етказишга бор куч-ғайратини аямай, узоқ ва қаттиқ меҳнат қилишган. Уларнинг меҳнатлари самараси ўлароқ кўплаб жиноятлар, салбий ҳолатлар фош этилган, айнан уларнинг меҳнатлари ортидан бу иллат ва камчиликларни бартараф этиш учун қатор қонунлар қабул қилинган.  

Newsday газетаси муҳаррирининг собиқ ўринбосари Роберт Гриннинг фикрича, «журналист суриштируви учта асосий унсурдан ташкил топади: журналист унгача ҳеч ким титмаган жойни титади; мавзу ўқувчи учун муҳим бўлиши лозим; суриштирувда фош этилиши мумкин бўлган далилларни жамоатчиликдан яширишдан манфаатдор кучлар мавжуд ».

Оммавий ахборот воситалари жамиятдаги яширин ярани кўрсатадиган, у газак олиб кетмасдан туриб давосини топишга чорлайдиган ташхисчилар, ҳеч ким кўрмаётган ёки кўрса ҳам эътибор бермаётган хатоларни кўрсатиб берувчилардир. Улар билан ҳамкорликда иш олиб бориш бугун учун ҳам, эрта учун ҳам фойдалидир.

Дилшод Асқаров
Kun.uz журналисти

Мавзуга оид