Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мева-сабзавот экспорти ислоҳоти учун янги қарор. Энди «Ўзагроэкспорт» монополияси чекланадими?
Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг 2016 йилнинг 7 апрель кунги қарори билан «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси таркибида янги ва қайта ишланган мева ва сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси – «Ўзагроэкспорт» акционерлик жамияти тузилганди. «Ўзагроэкспорт» Ўзбекистонда мева-сабзавот экспорти соҳасидаги гегемон ташкилотга айланди.
Бу ташкилотнинг туғилиши соҳада фаолият юритувчи тижоратчилар учун мисли кўрилмаган чекловлар ўрнатилиши билан бирга кечди. Бозор иқтисодиёти асосларидан хабардор кишилар тушунишди – соҳанинг устидан «маймунлар йиғлаши» тайин эди. Шундай ҳам бўлди. Қайсидир соҳада монополия ўрнатилиши соҳани тезда дафн этиш билан баробар экани яна бир бор ўз исботини топди. Бели оғримаган мансабдор деҳқон етиштирган маҳсулотнинг ғамини емаслиги ва ҳеч қандай қарорлар унда бундай ғамни пайдо қилолмаслиги ҳақиқати аксиомага айланди. Биргина Сурхондарё вилоятида гектар-гектар майдонларда деҳқон машаққатлари билан етиштирилган пиёз йиғиштирилмай далада қолиб кетди. Мониторинглар ўтказилмаслиги натижасида минглаб деҳқон оилалар кўрган моддий ва маънавий зарарлар ҳажмини ҳеч ким эсламади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18 октябрь куни эълон қилинган «Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги янги қарори вазиятни тубдан ўзгартиришга бўлган ироданинг белгиси экани кўриниб турибди. Ҳужжатга кўра, мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш механизми анча соддалаштирилган. Энди юридик шахслар уни дастлабки тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда экспорт шартномасини сиёсий ва тижорат хавфларидан суғурта полисисиз экспорт қилишлари мумкин. Шу йилнинг август ойидан бошлаб бундай маҳсулотларнинг экспорти бўйича нарх белгилаш тартиби ҳам ўзгарганди.
Қолаверса, тадбиркорлик субъектлари улгуржи савдо қилиш лицензиясига эга бўлмасдан мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади, экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари божхона кўригидан ўтказилмайди.
Дунёда тобора талаб кучайиб бораётган сифатли мева-сабзавот маҳсулотларини етиштиришнинг улкан салоҳиятига эга мамлакатимиз учун бу соҳанинг аҳамияти нафақат мамлакатга валюта жалб қилиш билан, балки қишлоқларда ишсизлик ҳажмини камайтириш, ўзга иқтисодиётлар учун арзон ишчи кучи бўлиб хизмат қилаётган қишлоқ ёшларини ватанда, ўз оилаларининг олдида меҳнат қилишлари учун муҳим омил экани билан ўлчанади.
Соҳанинг ўзига хослиги шундаки, бошқа соҳаларда ишчи ўрнини юзага келтириш бир қанча комплекс ҳаракатларни, корхона ва ишлаб чиқариш тизимларини яратишни тақозо қилса, мавжуд ҳолатимизда мазкур соҳа ёрдамида ёшларни ишли қилиш бундай тадбирларни талаб этмайди. Дастлабки босқичда биргина талаб – жараёнга ножўя аралашиб халақит қилмаслик, тўсиқлар қўймаслик. Зеро, деҳқон-савдогар тандеми азалдан унумли бўлган ва ўзининг инсониятни егулик билан таъминлаш миссиясини муваффақият билан бажариб келган. Давлатнинг бу ердаги бош ташвиши – соҳага аралашиб унга зарар етказиб қўймаслик бўлмоғи лозим. Бунинг уддасидан чиқишининг ўзи соҳага кўрсатилган кўмак бўлиб, бундан кейингина бошқа кўмак чоралари долзарблик ҳосил қилади.
Масалан, Ташқи савдо вазирлигига юклатиладиган қўшимча функциялар қаторига «мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш» белгиланаяпти. «Мувофиқлаштириш» тушунчаси кенг бўлиб, идораларнинг фаолиятига нисбатан қўлланганда аниқликни талаб этади. Зеро, аниқлик бўлмаса, ножўя аралашув ҳоллари ҳам ҳар гал «мувофиқлаштириш»га кириб кетаверади.
Ўзининг қаровсиз ҳолатида ҳам, йўлларга муттасил ғовлар қўйилганда ҳам нафақат халқ дастурхонини таъминлаб келаётган, балки қўшни бозорларни ҳам «қуруқ қўймай» келаётган мазкур соҳага бироз эркинлик ва имкон берилса, ҳеч ким кутмаган натижалар бўлиши, меҳнат миграцияси оқибатида қишлоқларимизда юзага келган ижтимоий-маънавий аҳволга ижобий таъсир этиши тайин.
Умид қиламизки, бугунги қарор мазкур – бозор ва воқелик тақозо қилиб турган омилларнинг аҳамияти ўз ўрнида эътиборга олингани бўлиб, соҳа фаолиятини эркинлаштиришга қараб йўналиш олинади, соҳанинг эртаси эса серҳосил бўлади.
Шокир Шарипов