Ўзбекистон | 15:06 / 30.10.2018
29923
2 дақиқада ўқилади

Мактаблар ошхонасида қандай таомлар тақиқланган?

Фото: РИА Новости

Ўзбекистон Республикаси бош давлат санитария врачининг 2010 йил 18 сентябрдаги “Республика умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг хавфсиз овқатланишини ташкил қилишини таъминлаш тўғрисида”ги 8-сонли қарорига мувофиқ умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларнинг ошхона ва буфетларида тақиқланган таомлар рўйхати шакллантирилган.

Санитария-эпидемиология назорати матбуот хизмати хабарига кўра, рўйхатга қуйидагилар киритилган:

гамбургер, чизбургер, хот-дог, булочкадаги сосиска ва колбаса, чипс, кириешка, хрустяшка, сақич, кока-кола, фанта ҳамда бошқа турдаги газланган рангли ичимликлар, яроқлилик муддати тугаган ва сифати кафолатланмаган озиқ-овқат маҳсулотлари, бир кун олдин тайёрланган овқат ҳамда унинг қолдиқлари, ветеринария назоратидан ўтмаган гўшт, балиқ ва товуқ гўштлари, уйда тайёрланган барча озиқ-овқат маҳсулотлар ҳамда таомлар, дастлабки ишлов берилмаган ва пастеризация қилинмаган сут ҳамда сут маҳсулотлари.

Ушбу маҳсулотларнинг сотилишига йўл қўйилмаслиги таълим муассасалари раҳбарларига юклатилганига, ДСЭНМ ходимлари томонидан ўрнатилган тартибда назорат ишлари ўтказилишига қарамасдан айрим ҳолатларда ушбу қарорнинг бузилиши кузатилмоқда.

“Шу боис, умумтаълим муассасаларининг ошхоналарида маҳсулотларнинг сотилиши устидан ота-оналарнинг жамоат назоратида қатнашишини мақсадга мувофиқ деб биламиз”, - дейилади ДСЭНМ хабарида.

Мавзуга оид