Жамият | 11:42 / 16.11.2018
33352
3 дақиқада ўқилади

“Қиш келгани сари ҳар бир кунни ҳадик билан ўтказяпман”. Бошпанаси таъмирталаб ўзбек аёли

Ўзбек аёлининг бардоши, сабр-тоқати асрлар давомида синалган, адиблар асарларида мадҳ этилган. Матонатли ўзбек аёлларини бугун ҳам учратишимиз мумкин. Шундай аёллардан бирининг хонадонига ижодий гуруҳ билан ташриф буюрдик.

Youtube'да кўриш

Mover'да кўриш (tas-ix)

Эсингизда бўлса, аввалги хайрия акциялари орқали Дилноза Полвонова моддий кўмак сўраган эди. Мақоламизда аёл учун бошпана қилишга, 4 фарзандининг камолга етиши учун шароит яратишга ёрдам беришларини сўраб халққа мурожаат қилган эдик. Шундан сўнг, йиғилган маълум миқдордаги маблағдан сўнг, оила уйнинг дастлабки қурилишларини бажарди. Лекин олдинда қилинадиган ишлар жуда кўп.

«Аллоҳга шукр, олдинги берилган ёрдам эвазига, қўлдан келганча, қурилиш қилдик, ғиштларни тердирдик. Лекин бу ёғига қўлим калталик қилмоқда. Бозорда сабзавот сотардим. Ўғлим Равшанбекнинг протези безовта қиляпти. Бу ёқда қизимнинг ўпкаси касал. Хўжайиним руҳий хасталиги сабаб, бир неча бор ўз жонига қасд қилмоқчи бўлди. Чорасизликдан бошим қотиб қолди. Қиш яқинлашгани сари юрагим ҳадикда. Том ҳали ёпилмаган. Шиферга, уста ҳақига маблағим йўқ. Соғ бўлсангиз, емай-ичмай тўплай оларкансиз. Лекин хаста бўлсангиз-чи? Дўхтирга ишинг тушмасин экан...» — дейди оила муаммоларини ёлғиз ўз гарданида кўтараётган муштипар аёл.

Аёл билан суҳбатимиз давомида турмуш ўртоғининг соғлиғидан ҳам ҳол сўрадик. Аммо ҳали ҳам вазият ўзгаришсиз: турмуш ўртоғи жигар циррози, бу ҳам камлик қилгандай, руҳий хасталикдан азият чекмоқда. Шу сабаб оила бошлиғи меҳнат қилиш, пул топиш, борингки, рўзғор тебратиш имкониятидан мосуво! Бир тарафда хўжайини ва фарзандларининг хасталиги, иккинчи тарафда эса  турар жой муаммоси... Эво-оҳ!

Уйнинг тўлиқ қурилиши, фарзандларининг даволанишига энг зарур дори-дармонлар учун аёлга маблағ зарур. Ноиложликдан яна бизга мурожаат қилишга қарор қилибди.

«Онам билан бозорга чиқдик. Таътил вақтида ҳар куни тонг саҳарда чиқиб кетиб, кечгача юриб савдо қилардик. Уйда бўлсак, қурилиш ишларини қилишга ёрдам бердик. Лекин мактаб вақтида дарсимизга борамиз», – дейди ўғли Равшанбек.

Хайр-саховатни ҳар куни эмас, ҳар лаҳзада қилувчи меҳрибон халқимизга ишонган ҳолда хайрли ишни бошлашга қарор қилдик. Азизлар, бардошли ўзбек аёлини дунё синовларидан ўтиб, фарзандларининг касб-у камолини кўришига сабабчи бўлайлик. Зеро, қилган ҳар бир савобли амалимиз боқий дунёмиз иморати учун бир ғишт бўлса не ажаб!

Ушбу хайрия керакли маблағлар йиғилганлиги сабаб тугатилди. Мурувватли халқимизга ижодий гуруҳимиз ўз ташаккурини билдиради!

Баҳодир Аҳмедов тайёрлади

Баҳодир Аҳмедов
Тайёрлаган Баҳодир Аҳмедов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид