Иқтисодиёт | 15:24 / 22.11.2018
21260
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон валюта конвертацияси жараёнини либераллаштирди, аммо бошқа масалалар ҳам ечимини кутмоқда - мутахассис

​90-йиллар ўртасидан то 2017 йилга қадар амалда мавжуд бўлган миллий валютанинг конвертация қилиш билан боғлиқ муаммолар туфайли Ўзбекистон халқаро савдо учун ёпиқ мамлакатга айланганди. Импорт ва экспорт амалиётида эса кўп тўсиқлар мавжуд эди. Валюта айирбошлаш жараёнини либераллаштириш ана шу тўсиқлардан бирини олиб ташлади, аммо соҳада ечимини кутаётган масалалар ҳали кўп, деб ҳисоблайди БМТ Тараққиёт дастури маслаҳатчиси Зиёдулло Парпиев. 

22 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги Wyndham меҳмонхонасида ташкил этилган «​Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар рақобатбардошлигини ошириш ва ташқи савдони рағбатлантириш йўллари» мавзусидаги халқаро илмий-амалий семинар иштирокчиси Зиёдулло Парпиевга кўра, Президент ушбу тўсиқларни енгиб ўтиш билан бирга, Ўзбекистоннинг Жаҳон банки Doing Businees рейтингида кучли йигирматаликдан ўрин эгаллаши борасида аниқ вазифаларни белгилаб берган. 

«Сўнгги даврда Ўзбекистон мазкур рейтингдаги мақомини анча яхшилаб олди. Масалан, 2012 йилда мамлакат 166-ўринда эътироф этилган бўлса, 2018 йилга келиб, Ўзбекистон 190 мамлакат орасида 74-поғонага кўтарилиб олди​. Бундан ташқари, у бизнес учун қулай шароит яратиш борасида ислоҳотларни давом эттираётган мамлакатларнинг кучли 10лигида эътироф этилди», - дейди мутахассис. 

Парпиевнинг айтишича, Doing Businees рейтингида Ўзбекистон 2019 йилги кутилмаларга мувофиқ, 2 поғона пастлаган. Рейтинг эса 10та индикатор баҳосидан келиб чиқиб тузилади. Ана шу индикаторлардан бири -  «​Халқаро савдо» бандига кўра, Ўзбекистонда вазият сўнгги йилларда ўзгармай келмоқда. Мамлакат ушбу банд бўйича 190 мамлакат ичида 165-ўринда келмоқда. 

Статистикага кўра, авто эҳтиёт қисмларни импорт қилиш чоғида Ўзбекистон божхона қоидалари бўйича ҳужжатларни расмийлаштиришга 174 соат ва тахминан 292 АҚШ доллари сарфланади. Бу борада тадбиркор Австрияда ҳеч қандай маблағ ва вақтни йўқотмаслиги мумкин. 

Шу туфайли божхона маъмурий бошқаруви ва бизнес-иқлимни яхшилаш учун жараёнлар (карантин ва фитосанитар хизмати)автоматлаштирилмоқда.  Божхона юк декларациясини электрон расмийлаштириш 2014 йилда жорий этилди. Божхонада хавфни бошқариш тизими қўлланмоқда. У маълумотларни тўплайди, таҳлилдан ўтказиб, божхона ходимига самарадор қарор қабул қилиши учун аниқ маълумотларни тақдим этади. Тизим билан юкларни кўздан кечириш жараёнидан 100 фоиз воз кечиш ҳам мумкин.

Мавзуга оид