Ўзбекистон | 21:43 / 28.11.2018
5957
4 дақиқада ўқилади

QS рейтинг агентлигининг Марказий Осиё бўйича директори Ўзбекистон академик ҳамжамиятига мурожаат қилди

Зоя Зайцева

Quacquarelli Symonds (QS) агентлигининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Зоя Зайцева Ўзбекистоннинг академик ҳамжамияти ва иш берувчи компанияларини QS сўровномаларида фаол иштирок этишга чақирди, дея хабар беради  Kun.uz мухбири.

 «Халқаро университетлар рейтинглари нуқтаи назаридан, ўйлашимча, яқин 2-3 йилда илк натижаларни қўлга киритамиз. Нима учун кейинги йил эмас? Биз халқаро университетлар рейтингларини тузишда фойдаланадиган индикаторлар, яъни академик нуфуз, иш берувчилар орасидаги нуфуз, Scopus базаси маълумотлари қўлланувчи библиометрик кўрсаткичлар – булар 5 йил давомида тўпланувчи маълумотлар. Қайд этиш индексига келадиган бўлсак, бу 6 йиллик даврни ўз ичига қамраб олади. Албатта, нисбатан яқинда бу жараёнга қўшилган мамлакатлар университетлари учун овоз йиғишнинг илк даври кечмоқда.

Базамизнинг эксперт сўровномаларида ўзбекистонлик экспертлар кам. Шу боис Ўзбекистон академик ҳамжамияти ҳамда иш берувчи компаниялар вакилларини сўровномаларда фаол иштирок этишга чорлайман. Зеро дунё ҳали Ўзбекистоннинг университетларини баҳолай олиш даражасида яхши билмайди, уларни сиз ва қўшниларингиз яхши биласиз. Айни дамда академик ҳамжамият олдидаги энг муҳим вазифа – халқаро миқёсда ўз университетларини танитиш ишларини кенг олиб бориш ҳамда иш берувчилар билан алоқаларни мустаҳкамлаш», - дейди QS агентлигининг минтақавий директори.

QS иш берувчи компанияларнинг университетлар ҳақидаги фикрини қабул қилувчи ягона халқаро рейтинг ҳисобланади. Иш берувчилар рейтингда овоз бериш ҳуқуқига эга, чунки улар - хизматлар истеъмолчисидир, зеро олийгоҳ битирувчиларни улар ишга қабул қилади, шундай экан, ОТМлар берувчи билим ва кўникмалар сифатини улар тўғри баҳолай олади.

Зайцеванинг сўзларига кўра, глобал рейтинг учун иш берувчи овози вазни - 10 фоизни, академик ҳамжамият вазни эса умумий баҳоларнинг 40 фоизини ташкил қилади. Предмет рейтингларида Ўзбекистоннинг университетлари бир неча йилдан кейин пайдо бўлиши кутилмоқда. Унинг вазни умумий баҳонинг 90 фоизини ташкил қилиши мумкин. Бу ушбу рейтингга киришнинг нақадар муҳимлигини яна бир бор тасдиқлайди.

«Шубҳасиз, академик ёзувлар маданияти эндигина пайдо бўлмоқда, лекин умид қиламанки, яқин йилларда бу жуда фаол ривожланади. Шундай экан, кутамиз, умид қиламиз ва ишонамиз! Яқин йилларда минтақавий ва предмет рейтингларда Ўзбекистон ажойиб натижаларни кўрсатишини кутиб қоламиз», - қўшимча қилди у.

Бундан ташқари, Зоя Зайцева тақдирланган олимлар орасида аёлларнинг ҳам борлиги хорижий экспертларнинг Ўзбекистонда илм-фан билан фақат эркаклар шуғулланишига оид стереотипини йўққа чиқади.

«Ўзбекистонда бундай муҳим воқеанинг рўй бериши бу ерда илмий мактаб мавжудлигини яна бир бор тасдиқлайди, бугун биз бунга гувоҳ бўлдик. Шахсан мен мукофотланган олимлар орасида аёлларнинг ҳам борлигидан жуда қувондим, чунки бу хорижий ҳамкасбларимнинг “Ўзбекистон – консерватив мамлакат ва бу ерда фақат эркаклар илм билан шуғулланиши”га оид стереотипини йўққа чиқарди», - дейди Зайцева.

Бундан аввал Kun.uz’да йилнинг энг яхши олимларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтгани ҳақидаги мақола тақдим этилган эди.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид