Light | 17:40 / 01.12.2018
18660
5 дақиқада ўқилади

Истанбулга Turkish Airlines’да парвоз ва қизиқарли саёҳат

Ўзга юртга бориб, унинг тарихи, яшаш тарзи, ютуқлари билан танишиш бошқача...  

Туркия сафари. 1- кун

“Турк ҳаво йўллари”(Turkish Airlines) авиакомпанияси ўзбекистонлик бир гуруҳ журналистларни парвоз завқини туйиб, дунёнинг энг нуфузли авиакомпанияларидан бири бўлган компаниянинг тизими, унинг бугуни ва келажаги билан танишишга таклиф этди.  Ҳамроҳларимиз билан A330 Airbus’ига ўтирдик. “Бизнес-класс” дея аталмиш салонда авиапарвозлар учун бугунги кун талаби қандай бўлишини тушуниб оласиз. Ўриндиқлар сиз истаган ҳолатга келиши мумкин, ҳатто ёнига жойлашган мурувват ёрдамида дам олиш креслосига ҳам айланар экан. Таомлар сифати, стюардлар томонидан кўрсатилаётган хизматлар эса аъло даражада. Қулайликлар оғушида Истанбулга қандай бориб қолганимизни ҳам сезмай қолибмиз.

Саёҳатимиз икки қисмга бўлинган бўлиб, биринчи кун Истанбулнинг диққатга сазовор жойлари билан танишиш бўлса, иккинчи кунга “Турк ҳаво йўллари” компаниясидаги учувчилар тайёрлаш маркази, хизмат кўрсатиш ва овқатланиш жойларига экскурсия режалаштирилган эди.

Биринчи кун яхтада Босфор бўғозидан узоқлашиб, денгизга чиқдик. Тўлқинлари мавжланган денгиз таассуротлари бир жаҳон. Эртакнамо бўғознинг барча кўринишларини тасвирга олиб завқланасан киши.

Асрлар давомида гўзаллигини сақлаб қолган, машҳур Аё София билан танишиш асносида кўҳна замин тамаддунини ҳис қиласиз. Сайёҳлар билан тўла Кўк масжид эса улуғвор ва файзли. Йўлбошловчи (“Гид”) қадимдан сўзлайди. Тасаввурингизда минг йилликлар ичидаги қадим шаҳар ва архитектура дурдоналари билан рўй берган суронли йиллар гавдаланади.

“Султон Аҳмад кўфтахонаси” бизга турк миллий таомлари санъат даражасида тайёрланишини намоён қилди, десак муболаға бўлмас.

Турклар ўз тарихини ҳурмат қилишни уларни асраб-авайлашлари билан исботлаб берган. 1660 йили  Турхон Султон томонидан қурилган зираворлар бозори бунга яққол мисолдир. Ширинлик ва зираворлар билан донғи кетган бозорни “Миср Чорсуси” дея номлашган.  Бу жойда ҳам бутун дунёдан келган сайёҳлар ғужғон. Қўли-қўлига тегмай савдо қилаётган турк савдогарлари айнан миллий анъаналарини сақлаб авайланганининг “меваларини термоқда”.  

2-кун

Матбуот ходимлари учун “Турк ҳаво йўллари” авиакомпанияси очиқ экан. Компаниянинг учувчилар тайёрлаш марказида дунёнинг кўп давлатлари учун мутахассислар тайёрланади. Ходимлар бизнинг гуруҳни очиқ юз билан кутиб олиб, барча жараённи кузатиш, суратга олишга рухсат берди. Ҳатто, ўқув самолёти симуляторида учувчи вазифасини ҳам бажариб кўрдик.

Мутахассислар тайёрлаш жараёни, фавқулодда ҳолатларда экипажни қутқариш  машғулотлар залида ҳам бўлдик.

Компания вице-президенти Тунжай Эминўғли биз билан матбуот анжумани ҳам ўтказиб, “Турк ҳаво йўллари”нинг босиб ўтган тараққиёт йўли, бугуни ва келажаги ҳақида маълумотлар билан ўртоқлашди.

Вице-президент икки давлат ўртасидаги илиқ муносабатлар ҳар томонлама фойдали бўлаётгани, икки давлат ўртасида ҳафтасига 10 марта авиақатнов амалга оширилаётгани компания учун катта масъулият ва муҳим эканлигини  таъкидлаб ўтди. Келаси йил апрель ойидан кунига икки марта авиақатновлар йўлга қўйилиши ҳақидаги маълумотларга эга бўлдик.

Сўнг, “Турк ҳаво йўллари” овқатлантириш ва хизмат кўрсатиш бўлими Do&Co’га бориб,  жараён билан танишдик.

Шундай қилиб, денгиз ҳавосидан нафас олиб яшнаб турган Истанбул билан хайрлашгач, яна аэропорт, мароқли парвоз ва яна қадрдон Тошкентдамиз.  

Якун

Медиа-тур давомида, дини, тили бизга яқин бўлган Туркия халқи яшаш тарзининг айрим жиҳатларинигина кўрган бўлсак керак. Рости, уларнинг инсонларга, сайёҳларга нисбатан ҳурмат билан муомалада бўлиши билан биргаликда, атрофини ўраб турган табиатга, ҳайвонот дунёсига ўзгача меҳр билан муносабатда бўлишига ҳавас қилдик.

Элмурод Эрматов,
KUN.UZ мухбири.
Тошкент-Истанбул-Тошкент

 

Мавзуга оид