Жамият | 20:27 / 24.12.2018
45776
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги оилаларда нотинчликка нима сабаб бўлмоқда?

Фото: Shutterstock

Ўзбекистондаги оилаларнинг нотинчлик сабаблари аниқланди. Унга кўра, энг кўп хавотирли ва нотинчликни келтириб чиқараётган омил моддий етишмовчилик экани маълум қилинди. Бу ҳақда «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ҳисоботида маълум қилинган. 

24 декабр куни «Пойтахт» ишбилармонлар марказида Пресс-клубнинг навбатдаги пресс-қаҳва форматидаги учрашуви бўлиб ўтди. Унда журналистлар билан очиқ мулоқот ташкил этган, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази раҳбари Дилором Тошмуҳаммедова оила масалалари бўйича айрим рақамларни ошкор этди. 

Foto: Дилором Тошмуҳамедова – «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази раҳбари

«Наманган вилоятининг Тўрақўрғон тумани ва Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида оила масаласига оид илмий-амалий тадқиқот ўтказилди. Тажриба-синов тариқасида танлаб олинган туманларда олиб борилган ишлар натижалари бўйича йўл харита ишлаб чиқилди. Шунингдек, 15730дан ортиқ нотинч оила аниқланиб, ҳар бир оила билан алоҳида иш олиб борилиши назарда тутилган», – дейди марказ раҳбари. 

Маълум қилинишича, оилаларнинг нотинчлик сабаблари орасида моддий етишмовчилик (39,3 фоиз) етакчи бўлмоқда. Бундан ташқари нотинчликни келтириб чиқарувчи омиллар сирасига спиртли ичимлик ёки гиёҳвандликка ружу қўйиш (14,5 фоиз), доимий оилавий жанжаллар (25,9 фоиз), муқим турар жой йўқлиги (5,7 фоиз) кирган. Бошқа сабаблар туфайли оиланинг нотинч эканлиги (14,5 фоиз) ҳам аниқланган. 

Марказ тарқатган хабарга кўра, 3 мингга яқин нотинч оилаларнинг муаммолари ҳамкор ташкилотларга йўналтириш орқали ечими топилди. Жумладан, уларнинг 23 фоизига моддий ёрдам, 8,8 фоизини уй-жойини таъмирлаш, 15,1 фоизини ишга жойлаштириш, 9,9 фоизига даволаниш, 6,1 фоизига даволанишга ордер олиши, 3,8 фоизи чорва моллари, 7,6 фоизига ҳужжатлари (паспорт, гувоҳнома, уй ҳужжатлари) масаласида, 5,5 фоизига ҳомийлар маблағи йўналтириш, 11,9 фоиз оилаларга бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатилди. 

2018 йил давомида 23554 нафар ажралиш арафасида турган жуфтликлар яраштирилгани айтилди. 

Маълумот учун, 2018 йил 2 февралда қабул қилинган «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармонида оила институти соҳасида устувор йўналишлар ва муҳим вазифалар белгилаб берилганди. 

Шунга кўра, «Оила» маркази жамиятда оила институтини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, жамиятда замонавий намунали оила мезонларини жорий этиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш соҳасида республиканинг етакчи илмий-тадқиқот эксперт муассасаси сифатида ташкил этилди.

Мавзуга оид