Ўзбекистон | 09:56 / 28.12.2018
11931
3 дақиқада ўқилади

Тиббиёт муассасаларида етишмаётган юқори малакали ходимлар сони маълум қилинди

Фото: parliament.gov.uz

2018 йил 27 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасида республикадаги тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежларида тиббиёт соҳаси бўйича кадрлар тайёрлаш масалаларининг муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Қайд этилишича, аҳолига тиббий хизмат кўрсатаётган тиббиёт муассасаларида юқори малакали мутахассисларга бўлган кучли эҳтиёж, кадрлар етишмовчилиги ҳали-ҳамон долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Бугунги кунда республикадаги 7 та олий таълим муассасаси ва уларнинг 4 та филиалида 27352 нафар (75,3 фоизи тўлов контракт асосида) талаба таълим олмоқда. Уларга 3159 нафар профессор-ўқитувчи дарс бермоқда. Уларнинг ўртача ёши 46 ёш. Илмий салоҳият 34 фоизни ташкил этиб, илмий даражалиларнинг ўртача ёши 48-50 ёшни ташкил этади.

Тиббиёт муассасаларида етишмаётган юқори малакали тиббиёт ходимлари сони 4200 дан ортиқни ташкил этади. Республика бўйича жорий йилда 5000 га яқин йигит-қиз тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртини тамомлаши кутилаётган бўлса-да, уларнинг сони ҳудудлар бўйича мавжуд эҳтиёжга мос келмайди. Масалан, Наманган ва Фарғона вилоятлари бўйича битирувчилар сони ушбу вилоятлардаги тиббиёт мутахассисларига бўлган эҳтиёжнинг атиги 30 фоизини қоплагани ҳолда, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри бўйича битирувчилар сони амалдаги эҳтиёждан 8-10 баробар кўпни ташкил этмоқда. Бундай таҳлилни мутахассисликлар ҳамда туман ва шаҳарлар кесимида олинадиган бўлса, масала бундан ҳам ўткирлашади.

Бугунги кунда тиббиёт олий таълим муассасаларида олиб борилаётган амалий, лаборатория машғулотларининг зарур моддий-техника базаси умумий амалиёт шифокори эгаллаши лозим амалий кўникмаларни тўлиқ эгаллаш имконини бермайди. Амалий кўникмаларни эгаллаш учун зарур асбоб-ускуналар, лаборатория жиҳозлари ҳам маънавий, ҳам жисмонан эскирган. Аксарият ўқув бинолари қайта таъмир ва реконструкцияга муҳтож, маъруза хоналари етишмайди. Тиббиёт ОТМлари Ахборот-ресурс марказларининг фанлар бўйича дарслик ва ўқув қўлланмалар билан таъминланиш даражаси талабга жавоб бермайди.

Шунингдек, мамлакатдаги жами 78 та тиббиёт коллежидаги жами 7541 нафар педагогдан 4 нафари фан доктори, 39 нафари фан номзодидир. 2019-2020 йилларда тиббиёт коллежларини 64344 нафар ўқувчи битириб, меҳнат бозорига кириб келиши кутилмоқда. Коллежларнинг 31 таси мослаштирилган бинода жойлаштирилган бўлиб, ҳозирги вақтда барча тиббиёт коллежлари капитал таъмирга муҳтож.

Йиғилишда янги тиббиёт мутахассисликларини очиш, профессор-ўқитувчилар малакасини хорижий давлатларда амалга ошириш тизимини такомиллаштириш, илмий салоҳиятни юксалтириш, соҳага оид ҳуқуқий базани замон талаблари асосида такомиллаштириш масалалари ҳам чуқур муҳокама этилди.

Мавзуга оид