Иқтисодиёт | 08:16 / 04.01.2019
23497
8 дақиқада ўқилади

Зафар Ҳошимов: солиқ олишнинг янги тартибига қарамасдан, чакана савдодаги нархлар ўзгаришсиз қолган 

Фото: Халқаро пресс-клуб

2 январь куни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида давлат органлари вакилларининг айрим тадбиркорлар билан учрашуви бўлиб ўтди. Таклиф этилганлар орасида таниқли бизнесмен, Korzinka.uz тармоғининг асосчиси ва раҳбари Зафар Ҳошимов ҳам бор эди, у учрашув ҳақида ўз фикрларини баён этиб ўтди.

Молия вазирлигида жуда муҳим учрашув бўлиб ўтди. 

Молия вазирлиги, Солиқ қўмитаси раҳбарлари ва давлатимизнинг бошқа иқтисодий ҳамда молия ташкилотлари раислари тизимли чакана савдонинг солиққа тортишнинг янги тизимига ўтказилиши жараёнини муҳокама қилиш учун йиғилишди. Молия вазири учрашув аввалида солиқ ислоҳотининг қабул қилинган чора-тадбирлари ва принциплари тўғрисида қисқача гапириб ўтди. У, шунингдек, ўтмишда давлат солиқ сиёсати асоси сифатида қурилган йўлнинг охири бўлмагани, имконсизлигини таъкидлар экан, айни дамдаги солиқ сиёсатида амалга оширилган янгиликларни асослаб берувчи бир қатор омилларни санаб ўтди, давлат органлари фаолиятида мамлакат иқтисодиётига тааллуқли барча масалаларда ўсиб бораётган очиқлик, шаффофликни қайд этди. 

Агар ёдингизда бўлса, 2018 йил якунлари бўйича яқиндагина ёзган постларимнинг бирида ҳам ана шу макроиқтисодий ҳамда статистик маълумотларнинг шаффофлиги ва очиқлигини ҳам ўтган йилда эришилган натижалар сафига киритган эдим. 

Менимча, бундай учрашувдан кўзланган асосий мақсад, биринчи галда, тадбиркорлардан янгилик ва ўзгаришларни жорий этиш жараёни қандай бошланганини билиш, бозор ҳамда истеъмолчиларга вазият тўла назоратда эканлиги хусусида ўзига хос ишончли бир белги беришдан иборат эди. 

Аксарият муштарийларимизга аёнки, таркибида ҚҚС нархи қайд этилган касса чеклари кеча ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларнинг марказида турди. 

Кўпчилик фойдаланувчилар шошма-шошарлик билан буни нархларнинг устига яна 20% қўшилиши, деб хато фикр юритишди. 

Кеча бизнинг харид чекларимиз мазкур виртуал муҳокамаларда қайд этилмаганига қарамасдан (тармоғимиз дўконлари кеча ишламади, ходимларимизга бир кунлик ҳордиқ бердик. Бунинг устига маҳсулотларнинг нархлари таркибидаги ҚҚС кўрсатилган қаторни ҳали чекларимизда жорий этмадик), чакана савдодаги ҳамкасбларимиз ҳимояси учун бир қанча омилларни келтиришни лозим топдим. 

Кеча чекларни кўриб, шахсан ўзим шаҳримиздаги бир қанча супермаркетларни (бизнинг супермаркетларимиз ишламаганини яна бир бор ёдга солсам) айланиб чиқдим. Харид қилиб, чек ҳамда нарх ёрлиқларидаги нархларни текширдим. Чекларда ҚҚС билан биргаликда инобатга олинган нархлар кўрсатилган бўлишига қарамасдан, маҳсулотларнинг умумий қиймати, шу жумладан, ҚҚС ҳам бир тийинга ошмаган эди. Харидорларнинг ўзлари ҳам бунга осонгина ишонч ҳосил қилишлари мумкин. Барча нарх ёрлиқларида нарх ўрнатилган сана мавжуд. Шу тариқа, пештахталарда нархи билан кўрсатилган ушбу маҳсулотларнинг барчаси октябрь, ноябрь ва декабрь саналарида қайд этилган. Мен саналар билан бирга кўрсатилган юздан ортиқ нарх ёрлиқларини кўздан кечирдим. Чакана савдода нархлар ўсмаганига амин бўлдим. 

Эҳтимол ушбу сўзларим айрим харидорларимиз учун бирмунча янгилик бўлар, аммо хоҳлайсизми, йўқми, ўзимизга маълум ёки номаълумми, барчамиз томонимиздан харид қилинадиган маҳсулотларнинг нархлари таркибида солиқлар бор. 

Солиқларнинг миқдори ҳамда устамаларининг чекларда пайдо бўлиши маҳсулотлар нархларининг таркибидаги солиқларнинг намойиш этилишидан бошқа нарса эмас. Бу эса жуда ижобий ҳолат, деб ўйлайман.  

Биз аввал ҳам ушбу ва бошқа шу каби солиқларни тўлаб келганмиз. Илк марта мазкур жараён шаффоф ва очиқ намоён этилмоқда, бу улкан тараққиёт. 

Шахсан мен учун бу талваса ёки жазавага тушиш учун сабаб эмас, балки хушхабардир. Яна бир бор таъкидлайман, солиқ олишнинг янги тартиби жорий этилганига қарамасдан, чакана савдодаги нархлар ўзгаришсиз қолган.  

Муҳокамалар чоғида айни ҳолатларга тўхталиб ўтдим, уларни мақоламда ҳам такрорлаб ўтишим жоиз. 

Бироқ, мен қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг бир қанча турининг нархлари борасида хавотирда эканлигимни қўшимча қилдим. Маълумки, ҳукумат сотуви бўйича айланмаси қўшилган қиймат солиқлари (ҚҚС)дан гўшт, тухум, балиқ, гуруч, нон маҳсулотлари, картошка, пиёз ва шакарни озод қилиб истеъмолчиларни ушбу муҳим маҳсулотларга бўлган нархларнинг ўсишидан муҳофаза қилди. Менинг фикримча, ушбу қадамнинг ўзиёқ улкан бир ўсиш бўлишига қарамасдан, жорий этилаётган ҚҚС сезиларли даражада нархини кўтариб юборадиган яна бир қанча муҳим ҳамда ижтимоий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари борлигига эътибор қаратиш лозим, деб ўйлайман. Ахир, сабзи, лавлаги, сут маҳсулотлари, карам, мош, помидор, бодринг ва бошқа шу каби маҳсулотлар савдода ҚҚСга тушади, бунинг устига, аграр ишлаб чиқаришда ҚҚС йўқлиги сабабли уларга кўра тўланган солиқларни ҳисоблашнинг имкони йўқ. Ушбу маҳсулот турларида ҚҚС тўғридан-тўғри нархларга таъсир этмасдан қолмайди. Мен, қўшилган қиймат солиғидан озод этиш бўйича имтиёз берилиши керак бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг тўлиқ рўйхатини тақдим этдим. Аммо, ростини айтсам, ягона ер солиғининг бекор қилиниши ва қишлоқ хўжалигида тўлиқ ҚҚС тартиби жорий этилиши тарафдориман. Чунки қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш жараёнининг ўзидаёқ таркибида ҚҚС мавжуд бўлган жуда кўплаб хом-ашё ҳамда материаллар: емиш, ўғит, техника, ёқилғи ва бошқалардан фойдаланилади. Ушбу ҚҚС эса жараёнда занжир кўринишида ўтмасдан, маҳсулотларнинг таннархига бор бўйича “ётиб олади”. Шу тарзда улардан ушбу маҳсулотни ҚҚСсиз харид қила туриб, биз, чакана савдо вакиллари яна бир бор ушбу миқдордан яна тўлиғича солиқ тўлаб, олиб харидорларга “узатишимиз” керак. Ўз-ўзидан, табиийки, ушбу қишлоқ хўжалик маҳсулотлари нархи солиққа тортишнинг бошқаруви йўқлиги сабаб ошиб бораверади. Айтишим керакки, менинг танқидларимни диққат билан тинглашди, умид қиламанки, тез орада улар керакли манзиллар томон етказилиб, ҳал этилади. 

Бошқа тоифадаги маҳсулотларга тўхталадиган бўлсам, саноат ишлаб чиқариши ва импорт товарлари бўйича нарх борасида ҳеч қандай муаммо йўқ ва бўлиши ҳам кутилмаяпти. Ҳаттоки ушбу товарларнинг нархлари бироз тушиши ҳам мумкин. Учрашув мобайнида инфляция борасида ҳам сўз кетди. Жамшид Анваровичнинг (молия вазири) айтишича, йил якунига кўра, инфляция 14,3% ни ташкил қилган. Шу ўринда ушбу рақамлар бизнинг кузатувларимизга қанчалик мос келишини сўраб қолишди. Мен тасдиқладим. 

Биз ҳар йили тармоғимизда “корзинка.уз” индексини ҳисоблаймиз. Бунинг учун биз тармоғимизда сотиладиган барча маҳсулотларнинг ўртача меъёрий нархини оламиз ва ўтган йилдаги нархи билан солиштирамиз. Шу тарзда мазкур нарх индекси ўтган йилда 11,4%ни ташкил қилди. Яъни, мамлакатдаги ўртача инфляция индексидан ҳам камроқ. 

Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, давлат 17-18% атрофидаги нисбатан кўпроқ инфляцияни кутган экан. Лекин, айнан бозордаги рақобат ўсиши, хўжалик субъектларининг конвертацияга бўлган талабининг бир хилда қондирилиши ва истеъмол бозорининг маҳсулотлар билан тўлдирилиши инфляцияни 15% атрофида ушлаб қолишга олиб келди.

Ўзимдан мисол келтирадиган бўлсам, тармоғимиз чиқимларнинг оптималлаштирилиши, самарали логистика ва кенгайиш ортидан келтирилган самара туфайли инфляция кўрсаткичидан ҳам пастроқ нархларни бозорга таклиф эта олдик. 

Хулоса ўрнида умумий қилиб айтадиган бўлсам, ислоҳотларнинг самарали бориши учун алоқа ўрнатиш ва талаб-таклифларга қулоқ тутиш муҳимдир. Бугунги учрашувни ҳам шуларнинг сирасига киритиш ва ниҳоятда фойдали бўлганини эътироф этишим зарур. 

Мавзуга оид