Ўзбекистон | 08:30 / 30.03.2023
21751
4 дақиқада ўқилади

Божлардан вақтинча қутулиш: озиқ-овқат нархлари қандай арзонлаяпти?

Президент фармони билан 2024 йил 1 январгача 36 турдаги товарлар гуруҳига нисбатан божхона божлари олиб ташланди. Натижада Korzinka супермаркетлар тармоғида нархлар 32 фоизгача арзонлади. Тармоқ асосчиси Зафар Ҳошимов Kun.uz билан суҳбатда қайси маҳсулотлар нархи қанчага тушгани ҳақида сўзлаб берди.

2024 йил 1 январга қадар 36та гуруҳга кирадиган товарга нисбатан божхона божининг нол ставкаси қўлланади.

Рўйхатдаги 36та гуруҳга кирадиган 1000дан ортиқ маҳсулот нархлари арзонлаяпти.

Kun.uz билан суҳбатда тадбиркор Зафар Ҳошимов нега айнан ҳозир божлар олиб ташлангани ва қайси товарлар қанчага арзонлагани ҳақида гапирди.

“Имтиёзли олиб кириладиган товарлар 60-70тага етди”

— Кўпгина мева-чевалар қаторида хурмо ҳам арзонлади. Бу айни Рамазон ойининг илк кунларига тўғри келгани жуда яхши бўлди. Мевалар нархи ўртача 20-25 фоизга арзонлади.

Цитрус меваларга олдинроқ имтиёз берилганди. Яъни бу қарорда 36 турдаги товарлар гуруҳига божхона божлари олиниши билан бирга аввалги 25 турдаги товарларга нисбатан имтиёз ҳам чўзилди. Умуман олганда, имтиёзда олиб кирилаётган товарлар сони 60-70тага етди.

Олма, нок нархлари, бундан ташқари жуда кенг товарлар гуруҳи – пишлоқлар, сут маҳсулотлари, гўшт, балиқ консервалари, қандолат маҳсулотлари, болалар озуқаларининг нархлари ҳам тушди.

Болалар кашаси божлари ноллаштирилгач, 20 фоиз арзонлади.

“Нимага айнан ҳозир божлар олиб ташланди деб кўп савол беришди, чунки...”

— Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, хусусан, Россиядан кўп маҳсулотлар келарди. Россияда жуда кўп заводлар ишлаётганди. Энди ҳозирги геосиёсий вазият туфайли Россиядан жуда кўп йирик бренд ва корхоналар чиқиб кетди.

Бунинг натижасида Россиянинг ўзида ҳам ишлаб чиқариш қисқара бошлади ва нархлар ошди. Бундан ташқари, рублнинг сунъий ушлаб турилгани Россиядан келаётган маҳсулотлар нархини кўтарди. Бутун дунёда озиқ-овқат кризиси бўляпти. Иккита катта давлат – Украина ва Россия ўртасидаги уруш озиқ-овқат маҳсулотларининг дунёдаги таклифини қисқартиряпти. Шу сабабли нархлар ошиб боряпти. Президентнинг ўз вақтида чиқарилган фармони ички истеъмол бозорига дунёда бўлаётган қимматчиликдан енгиллик берди десак бўлади. Бу вақтида қўйилган қадам.

Акциямизни шу сабабли “Инсон қадри учун” деб номладик.

Шоколад устидаги катта божлар

— Божлар ҳисобига нафақат шоколад, умуман, ҳамма қандолат маҳсулотлари ва консервалар, кўп истеъмол қилинадиган маҳсулотларнинг нархи баланд эди. Хусусан, шоколадни олсак, божлар 30 фоиз эди. Бундан ташқари, ҳар килосига минимум тўланадиган бож ҳам бор эди. Арзонроқ шоколад олиб келсангиз, бу бож ҳисобига янада қимматроққа тушарди ва 30-50 фоизга кўтарилиб кетиши мумкин эди.

Импортдан келадиган буғдой уни ҳам арзонлади. Эсингизда бўлса керак, ўтган йили ун нархи ошиб кетди, чунки Қозоғистон билан Россия унини чиқармай қўйганди.

“Помидор нархи яқин кунларда тушади деб ўйлайман”

— Помидор нархининг ошиши қиш қийин келгани, иссиқхоналарда ҳосил етиштириш қийин бўлгани, шунинг ҳисобига камроқ помидор экилгани ёки ҳосил совуқда нобуд бўлгани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Шу сабабли, ички бозорда помидор таклифи кескин тушган. Аммо яхши хабар шундаки, помидор экспорт қилиняпти ва ўзбек помидорларига ҳамдўстлик давлатлари, Туркия ва БААда талаб бор. Ўйлайманки, нарх ошиши бир тарафдан яхши, одамларни кўпроқ помидор экишга ундаяпти. Жуда яқинда яна таклиф кўпайиб нархлар тушади деб ўйлайман.

“Гўшт нархини туширдик”

— Биз Қозоғистондан гўшт импорт қиламиз. Ўзи гўштга бож йўқ эди. Лекин ҳукумат истеъмолчи тарафга қадам босгани учун, гўштларнинг ҳам нархини туширдик. Ҳозир акция бошлаганмиз – гўшт нархи ҳам 8-11 фоизга арзонлаган.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Оператор ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид