Спорт | 10:42 / 24.01.2019
6983
3 дақиқада ўқилади

«Манчестер Сити» финалга чиқди, иккинчи финалчи «Челси» ёки «Тоттенҳэм» бўлади

Англия лигаси Кубоги ярим финали жавоб учрашувлари доирасида «Бёртон Альбион» «Манчестер Сити»ни қабул қилди. Бёртон-апон-Трентдаги «Пирелли» стадионида кечган учрашув меҳмонларнинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. 

Ўйиндаги ягона голни «Манчестер Сити» ҳужумчиси Серхио Агуэро 26-дақиқада урди. Биринчи ўйинда «шаҳарликлар» «Бёртон Альбион»ни ўз майдонида 9:0 ҳисобида таслим қилганди. 

Бу орқали «Сити» турнирнинг ярим финалларидаги рекордни янгилади, ҳали ҳеч қайси жамоа финалга ярим финалдаги икки ўйинда жами 10:0 ҳисобини қайд этиб чиқмаганди. «Ман Сити» ўзи томонидан 2014 йилда ўрнатилган рекордни янгилади, ўшанда жамоа «Вест Ҳэм»га икки ўйинда жами 9 гол уриб, битта ҳам гол ўтказмаганди.

Шу тариқа, Хосеп Гвардиола жамоаси Англия Лигаси Кубоги финалига йўл олди. «Манчестер Сити»га финалда «Челси» ва «Тоттенҳэм Ҳотспур» жуфтлиги ғолиби рўбару келади. Ушбу жамоаларнинг ярим финалдаги биринчи учрашувида «Тоттенҳэм» 1:0 ҳисобида устун келганди. Жавоб учрашуви бугун, 24 январь куни ўтказилади.

Қайд этиш керакки, «Манчестер Сити» ўз тарихида илк марта қаторасига икки мавсумда турнир финалига чиқди. Ўтган мавсум финалида жамоа «Арсенал»ни мағлуб этганди (3:0).

Англия Лигаси Кубогида охирги марта қаторасига икки мавсумда ғолиб чиққан жамоа «Манчестер Юнайтед» ҳисобланади (2008/09, 2009/10).

Англия Лигаси Кубоги
Яримфинал
Жавоб ўйини
Бёртон – Манчестер Сити 0:1
(0:1, 0:0)
Гол: 0:1 – 26 Агуэро.
Бертон – Коллинз, Макфазин, Тернер (Хатчинсон, 40), Маккрори, Уоллес, Майерс-Харнесс, Миллер, Эйкинс, Куинн (Фокс, 46), Темплтон, Бойс (Дэниэл, 77).
Манчестер Сити – Мурич, Эрик Гарсия, Данило, Сандлер, Делф, де Брюйне (Менди, 63), Зинченко (Нмеча, 67), Маҳрез, Фоден, Поведа, Агуэро (Габриэл Жезус, 63).
Биринчи ўйин: 0:9.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид