Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Аякс» 2 ўйинда 10та гол ўтказди. Бу жамоа «Реал»га қаршилик қила оладими?
Икки ҳафтадан кейин Европа Чемпионлар лигасида нимчорак финал ўйинлари бошланади ва «Аякс» бу босқич доирасида, 14 февраль куни «Реал»ни қабул қилади.
Гуруҳ босқичи ўйинларидан кейин Эрик тен Хаг жамоасига кўпчилик ишонч билдираётган ва бу жамоа амалдаги чемпионларни турнирдан чиқариб юборишига ҳам ишона бошлашганди. Аммо февраль ойидаги тўқнашув яқинлашгани сари амстердамликларда кейинги босқичга чиқиш учун имконият жуда паст экани кўриниб қолди.
Эредивизиянинг охирги икки турида «Аякс» жами 10та гол ўтказди. Бунгача жамоа 17 тур давомида бундан кам - 8та гол ўтказганди.
ЕЧЛ иштирокчиси 19-тур ўйинида Роттердамга сафар қилиб, «Фейеноорд»га шармандаларча ютқазди. Аввалига ҳаммаси амстердамликлар учун яхши бошланганди, 8-дақиқада Ласса Шоне жарима зарбасини голга айлантириб, ҳисобни очди. Аммо шундан кейин мезбонларнинг комбинацион ўйини меҳмонлар ҳимоя чизиғини пароканда қилиб ташлади. Амстердамликларнинг асосий ҳимоячиларидан бири Николас Тальяфико жароҳат олгач, унинг ўрнида қишки трансферлар вақтида «Бока Хуниорс»дан 9,5 млн евро эвазига трансфер қилинган Лисандро Магальян ҳаракат қилмоқда ва у ҳали Нидерландия чемпионатига мослашиб кета олмаган бўлиши мумкин, аммо у билан бирга 19 ёшли қимматбаҳо ҳимоячи Маттейс де Лигт ҳамда тажрибали Дэйли Блинд ҳам сафда - уларнинг барчаси болаларча қўпол хатоларга йўл қўйишмоқда. «Аякс» икки гол ўтказиб юборгач, Ҳаким Зиёш ҳисобни тенглаштирди, аммо меҳмонларнинг дуранг учун умидини 36 ёшли ҳужумчи Робин ван Перси йўққа чиқарди.
«Арсенал» ва «Манчестер Юнайтед»нинг собиқ ҳужумчиси 15 дақиқа ичида 2 гол урди ва бу голлар амстердамликларни синдирди. Аввалига ван Перси чап қанотдан ёриб кириб қайтариб бўлмас зарба йўллади, иккинчи эпизодда дарвозабон ҳудудида чап қанотдан узатилган тўпга бир тегинишдаёқ уни дарвоза тўрига жойлади. Энди роттердамликлар сардори жорий мавсумдаги голлари сонини 10тага етказиб, Эредивизия тўпурарлари сафида бормоқда. Катта шов-шувлар билан «Барселона»га ўтган Френки де Йонг ҳам жамоани қутқариш учун ҳеч нарса қилолмади.
Ўйинда якуний ҳисоб 6:2 кўринишини олди. Бундай ҳисоблар Нидерландия чемпионатида кўп кузатилади, аммо одатда амстердамликлар шундай ҳисобларда ғалаба қозонишарди. Бундай ғалабадан кейин роттердамлик мухлислар Жованни ван Бронкхорстдан мавсум якунида қолишни сўраб ёлворишлари табиий, бу мутахассис кейинги 3,5 йилда жамоага 4та соврин олиб берди.
Битта ўйинда исталган жамоа шундай мағлубиятга учраши мумкин. Аммо «Аякс» ўтган турда ўз уйида «Ҳеренвен» билан 4:4 ҳисобида дуранг қайд этганди (ўшанда жамоа 2 гол устунлигини сақлаб қололмаганди). «Реал»га қарши бундай ҳимоя билан қарши туриш имконсиз иш. Энди амстердамликлар Эредивизия турнир жадвалида пешқадам «ПСВ»дан (52) 5 очко ортда қолган ҳолда иккинчи ўринда бормоқда. Жамоа ўтган мавсумни ҳам эйндховенликларга бой бериб, иккинчи ўринни эгаллаганди.
Эслатиб ўтамиз, ЕЧЛнинг 1/8 финали доирасидаги дастлабки учрашув 14 февраль куни Амстердамда ўтказилади, жавоб ўйини 6 мартга белгиланган.
Мавзуга оид
14:55 / 27.07.2022
Ёзнинг энг узун сериали. Френки де Йонг атрофидаги воқеалар ривожи
20:09 / 07.07.2022
Бир йил аввал «Барселона» Мессидан айрилганди. Энди яна бир юлдузни «МЮ»га сотиши керак бўлади
03:18 / 16.03.2022
ЕЧЛ. «Атлетико» «МЮ»ни турнирдан чиқариб юборди, «Аякс» ҳам мусобақани тарк этди
14:01 / 03.05.2021