Ўзбекистон | 14:40 / 03.02.2019
23820
5 дақиқада ўқилади

Бухоро вилояти ҳокимлиги истироҳат боғидаги ҳолат бўйича танқидий материалга муносабат билдирди

Kun.uz сайтида «Бухоронинг тарихий обидаларидаги ёзувлар ва чиқиндихонага айланган истироҳат боғи» номли танқидий мақола эълон қилинган эди.

Бухоро вилояти ҳокимлиги ушбу мақолада келтирилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.

Маълумотда келтирилишича, «Сомонийлар» истироҳат боғи Бухоро шаҳар, Ҳавзи-Бодом кўчаси, 42-уйда жойлашган бўлиб,

1933 йилда ташкил этилган. Боғ ҳудуди 25,5 гектар бўлиб, унда 4 нафар ишчи-ходим ишлайди. Айни пайтда боғда 20та аттракцион ва 60га яқин  хусусий тадбиркор фаолият кўрсатмоқда.

Мақолада келтирилган ҳолатлар юзасидан Бухоро вилоят маданият бошқармаси ва Бухоро шаҳар ҳокимлиги масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳи ўрганишлари жараёнида боғ ҳудудида кириб чиқувчи фуқаролар ва яқин атрофда яшовчи маҳаллий аҳоли томонидан айрим жойларда чиқиндилар ноқонуний ташлаб кетилгани аниқланган.

29-31 январь кунлари Бухоро шаҳар ҳокимлиги ободонлаштириш бошқармаси ҳамда кўнгилли ишчилардан иборат 20 нафардан ортиқ ишчи ва техникалар жалб этилиб, боғ ҳудуди чиқиндилардан тозаланди.

Аввалги ҳолат
Фото: Kun.uz
Ҳозирги ҳолат
Бухоро вилояти ҳокимлиги
Ҳозирги ҳолат
Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги
Ҳозирги ҳолат
Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги

Келгусида бу каби ҳолатлар такрорланмаслиги учун 29 январь куни «Сомонийлар» истироҳат боғи ҳамда «Махсусавтохўжалик» МЧЖ ўртасида чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматини кўрсатиш бўйича 15-сонли шартнома имзоланган.

Боғга кириш дарвозаси олдида янгидан пешлавҳа ўрнатилган ва боғ ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркорларга аттракционлар ҳамда унга туташ ҳудудларни ободонлаштириб, тоза тутиш бўйича тегишли тавсиялар берилган.

Аввалги ҳолат
Фото: Kun.uz
Ҳозирги ҳолат
Бухоро вилояти ҳокимлиги

Шунингдек, маданий мерос объектлари пешлавҳаларидаги ёзувлар ҳолати бўйича ҳам жойида ўрганиш ўтказилган.

Бухоро вилоятида жами 660та маданий мерос объекти (мажмуалар ичидаги бинолар билан ҳисоблаганда жами 777та) мавжуд бўлиб, шундан 231таси археология объекти, 239таси архитектура ёдгорлиги, 18та монументал санъат асари, 17та архитектура ансамбли, 24та диққатга сазовор жой, 5та боғ, 126та қадимий ҳовлини ташкил этади.

Ҳозирги кунда маданий мерос объектларининг 230тасига пештахталар ўрнатилган. Яна 430та объектга пештахталар ўрнатиш ишлари бошланган. Бугунги маданий мерос объектларида ўрнатилган 182та пешлавҳа узоқ йиллар давомида табиий шароит туфайли таъмирталаб ҳолга келиб қолгани аниқланган.

Шунга кўра, Бухоро шаҳар ҳокимлиги маблағлари ҳисобидан Бухоро шаҳрида жойлашган асосий сайёҳлик йўналишларга киритилган сайёҳларни жалб қилиш жиҳатидан юқори салоҳиятга эга бўлган 120та маданий мерос объектларига янгидан ягона тасдиқланган намуна асосида пешлавҳалар тайёрланган ва ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан 2018 йил 21 апрелда тасдиқланган сайёҳларни жалб қилиш юзасидан нисбатан юқори салоҳиятга эга бўлган моддий маданий мерос объектлари ва зиёратгоҳларда биринчи навбатда амалга ошириладиган ишларнинг тармоқ жадвали ишлаб чиқилган бўлиб, бунга мувофиқ «Талипоч» қалъа дарвозаси 2022 йилда республика бюджети маблағлари ҳисобидан мукаммал таъмирлаш режалаштирилган.

Бухоро вилоят ҳокимлиги кўрсатмаси билан тузилган ишчи гуруҳи томонидан Бухоро шаҳар «Сомонийлар» истироҳат боғи ҳудудида жойлашган XVI асрга мансуб «Талипоч» қалъа дарвозаси ёзувларидаги камчилик жойида бартараф этилди.

Аниқланган ҳолатлар бўйича тўпланган материаллар камчиликларга йўл қўйган масъул мансабдор шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун вилоят маданият бошқармасининг 2018 йил 1 февралдаги 01-076 ҳамда 01-077-сонли хатлари асосида вилоят прокуратурасига юборилган.

Kun.uz таҳририяти қадим тарихий ва меъморий обидалари билан сайёҳларни ўзига маҳлиё этган Бухорода келгусида бу каби жиддий камчиликларга йўл қўйилмаслигига ишонч билдиради.

Бардошбек САМАД ўғли,

Kun.uz мухбири

Мавзуга оид