Спорт | 10:30 / 10.02.2019
3433
3 дақиқада ўқилади

А Серия. «Интер» ғалабасиз сериясига чек қўйди, турнинг марказий учрашувида ғолиб аниқланмади

Италия А Сериясининг 23-турида «Парма» «Интер»ни қабул қилди. Пармадаги «Эннио Тардини» стадионида кечган учрашув меҳмонларнинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Ўйиндаги ягона гол миланликлар ҳужумчиси Лаутаро Мартинес томонидан 79-дақиқада урилди, унга Раджа Найнгголан голли пас берди.

Шу тариқа, «Интер» Италия чемпионатида уч учрашув давом этган ғалабасиз сериясига якун ясади. Бунгача Лучано Спаллетти шогирдлари қаторасига икки ўйинда мағлуб бўлишганди. «Парма» учун бу мағлубият кейинги уч ўйиндаги иккинчиси бўлди.

Эндиликда миланликлар клуби очколари сонини 43тага етказган ва турнир жадвалида 3-ўринга жойлашган, Парма клуби эса 29 очко билан — 12-ўринда.

24-турни «Парма» 16 февраль куни сафарда «Кальяри»га қарши ўтказади, «Интер» 17 февралда ўз уйида «Сампдория»га қарши ўйнайди.

Турнинг марказий учрашуви Флоренциядаги «Артемио Франки» стадионида кечди ва «Фиорентина» ва «Наполи» бу ўйинда 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади.

Бу дуранг «Наполи» учун Италия чемпионатида қаторасига иккинчи дуранг натижа бўлди. «Фиорентина» эса охирги 5 ўйинда тўртинчи дурангни (қаторасига иккинчи) дурангни қайд этмоқда.

«Неапол» эндиликда 52 очко билан А Серия турнир жадвалида иккинчи ўринда бормоқда, «Ювентус» 10 февраль куни «Сассуоло»ни сафарда мағлуб эта олса Карло Анчелотти жамоаси турнир жадвалида туринликлардан 11 очко ортда қолиб кетади.

24-турда «Наполи» «Торино» билан ўйнайди. Бу ўйин 17 февраль куни Неаполдаги «Сан-Паоло» стадионида бўлиб ўтади. 

Италия чемпионати
23-тур

Парма – Интер 0:1 (0:0, 0:1)
Гол: 0:1 – 79 Мартинес.
Парма – Сепе, Якопони, Бруну Алвеш, Бастони, Гальоло, Куцка (Спрокати, 84), Скоццарелла (Штулац, 77), Барилла, Силигарди (Биабиани, 58), Инглезе, Жервиньо.
Интер – Ханданович, Д`Амброзио, де Врей, Шкриньяр, Асамоа, Весино, Брозович, Жоау Мариу (Мартинес, 77), Наингголан (Гальярдини, 88), Перишич, Икарди (Соареш, 90).
Огоҳлантиришлар: Весино (37), Гальоло (61), Наингголан (85), Биабиани (89).

Фиорентина – Наполи 0:0 (0:0, 0:0)
Фиорентина – Лафон, Чеккерини, Пеццелья, Ганцко (Витор Уго, 57), Дабо, Фернандеш, Верету, Бираги, Кьеза, Муриэль, Жерсон (Миральяс, 69; Симеоне, 81).
Наполи – Мерет, Хюсай, Максимович, Кулибали, Мариу Руй (Ғулом, 6), Кальехон, Аллан, Фабиан Руис, Зелиньски, Инсинье (Верди, 77), Мертенс (Милик, 62).
Огоҳлантиришлар: Дабо (42), Верету (50), Кальехон (54), Зелиньски (57), Ғулом (72), Максимович (90).

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид