Ўзбекистон | 17:18 / 18.02.2019
9560
3 дақиқада ўқилади

Ташқи ишлар вазирлиги ҳузурида Таржимонлар бюроси ташкил этилди

Фото: ТИВ ахборот хизмати

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузурида Таржимонлар бюроси ташкил этилди.

Ҳужжатда белгиланишича, Таржимонлар бюроси Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор бошқарадиган давлат муассасаси ҳисобланади.

Таржимонлар бюросининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
•  Ўзбекистон президенти ва бош вазири, хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва олий мансабдор шахслари иштирокидаги расмий тадбирларни синхрон ва изчил таржима билан таъминлаш;
•  расмий тадбирлар доирасида тайёрланган материалларнинг ёзма таржимасини амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси томонидан тузиладиган халқаро шартномалар лойиҳаларининг давлат ва хорижий тиллардаги матнларининг аутентлигини таъминлашга кўмаклашиш;
•  Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва бошқа ихтисослаштирилган олий таълим муассасалари битирувчилари орасидан юқори малакали таржимонлар тайёрлаш;    
•  Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ходимларининг, шунингдек, шартнома асосида давлат органлари халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича бўлинмалари ходимларининг хорижий тилларни билиш бўйича кўникмалари ривожлантирилишини таъминлаш;
•  давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларга шартнома асосида оғзаки ва ёзма таржима бўйича хизматлар кўрсатиш.

 Таржимонлар бюросига қуйидаги ҳуқуқлар берилди:
•  таржимонлик хизматлари кўрсатиш бўйича тузиладиган шартномалар асосида оғзаки ва ёзма таржима бўйича пулли хизматлар кўрсатиш;
•  зарур ҳолатларда, мутахассисларни, шу жумладан юридик ёки бошқа тор ихтисослик бўйича махсус малакалар талаб қиладиган халқаро шартномалар ва бошқа ҳужжатлар матнларини таржима қилиш учун, соҳа бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотлар вакилларини Таржимонлар бюросига, меҳнат бозорининг амалдаги конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда, шартнома асосида жалб этиш.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари, тўлов- шартнома асосида таржимонлик хизматлари кўрсатишдан тушадиган киримлар ҳисобидан шаклланадиган бюджетдан ташқари маблағлар, давлат ва халқаро грантлар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Таржимонлар бюроси фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланди.

Мавзуга оид