Спорт | 16:12 / 25.02.2019
14051
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон 2030 йилги Осиё ўйинлари мезбонлиги бўйича лойиҳа тақдимотини тайёрлашга киришди

Хабар бериб ўтганимиздек, шу кунларда Осиё Олимпия Кенгаши президенти Шайх Аҳмад Ал-Фаҳад Ал-Сабоҳ юртимизда меҳмон бўлиб турибди. Унга ташриф давомида Халқаро кураш ассоциацияси президенти, ООК Осиё ўйинлари департаменти директори Ҳайдар Фармон ва ООК котиби Льюсен Альварез ҳамроҳлик қилмоқда.

Бугун, 25 февраль куни Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов Осиё Олимпия Кенгаши президенти Шайх Аҳмад Ал-Фаҳад Ас-Сабоҳ билан учрашув ўтказди. Учрашувда AIBA президенти Ғофур Раҳимов ҳам иштирок этди. МОҚ ахборот хизмати хабарига кўра, унда томонлар 2030 йилги Осиё ўйинларини Ўзбекистоннинг Тошкент ҳамда Самарқанд шаҳарларида ўтказиш масалаларини муҳокама қилишди.

Учрашув давомида, шунингдек, йирик комплекс мусобақа учун янги спорт иншоотлари ва Олимпия шаҳарчасини қуриш, логистика, қулай транспорт маршрути, юқори савиядаги тадбирларни ташкил қила олиш механизми, ўйинлар трансляцияси ва бошқа масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Қайд этилишича, XXI Осиё ўйинларини қабул қилиш учун Ўзбекистондан ташқари Қатар, Ҳиндистон ва Филиппин каби мамлакатлар даъвогарлик қилишмоқда.

«Учрашув давомида ООК президенти Ўзбекистонда Осиё ўйинларини ўтказиш учун имкониятлар юқорилиги, мамлакат ҳаттоки бу бўйича етарли устунликларга эга эканлигини айтиб ўтди. Мартабали меҳмон Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар ва спортга қаратилаётган эътибор бу борада муҳим аҳамиятга эга эканлигини айтиб ўтди. Шунингдек, Ўзбекистон бунгача Осиё ўйинларини қабул қилмаганлиги, бу эса мусобақа географиясини оширишга ҳизмат қилиши ва ушбу курашда мамлакатимизнинг имкониятларини яхшигина оширишини қайд этиб ўтди», – дейилади хабарда.

Музокаралар якунига кўра, Ўзбекистон Осиё Олимпия Кенгашининг навбатдаги Ассамблеяларидан бирида Осиё ўйинлари-2030 мезбонлиги бўйича ўз тақдимотини ўтказишига келишиб олинди.

Эслатиб ўтамиз, ООК президенти Шайх Аҳмад Ал-Фаҳад Ас-Сабоҳ кеча, 24 февраль куни Тошкентга келганди. Ташриф давомида унга Халқаро кураш ассоциацияси президенти, ООК Осиё ўйинлари департаменти директори Ҳайдар Фармон ва ООК котиби Льюсен Альварез ҳамроҳлик қилмоқда.

Аввалроқ Осиё ўйинларида ўзбек кураши бўйича 7та эмас, 17та медаллар жамланмаси ўйналиши эълон қилинганди.

Мавзуга оид