Спорт | 14:38 / 04.03.2019
11683
2 дақиқада ўқилади

Кураш 2022 йилги Осиё ўйинлари дастурига киритилди

Фото: КСАО

Ўзбек кураши 2022 йил Хитойнинг Хангжоу шаҳрида ўтказиладиган XIX ёзги Осиё ўйинларининг мусобақалар дастурига киритилди. ЎзА`нинг ёзишича, бу 2-3 март кунлари Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида бўлиб ўтган Осиё Олимпия кенгашининг навбатдаги Бош Ассамблеясида расман тасдиқланган.

Маълум қилинишича, Хангжоуда 40та спорт тури бўйича мусобақалар ўтказилади. Жакарта-2018 дастуридан 42та спорт тури ўрин олганди. Қолаверса, Индонезиядаги мусобақада иштирокчилар сони ҳам 11 720 нафарни ташкил этган бўлса, Хитойда бу борадаги кўрсаткич 10 000 нафарга камайиши айтиб ўтилди.

Шунингдек, 2022 йилги Осиё ўйинлари дастурида крикет ҳам бор. Бу спорт тури 2010 йил Гуанчжоу ҳамда 2014 йил Инчеонда ўтказилган Осиё ўйинлари мусобақаларига киритилган, аммо 2018 йилги Индонезиядаги турнир дастуридан чиқарилган ўрин олмаган эди.

Олимпия таснифига кирмаган спорт турлари орасида шахмат, жиу-житсу, каббади, кураш, сепак такрав, роликда учиш ва у-шу ҳам Хангжоу-2022нинг расмий мусобақалари дастурига киритилди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Халқаро Кураш Ассоциацияси президенти Ҳайдар Фармон Тошкентда бўлган ва Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов билан учрашган эди. Унда Музокаралар якунида Осиё ўйинларининг кураш баҳсларида вазнлар тоифасини кўпайтириш бўйича келишувга эришилди.

Эндиликда 2022 йилги Осиё ўйинларидан бошлаб кураш баҳслари 15та вазн тоифасида (7та эркаклар, 8та аёллар) ташкил этилади. Шунингдек, эркаклар ва аёллар ўртасида жамоавий беллашувлар ҳам ўйинлар дастуридан ўрин олади. Шу тариқа, ўзбек миллий спорти нуфузи Осиё ўйинларида янада кўтарилади ва кураш баҳсларда умумий ҳисобда 17та медаллар жамланмаси ўйналади.

Маълумот учун, 2018 йилги Осиё ўйинларида ўзбек кураши илк маротаба мусобақа дастуридан ўрин олган ва 7та вазн тоифасида баҳслар ташкил қилинган эди. Унда ўзбекистонлик 14 курашчидан 12 нафари медаль олишга муваффақ бўлган.

Мавзуга оид