Жамият | 21:10 / 18.03.2019
94369
6 дақиқада ўқилади

Асакада тадбиркор ўз дўкони бузилмаслиги учун ечинганмиди?

Шу ҳафтада интернетда Андижон вилояти Асака шаҳри марказидаги Нажмиддин Кубро кўчасида жойлашган Paynet будкаси эгаси куппа-кундузи қип-яланғоч ечиниб, ерга ётиб олгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Kun.uz мухбири ушбу ҳодиса тафсилотларини ўрганиш мақсадида Асакада бўлди.

Мазкур хабар ва унга оид сурат ижтимоий тармоқларда тарқалгач, унга берилган изоҳларда ҳодисанинг сабаби сифатида тадбиркор туман ҳокими томонидан ўз дўкони бузилаётганига норозилигини шу тариқа ифодалагани айтилганди. Мухбир бу хабар қай даражада асосли эканини аниқлаш учун туман ҳокимлигининг икки мутасаддиси, шунингдек, ечинган йигитнинг туғишган опаси ва икки тадбиркор билан суҳбатлашди.

 Ойбек Жўраев, ички ишлар ходими:

«12 март куни соат 14:30ларда Нажмиддин Кубро кўчасида хизмат вазифамизни ўташ чоғи бир эркакнинг ечинган ҳолатда турганини кўрдим. Табиийки, уни безорилик қиляпти деб хулоса қилдик. Фуқаро маст ҳолатда эмасди. Атрофда кўп киши тўпланган экан. Уни ИИБга олиб келдик. Фуқаронинг шахсини аниқлаганимизда, у М.А бўлиб чиқди. Шундан сўнг унинг туғишган опаси келиб, укаси 2014 йилдан бери руҳий касал эканлигини айтгач, у кишига топширдик».

 Асака шаҳри ҳокими Хурсандбек Йўлдошев:

«Тарқалган хабарларда айтилганидек, мен 12 март куни тушдан кейин ўша ҳудудда умуман бўлмаганман. Энг қизиғи, аниқлаб шуни билдикки, ечинган йигитнинг Нажмиддин Кубро кўчасидаги «Пайнет» дўконига алоқаси йўқ экан. Дўкон бузилиши ёки кўчирилиши ҳақида ҳам ўша хабардан билдим. Руҳий касал фуқарони суратга олиб, воқеадан ҳоким ва тадбиркор можароси сифатида фойдаланишганидан рости лол бўлиб турибман».

М.Анинг опаси Б.А:

«Укам, М.А. 2014 йилдан буён руҳий касал бўлиб, махсус рўйхатда туради. 2019 йил 12 март куни унинг Нажмиддин Кубро кўчасида ечинган ҳолатда суратга олиниб, бу сурат ижтимоий тармоққа тарқатилганидан хабар топганимдан кейин, уни руҳшунослар кўригига олиб бордим.

У айни пайтда вилоят руҳий касалхонасига ётқизилган. Ижтимоий тармоқларда берилган маълумотлар эса мени ҳайрон қолдирди. Нажмиддин Кубро кўчасида жойлашган «Пайнет» дўкони укамга ёки бошқа қариндошларимизга ҳам тегишли эмас. Укам руҳий касал бўлгани сабабли ушбу дўконда ёки бошқа жойда ишламайди. Бошқа жойда, тумандаги «Бобур» МФЙ ҳудудида оиламизга қарашли савдо дўкони мавжуд. Бироқ ушбу дўконни буздириш тўғрисида уларга ҳеч ким ҳеч қандай кўрсатма бермаган, бу ҳақда умуман гап йўқ.

Турли ижтимоий тармоқ ва мессенжерларда нега бундай маълумот ёзилди, буни билмайман. Укам, фақатгина руҳий касал бўлгани сабабли ечиниб олган. Ушбу ҳолатда ҳеч қандай норозилик акцияси йўқ.

Энг ёмони, укамнинг яланғоч ҳолатдаги фотосурати тарқалиб кетгани мени руҳан эзиб ташлади. Ҳали ҳам ўзимга келганим йўқ. Ахир, руҳий бемор одамнинг ёрдамга муҳтож ҳолатидан ўз шахсий манфаати ёки кимнидир беҳурмат қилишда фойдаланиши мумкинми? Наҳотки, ҳаёт шоуга айланган бўлса? Беморнинг яқинлари ва қариндош уруғлари эл орасида юришини ўйлаймайдиган ярамас кишилардан қай даражада хафалигимни фақат кўз ёшларим айтади, холос...» (Шу гапларни айта туриб, суҳбатдошимиз кўзига ёш олди)

Асака шаҳридаги Нажмиддин Кубро кўчасига бориб, ўша «Пайнет» дўкони, унда фаолият юритаётган тадбиркор йигит ва ўша дўкон ортидаги кафе эгаси билан ҳам суҳбатлашдик.

 Бобуржон Мирзаев, («Пайнет» дўконида фаолият юритади):

«Биринчи февралдан бери шу ерда ишлайман. У йигитнинг бу дўконга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Танимайман ҳам. Тушдан кейин келиб, мана шу кўча ўртасига ечиниб ўтириб олди. Мен савдо қилаётгандим. Ҳозир ҳамма мени ўша суратдаги одам деб ўйлаяпти. Лекин мен эмасман! Қандай исботлаш керак билмадим?!».

 Равшанбек Рустамов,  «Ойбек-78» МЧЖ раҳбари:

«Ечинган ҳолатдаги шахс тўғрисида ижтимоий тармоқлардан ўқиб билдим. Лекин бизга қарашли кафе олдида ўрнатилган «Пайнет» дўконларини кўчириб бериш бўйича ҳеч кимга мурожаат қилмаганман.

Тарқатилган сурат ва уни талқини умуман нотўғри. Ечинган ҳолда суратга олинган шахсни умуман танимайман. Кўриб турибсизлар, бизга «Пайнет» дўкони умуман халақит бераётгани йўқ».

М.Анинг опаси, «Пайнет»да фаолият юритаётган йигит ва «Ойбек-78» жамияти эгалари суратга тушишни хоҳлашмади.

Ўрганиш якунида «асакалик тадбиркор ечиниб туман ҳокимлигига ўз норозилигини янгича шаклда етказгани» ҳақидаги хабар ёлғонлиги маълум бўлди.

Элмурод Эрматов, Андижон

Элмурод Эрматов
Тайёрлаган Элмурод Эрматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид