Спорт | 20:38 / 22.03.2019
10500
4 дақиқада ўқилади

Любинко Друлович: «Ўрунов рақибни алдайман деб тўпни олдириб қўяди? У дриблингни яхши кўради ва бу нормал ҳолат»

Ўзбекистон миллий олимпия жамоаси бош мураббийи Любинко Друлович Ҳиндистон термасига қарши кечган Осиё чемпионати саралаш ўйинидан кейин  (3:0) матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб қайтарди, деб хабар бермоқда Tribuna.uz мухбири.

«Жуда қизиқарли ўйин бўлди. Иккинчи бўлимда биринчисидан кўра яхшироқ ўйнадик. Учта гол урганимиздан мамнунман. Ҳиндистон ҳам ёмон ўйнамади, биринчи таймда уларда иккита имконият бўлди. Рақибдан бундай яхши ўйинни кутмагандик», – дея дастлабки фикрларини билдириб ўтди Друлович.

– Икки ҳужумчи – Абдухолиқов ва Мираҳмадовдан асосий таркибда нега Миржаҳонни танладингиз?
- Бобур биз учун жуда муҳим ўйинчи, у ўртоқлик ўйинларида жуда яхши ўйнади. Кичик жароҳати сабаб бу ўйиндан олдин етти кун машғулот ўтказмади. Уни ҳимоя қилишимиз керак эди. Ҳали олдинда яна битта ўйинимиз бор. Шу сабабли у асосий таркибга киритилмади.

– Абдулла Абдуллаев ва Жасурбек Яхшибоев  ҳам бошланғич таркибда йўқ эди?
– Яхшибоев биз билан машғулотларда кўп қатнашмади, беш кун олдин «Пахтакор» сафида майдонга тушганди. ОКМК билан ўртоқлик ўйинидагина уни синаб кўришга муваффақ бўлдик. Уни жуда кучли футболчи деб ҳисоблайман, буни иккинчи бўлимда ҳам кўрсатди.

– Остон Ўрунов ва Ислом Кенжабоев рақибни алдайман деб, кўп марта тўпни олдириб қўйишди. Ойбек Рустамов эса пас узатишда жуда кўп хатоларга йўл қўйди. Уларнинг ўйини ҳақида қанақа фикрдасиз?
– Бу нормал ҳолат, Остон – ёш футболчи. У билан кўп гаплашганмиз, баъзида оддийроқ ҳаракатлар билан ўйнаши керак. Лекин у дриблинг қилишни яхши кўради. Ёш футболчи учун бу нормал ҳолат. Ойбек эса, фикримча, тактик жиҳатдан жуда яхши ўйинчи. Яримҳимояда барча чизиқларни ёпади. Бугун ҳам жуда яхши ўйнади. Баъзида тўпни олдириб қўйди, лекин бу футболда нормал ҳолат.

– Ҳожиакбар Алижонов ҳам, Жасур Яхшибоев ҳам йиғинларда умуман иштирок этмай, беш кунгина олдин таркибга қўшилишди. Уларнинг «Пахтакор»даги муваффақиятли ўйинларига қараб майдонга туширган бўлармидингиз?
– Тўғри, улар беш кун олдин таркибга қўшилишди. Алижонов «Пахтакор»да жуда яхши ўйнаяпти, аммо Туркиядаги йиғинда ҳимоямиз устида ишлаганмиз. Ҳожиакбар ҳимояда яхши ҳаракат қилади. Ҳимоя чизиғида рақобат бор экан, бу борада мен қарор қабул қилишим керак. Алижоновни яхши ўйинчи деб ҳисоблайман.

– Тожикистон ОТЖ бош мураббийи Усмон Тошев ўзбек футболини жуда яхши билади. Тожикларга қарши ҳам бугунги ўйин кўрсатиладими ёки сюрпризлар бўладими?
– Олдинда тўрт кун вақт бор, биринчи навбатда жисмонан тикланиб олишимиз керак. Орада Тожикистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ўйинни ҳам кўрамиз. Шундан кейин бир қарорга келаман. Усмон Тошевнинг ўзбек футболидан яхши хабардор экани биз учун муаммо эмас. Чунки, менимча, кейинги ўйинда бугунгидан яхшироқ ўйнаймиз.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид