«У биздан эмас!» Крайстчерч фожиасига кескин муносабат билдирган австралиялик сенатордан истеъфо талаб қилинди
Шу ҳафта Австралия Сенатида Янги Зеландиядаги терактлардан кейин уни уюштирган австралиялик террорчини эмас, балки мутаассиб мусулмонларни айблаб чиққан сенатор Фрейзер Эннинг истеъфоси муҳокама қилинди.
Эннинг 15 мартда Крайстчерч шаҳрида 50 кишининг ўлимига сабаб бўлган қонли воқеа куниёқ ижтимоий тармоқларда бунга ўз муносабатини билдирган, ҳодисанинг асл сабаби мамлакатдаги қурол савдоси бўйича қонунлар эмас, мутаассиб мусулмонларнинг оммавий кўчиб келишига йўл очиб берувчи миграция сиёсати эканини ёзганди. У кейинроқ бу сўзларини тармоқдаги саҳифасидан ўчириб ташлади, аммо унгача қатор ОАВ бу ҳақда хабар берган, бунинг ортидан кўплаб сиёсатчилар сенаторни танқид қилиб чиққанди. Хусусан, Австралия бош вазири Скотт Моррисон унинг сўзларини «жирканч», нуқтайи назарини эса мамлакат парламенти учун номуносиб деб атади.
Шундай бўлса-да, Фрейзер Эннинг ва унинг фожиага муносабати ҳақида жаҳон оммаси асосан терактларнинг эртаси куни ушбу сенатор билан рўй берган воқеа туфайли хабар топди. 16 март куни Мельбурнда журналистларга интервью бераётган Эннингнинг бошига ўсмир йигит тухум билан ургани интернетда шов-шувга айланди.
Someone has just slapped an egg on the back of Australian Senator Fraser Anning's head, who immediately turned around and punched him in the face. @politicsabc @abcnews pic.twitter.com/HkDZe2rn0X
— Henry Belot (@Henry_Belot) 16 марта 2019 г.
Кўп ўтмай, «change.org» порталида 69 ёшли сенаторнинг истеъфоси талаб этилган петиция бошланди. Уни 1,4 млндан ортиқ инсон имзолагач, шу ҳафта бошида мазкур масала Австралия парламентида сенатор Меҳрин Фаруқи томонидан муҳокамага қўйилди. Фаруқи ўз сўзида, жумладан, шундай деди:
«Сенатор Эннинг, сиз қилган иш – мутлақо шармандалик. Ўзингиздан уялишингиз ва истеъфо беришингиз керак».
Бошқа бир сенатор Сара Ҳэнсон ҳамкасбининг сўзларига тоқатсизлигини очиқ билдириб, анча кескин оҳангда гапирди:
«Сиз иснодга қолдингиз. Бизга қараб кулманг. Одамлар ҳалок бўлишди, сиз бўлса буни ҳазил деб ўйлаяпсиз, ҳазил! Қандай шармандалик! Унинг сенатор бўлишга ва ўз тоқатсизлигини, ирқчилигини, терроризм ва қотилликни оқловчи эканини баралла жар солиб айтишга ҳаққи йўқ.
Биз бунинг оқибати нима бўлишини биламиз, чунки гувоҳ бўлдик. Янги Зеландияда 15 мартда кўрдик! Бунинг оқибати нима бўлишини биламиз, чунки ҳалок бўлган 50 кишининг исмларини эшитдик.
Мен уни ҳатто сенатор Эннинг деб ҳам атамоқчи эмасман, чунки у бунга лойиқ эмас. У Австралия халқини акс эттирувчи вакил бўлишга қодир эмас. У ўзини австралияликман дея олмайди! У биздан эмас!»
Сенатдаги мухолифат етакчиси Пенни Уонг ҳам мазкур ҳолатга ўз муносабатини билдирди:
«Нафрат олови келтириб чиқарган даҳшатли воқеалардан кейин, инсонлар қайғуга чўмган, бутун халқ мотам тутаётган бир вақтда бир сенатор ҳақоратли ва нифоқ уруғини сочадиган баёнот билан чиқди. У юз берган даҳшатли террор ва қотилликда ультра-ўнг қарашларга эга экстремист-террористни эмас, балки ажал воқеаси қурбонларини айблади.
Бу сенатор бошбошдоқлик оловига ўтин қалашга уринди. Қандай аячли ҳолат... Қандайин шармисорлик...», – деди у.
Эннинг эса узр сўраб, истеъфо бериш ниятида эмас. У сенаторларнинг юқоридаги фикрларини «эркин фикр билдириш ҳуқуқига таҳдид» дея баҳолади, ўзига нисбатан бундай муносабатни «сўл қанот вакилларининг қанчалар ахлоқли эканликларини намоён қилишларининг энг ёмон кўриниши» деб атади. Пенни Уонг эса, бу борада қуйидагиларни таъкидлади:
«Сўз эркинлиги ва ҳақорат қилиш ўртасида фарқ бор. Сўз эркинлиги – демократиянинг хусусиятларидан бири, ҳақорат эса демократияга нисбатан ҳужумдир. Ирқчилик, хурофот, камситиш ва ҳақоратга йўғрилган нутқларга тоқат қилиб ўтирмаслигимиз зарур. Бундай ҳолларга дуч келганда бу ҳақда жар солишимиз керак».
Маълумот учун, Эннинг 2016 йилги сайловларда етарлича овоз йиға олмаган, аммо 2017 йилда бошқа бир сенатор истеъфога чиқарилганидан сўнг унинг ўрнига бор-йўғи 19та биринчи ўриндаги овоз билан сайланган. У 2 апрель куни Фрейзер Эннингнинг Консерватив миллий партияси деб номланган партияга асос солди.
Мавзуга оид
22:08 / 28.11.2024
Австралияда болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқловчи қонун қабул қилинди
19:32 / 28.11.2024
Колумбия полицияси 225 тонна кокаин ва 6 та «наркосубмарина»ни мусодара қилди
19:28 / 27.11.2024
Янги Зеландияда маори қабиласи оқсоқолининг портрети аукционда рекорд нархда сотилди
23:51 / 26.11.2024