Ўзбекистон | 16:35 / 11.04.2019
14749
7 дақиқада ўқилади

Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси эълон қилинди

Фото: KUN.UZ

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни» лойиҳаси жойлаштирилди.

Қонун лойиҳасига кўра, аҳолини рўйхатга олиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига асосланади ва ушбу Қонун, ушбу Қонундан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган норматив ҳужжатлар, Ўзбекистон Республикаси «Давлат статистикаси тўғрисида»ги Қонуни ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.

Аҳолини рўйхатга олишнинг мақсади демографик, ижтимоий ва иқтисодий тавсифлар бўйича расмий статистик маълумотларни шакллантириш ҳамда унинг натижаларини минтақавий, миллий ва халқаро миқёсда фойдаланиш ҳисобланади.

Аҳолини рўйхатга олиш фуқароларнинг шахсий ҳаёти, уй-жой дахлсизлиги қонуний ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда амалга оширилади ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига асосланади.

Аҳолининг рўйхатга олишни ўтказишнинг асосий тамойиллари қуйидагилардан иборат:

илмий-услубий асосланганлик;

даврийлик;

умумийлик ва бир вақтда эканлик;

индивидуал рўйхатга олиш (шахсан);

шахсий маълумотларнинг махфийлиги;

якуний маълумотларнинг очиқлиги ва олиш имкониятининг мавжудлиги;

аҳолини рўйхатга олиш дастурининг, шунингдек уни ўтказиш ва маълумотларни қайта ишлаш услубининг Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудлари учун бир хиллиги.

Аҳолини рўйхатга олиш жараёнида сўров ўтказиладиган жисмоний шахсларга қуйидагилар киради:

қонуннинг 12-моддаси 4-қисмида кўрсатилган чет эл фуқароларидан ташқари аҳолини рўйхатга олиш санасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;

аҳолини рўйхатга олиш санасида республика ҳудуди ташқарисида бўлган, лекин Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари.

Респондентлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

уларнинг шахсий маълумотлари қайси мақсадда йиғилиши, ушбу маълумотлардан ким ва қандай фойдаланилиши ҳақида маълумотга эга бўлиш;

уларга тўлдирилган сўровномалар билан танишиб чиқиш, рўйхатга олиш варақаларига киритилган шахсий маълумотларга уларнинг тўлиқлиги
ва ишончлилигини таъминлаш учун аниқлик киритиш;

рўйхатга олувчи ходимдан гувоҳномасини кўрсатишини талаб қилиш, гувоҳномани кўрсатишдан бош тортилган тақдирда, рўйхатга олиш варақаси саволларига жавоб бермаслик.

Респондентлар аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга тўсқинлик қилмасликка ва рўйхатга олиш варақаси бўйича ишончли шахсий маълумотларни тақдим этишга мажбурдир.

Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ тадбирларнинг ўз вақтида ҳамда сифатли бажарилишини таъминлаш, рўйхатга олиш ишларининг ўтказилишини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш, рўйхатга олиш натижаларини таҳлил қилиш Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика комиссияси томонидан амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича ҳудудий комиссиялар тузилиб, улар норматив-ҳуқуқий ва услубий ҳужжатлар асосида аниқ чора-тадбирлар ҳамда масъул ижрочиларни кўрсатган ҳолда тайёрлов тадбирларини ташкил этиш ва аҳолини рўйхатга олиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш мақсадида, ўз ваколатларига мувофиқ қуйидагиларни белгилайди:

аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш ишларини молиялаштиришга жавобгар давлат бошқаруви органини;

картография материалларини тайёрлашга масъул бўлган давлат ва хўжалик бошқаруви органларини;

кўчалар номи ва уйларни рақамлаш ишларини тайёрлашга масъул бўлган давлат ва хўжалик бошқаруви органларини;

рўйхатга олувчилар хавфсизлиги, сўровномалар ва бошқа рўйхатга олиш ҳужжатларини сақлашни таъминлашга масъул бўлган давлат ва хўжалик бошқаруви органларини;

аҳолининг алоҳида тоифаларини рўйхатга олишни ўтказишга масъул бўлган давлат ва хўжалик бошқаруви органларини;

аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, натижаларни қайта ишлашни амалга ошириш учун мўлжалланган юкларни узлуксиз қабул қилиш ҳамда шошилинч етказиб беришни таъминлашга масъул бўлган давлат ва хўжалик бошқаруви органларини;

аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, натижаларни қайта ишлашни амалга ошириш учун зарур алоқа воситаларининг узлуксиз ишлаши, почта жўнатмаларининг навбатсиз қабул қилиниши ҳамда юборилишини таъминлашга масъул бўлган давлат ва хўжалик бошқаруви органларини;

аҳолини рўйхатга олишга жамоатчилик эътиборини жалб этиш мақсадида оммавий ахборот воситаларида аҳолини хабардор қилишга масъул бўлган давлат ва хўжалик бошқарув органларини;

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг аҳолини рўйхатга олиш учун масъул ваколатли органга кўмаклашиш бўйича вазифаларини.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари:

аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга жалб этилган шахсларнинг ўқиши ва ишлаши учун яроқли бўлган мебеллар ва алоқа воситалари билан жиҳозланган вақтинчалик бинолар ажратилишини;

аҳолини рўйхатга олиш варақалари ва бошқа ҳужжатларни вақтинчалик сақлаш учун қўриқланадиган бинолар ажратилишини;

зарур транспорт ва алоқа воситалари тақдим этилишини;

давлат кадастри ва давлат статистика органлари билан биргаликда доимий яшовчи аҳоли сонини кўрсатган ҳолда аҳоли пунктларининг тўлиқ рўйхати тузилишини таъминлайди.

Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва ўтказишни амалга оширувчи давлат органлари ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:

аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш масалаларини муҳокама қилиш ва ҳал этишда иштирок этиш;

аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш ишлари доирасида алоҳида ишлар ва тадбирларни бажаришда зарур ҳолларда, кўмаклашиш учун бошқа вазирликлар, идоралар, юридик шахслар ва халқаро ташкилотларни жалб этиш.

Аҳолини рўйхатга олишда иштирок этувчилар тўғрисидаги шахсий маълумотлар қуйидагилардан таркиб топади:

фамилияси, исми, отасининг исми

жинси;

ёши;

туғилган жойи;

миллати;

фуқаролиги;

яшаш жойи (турар жойи);

тили;

маълумоти;

никоҳ ҳолати;

уй хўжалиги таркиби;

уй-жой шароити;

бандлиги;

яшаш учун даромад манбаси.

Аҳолини рўйхатга олиш дастурига белгиланган тартибда бошқа қўшимча саволлар ҳам киритилиши мумкин.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузадиган, жавоби давлат, тижорат ёки қонун билан ҳимояланадиган бошқа сирларга тааллуқли ахборотларни ўз ичига оладиган саволлар киритилиши мумкин эмас.

Мавзуга оид