Жамият | 20:20 / 27.04.2019
43470
2 дақиқада ўқилади

Жорий йилги тест синовларида жавоблар варақасига ўзгартириш киритиш режалаштирилмоқда

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш учун кириш тест синовларида абитуриентларнинг жавоблар варақасига ўзгариш киритиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақида ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ўз Телеграм-каналида маълум қилди.  

Киритилиши кутилаётган ўзгаришга биноан, эндиликда тест синовларида жавоблар варақаси ҳар бир абитуриент учун махсус («именной») чиқарилади.

Бунда жавоблар варақасида абитуриентнинг исм-шарифи, тест куни, тест топширадиган ҳудуди, биноси, гуруҳи ва ўтириш жойи ҳамда ID-коди кўрсатилади.

Кун.уз манбасининг берган хабарига кўра, жорий йилги кириш тест синовларини ўтказиш тартибидаги янгиликларга бағишлаб гуруҳ назоратчилари учун ҳудудларда ташкил қилинаётган ўқув-семинарларида жавоблар варақасига киритилиши режалаштирилаётган ўзгаришлар ҳақида алоҳида маълумот берилмоқда.

Аввалроқ Давлат хизматлари агентлиги олий таълими муассасаларига ўқишга кирмоқчи бўлган абитуриентларга ҳужжатлар қабули бўйича маълумот берганди.

Унга кўра, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга кириш учун абитуриентлар Давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали мурожаат қилиш имконига эга бўлиб, уларнинг доимий (вақтинча) рўйхатда турган жойидан қатъи назар, экстерриториал тамойил асосида исталган Давлат хизматлари марказига кеча-ю кундуз мурожаат қилиши мумкин.

Шунингдек, абитуриент бир вақтнинг ўзида ўқитишнинг бир шакли доирасида учтагача олий таълим муассасаси (таълим йўналишлари)ни танлаши мумкин. Бир нечта олий таълим муассасаси (таълим йўналишлари)ни танлашда имтиҳон топшириладиган фанлар мажмуаси ва кетма-кетлиги мос бўлиши шарт. 

Мавзуга оид