Спорт | 18:24 / 29.04.2019
8509
3 дақиқада ўқилади

Бьелса йил фэйр-плейига айланган ҳолатга изоҳ берди

Фото: AFP/Getty Images

«Лидс Юнайтед» бош мураббийи Марсело Бьелса Чемпионшипнинг 45-турида «Астон Вилла»га қарши ўйинда (1:1) шогирдларидан ҳалол ўйнашни талаб қилгани билан боғлиқ ҳолатга изоҳ берди.

«Биз шунчаки рақибга жавоб голини уришга имкон бердик. Ҳаммасини ўзингиз кўрдингиз. Инглиз футболи ўзининг спортча характери ва ҳалоллиги билан танилган. Шундай экан, ушбу вазиятга қандайдир изоҳ бериб ўтиришим шарт эмас. Бундай ҳолатлар Англияда тез-тез бўлиб туради», – деган Бьелсанинг сўзларини келтирмоқда Sky Sports.

Эслатиб ўтамиз, иккинчи бўлимда «Лидс» футболчилари баҳсли вазиятда ҳисобни очишганди: майдон марказида «Астон Вилла» футболчиси жароҳат олиб майдонга йиқилгач, меҳмонлар тўп майдондан чиқариб юборилишини кутиб қолишди ва фейр-плейга амал қилмаган рақиб ҳужумини тўхтатишга кечикишди. Бу ҳужум эса Матеуш Клихнинг голи билан якунланди.

Бу вақтда ўйиннинг 72-дақиқаси ўтиб бораётганди. Меҳмонлар бу ҳолатдан кейин кескин норозилик билдиришди ва Клихга ташланишди. Бу тартибсизлик якунида ўйин бош ҳаками «Астон Вилла» ҳужумчиси Анвар Ал-Ғозийга қизил карточка кўрсатди.

Бу эпизоддан кейин «Лидс» бош мураббийи Марсело Бьелса ўз футболчиларига дарвозани рақибга очиб қўйиш ва улар эмин-эркин ҳисобни тенглаштириш имконини беришни буюрди.

Тўп майдон марказидан ўйинга киритилгач, мезбонлар турган жойидан қимирламади, фақат ҳимоячи Янссен мураббий қарорига бўйсунишни истамади ва охирги сонияларгача жамоаси дарвозаси ишғол этилишига қаршилик кўрсатди. Аммо Адома ҳисобни тенглаштиришни уддасидан чиқди.

Қайд этиш керакки, бу ўйиндаги ғалаба «Лидс» учун ўта зарур эди ва 3 очко қўлга киритилган тақдирда жамоа охирги тур олдидан 85 очко тўплаган ҳолда иккинчи ўриндаги «Шеффилд Юнайтед» (88 очко) билан АПЛга тўғридан-тўғри йўлланма учун рақобатни сақлаб қоларди. Аммо Бьелса АПЛ йўлланмасидан ҳалол ўйинни устун кўрди.

Мавзуга оид