Жамият | 15:30 / 09.05.2019
17182
5 дақиқада ўқилади

«Жангга борилмасин! Бугун ҳайит». Иккинчи жаҳон уруши фахрийси ҳикояларидан

Кеча Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида тадбирда бўлдик. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси бир нафаргина қолибди... 95 ёшга кирган отахонни йўқлаб қайтдик.

Ўтган асрнинг 80-йилларида ҳар бир маҳаллада 30-40 нафар чопон кийиб юрадиган нуроний чоллар бўлар эди. Ўша пайтдаги 9 май байрамлари ўтадиган мактаб тадбирларида саҳна фахрийларга тўлиб-тошганига гувоҳман.  

Мағрур отахонлар уруш воқеаларини бизга ҳикоя қилиб берар, ҳаммасининг охирги сўзи, «Биз уруш даҳшатларини кўрдик, иллоҳим сиз кўрманг», деган калима билан якун топарди.

Маҳалламизда яшайдиган синфдошимнинг дадаси раҳматли Алижон бува узун бўйли киши бўлиб, доим велосипед миниб юрар эди. Уруш қатнашчиси бўлган ота нимагадир жанг воқеалари ҳақида жуда кам сўзлаган. Лекин, у киши айтиб берган бир воқеа ҳали ёдимда.

Қарангки, унинг ҳаётий ҳикояси айнан бугун ёзишим учун айтилгандек.

«Даҳшатли урушнинг учинчи йили. Жангларда чиниқиб, тажрибамиз ошиб қолган, фашистларни ўз инига қараб қуваётган пайтимиз. Рота командиримизнинг авлоди офицер ўтган, ўзи ҳам зиёли, кўп китоб ўқиган одам эди. Аскарларга ҳам паст овозда, тушунарли қилиб буйруқ берарди. Ротада ўзбеклар, мусулмонлар кўп эдик. Орамизда қори йигитлар ҳам бўлган.

Ўша йили куз ойларида Рамазон ойи кирди. Қарангки, аскар йигитлардан бири, илмли йигит уч-тўрт кун рўза ҳам тутибди. Атеистлар ҳукмрон бўлган жамиятда қандайдир диний амални бажариш, ҳатто дин ҳақида гапиришга жуда ёмон қаралар эди. Тинимсиз динга қарши кураш кетар, лекторлар «диннинг зарарлари ҳақида» мунтазам маърузалар ўқирди.

Фаросатли командир бир куни ёнимга келиб, мохорка тутатиб ўтирди ва аста «Ҳайит байрамларинг қачон?», дея сўради. Унинг не мақсадда сўраганини тушунмасам ҳам бошлиқдан ёмонлик чиқмаслигини билганим учун, «аниқлаб айтаман» дедим. Ўз динига эътиқодли бўлган командиримиз Ислом дини, унинг аҳкомлари ҳақида ҳам кўп нарса билар экан. Нима қилса ҳам кўп китоб ўқиган киши бошқа, барибир. Анча гаплашиб ўтирдик.

Ҳайит кунига уч кун қолганида унга хабарини бердим. Мовий кўзли бошлиқ хотиржам юзимга қараб, «Байрам, байрамдек бўлиши керак. Тўғрими?» деди. Мен унинг нима мақсадда бундай деганини тушунмас эдим.

Иттифоқо, ҳайитдан бир кун олдин рота командиримиз, полкка кетди. Биз эса окопда фронт линиясини қўридик. Ҳайит куни эрталаб турганимизда ажойиб ҳодисанинг гувоҳи бўлганим ҳали ҳам ёдимда. Рота штаби жойлашган қишлоқ клубига узун столлар қўйилиб, уларнинг усти ўша пайт учун байрамона безатилган эди. Сур гўшт, оқ нон, ширинликни анчадан бери кўрмаган аскарлар анқайиб қолишди. Рота командири биз мусулмонлар учун ўз амали ва вазифасини гаровга қўйиб, ҳайит байрами уюштирган экан.

«Замполит» бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очмаслигимизни сўрарди. Ўша куни постга чиқмадик.

Рота командири христиан бўлганми ёки бошқа дин вакили билмадим, лекин инсонийлик жиҳатидан ўрнак бўладиган киши эди»...  

Бугун Рамазон кунларида ўтганларни хотирлаяпмиз. Балки, кимдандир эшитган ҳикоямда нималарнидир хато ёзган бўлишим мумкин. Агар шундай бўлса, Яратганни ўзи кечирсин.

Уруш ҳақида эшитган энг таъсирли ҳикояларимдан бири шу эди...                                                       

Элмурод Эрматов,

Kun.uz мухбири

Мавзуга оид