Жаҳон | 20:10 / 13.05.2019
3644
2 дақиқада ўқилади

Нигерияда 900 га яқин бола аксилтеррорчилик ташкилоти сафидан озод этилди

Нигерияда “Боко Ҳаром” террорчилик гуруҳига қарши курашувчи ҳарбий ташкилот сафига ёлланган 900 га яқин бола озод этилди. Бу ҳақда ЮНИСЕФ баёнотига иқтибос келтирган ҳолда CNN Africa нашри хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, ҳаммаси бўлиб 894 бола, жумладан 106 қиз озод этилган.

Улар Майдугури шаҳридаги “Бирлашган фуқаролик кучлари” (CJTF) ҳарбий ташкилоти томонидан ёлланган бўлганлар.

CJTF 2013 йилда Нигериядаги барқарорсизликка қарши кураш учун ташкил этилган ташкилотдир. 

“Биз болалар учун курашни якунлай олмаймиз, чунки улар ҳамон жанговар ҳаракатлардан азият чекмоқдалар. Биз операцияни Нигериядаги ҳарбий ташкилотлар сафларида бирорта бола қолмагунча давом эттирамиз”, деб айтган ЮНИСЕФнинг Нигериядаги вакили Муҳаммад Фолл.

ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, 2013 йилдан 2017 йилгача CJTF сафига 3500 дан кўпроқ бола ёлланган. CJTF 2017 йилда болаларни ёллашни тўхтатиш ҳақидаги келишувни имзолагач унинг сафидан 1727 бола озод этилган.

ЮНИСЕФнинг маълум қилишича, маҳаллий маъмуриятлар билан биргаликда озод этилган болаларни мослаштириш бўйича дастур олиб борилмоқда. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид