Light | 14:50 / 15.06.2019
29976
4 дақиқада ўқилади

National Geographic фототанлови: шаҳарлар, одамлар ва табиат

Биттагина сурат баъзан бир неча саҳифалардаги сўзлардан кўпроқ маъно англатади, кучлироқ таъсир қилади. Оламга машҳур National Geographic нашри турли фототанловларни мунтазам ўтказиб туради. Ана шуларнинг навбатдагиси натижалари билан таништирамиз.

National Geographic уюштирувчи энг яхши суратлар танловининг «Шаҳарлар» йўналишида сураткаш Вэймин Чу ғолиб бўлди. У Ғарбий Гренландияда жойлашган Упернавик балиқчилар шаҳарчасини кадрга муҳрлаган.

Фото: WEIMIN CHU

Музликлар билан қопланган дунёнинг энг йирик оролида аҳоли жуда кам яшайди. Упернавик шаҳарчасида ҳам бор-йўғи мингга яқин аҳоли бўлсада, шаҳарча аҳоли сони жиҳатдан Гренландияда ўн учинчи ўринни эгаллайди.

«Шаҳарлар» бўйича иккинчи ўрин Яссен Тодоровга насиб қилди. У суратини «Авиация асрида» деб номлаган.

Фото: JASSEN TODOROV

Сан-Франциско халқаро аэропортини юқоридан туриб суратга олган Яссен Тодоровнинг ўзи ҳам самолётни бошқариб кетаётган бўлган.

Йўналишдаги учинчи ўринни Бангладеш пойтахти Дакка шаҳридаги оммавий ибодат манзарасини кадрга туширган Сандипани Чаттопадхьяй эгаллади.

Фото: SANDIPANI CHATTOPADHYAY

«Одамлар» йўналишида биринчи ўринни Хуайфэн Ли муаллифлигидаги «Шоу бошланмоқда» сурати эгаллаган. Унда Хитойнинг Личэн уэздидаги маҳаллий актёрларнинг грим жараёни акс этган.

Фото: HUAIFENG LI

Бу йўналишнинг иккинчи ўрнида «Ҳар кунлик машқлар» номли сурат билан Йошики Фудзивара ғолиб бўлган. Унда Ҳонгконгдаги Чой Хун Хаус истироҳат боғида бадантарбия қилаётган кекса киши суратга олинган.

Фото: YOSHIKI FUJIWARA

Бу йўналишда «Отлар» деган сурат билан Хосе Антонио Замора учинчи ўринни эгаллаган.

Фото: JOSE ANTONIO ZAMORA

Ҳар йили Испанияда авлия Антоний байрами арафасида отлар учун Las Luminarias танлови ўтказилади. XVII асрдан буён давом этиб келаётган бу анъанага кўра отлар билан олов устидан сакралади ва шу тарзда покланиш мумкинлигига ишонилади.

«Одамлар» номинациясида рағбатлантирувчи мукофотни «Кайфият» сурати билан Навин Ватса эгаллаган

Фото: NAVIN VATSA

«Деҳлидаги Жамна дарёси бўйида олган бу суратимга эътибор берсангиз бола чуқур ўйга толганига ҳайрон бўласиз. Ҳатто минглаб чағалайларнинг овози ҳам унинг ўй суришига халал беролмайди», – дейди муаллиф.

«Табиат» йўналишида биринчи ўринни «Меҳрли кўзлар» аталган сурат билан Тамара Блазкес Хайк эгаллаган.

Фото: TAMARA BLAZQUEZ HAIK

«Чиройли оқбош калхат Испаниянинг Монфрагуэ миллий боғида учиб юрибди. Унинг кўзларига қараб туриб «шу ўлаксахўр қуш бехосият бўлади», деб айтиш мумкинми?», – дейди муаллиф.

Бу йўналишнинг иккинчи ўрнини «Тушларни овловчи» сурати билан Дэнни Сепковски эгаллади.

Фото: DANNY SEPKOWSKI

«Тўлқин чўққига чиққанида ва йўқолишидан олдин қандай манзара бўлади? Мен бу саволга бир йил жавоб изладим ва Ҳавайидаги Оаху оролида олган суратим билан жавоб беришга ҳаракат қиламан», – деган муаллиф суратини таърифларкан.

Учинчи ўринни қора дельфиннинг ажойиб ҳолатини кадрга муҳрлаган Скотт Портелли банд этган.

Фото: SCOTT PORTELLI

«Қора дельфинлар Янги Зеландиянинг Каиокура ярим ороли бўйлаб озиқ илинжида тўда-тўда бўлиб сузиб юришади. Уларнинг сув юзасига чиқишини кўриш жуда мароқли», – дейди Портелли.

«Табиат» йўналишида рағбатлантирувчи мукофотни «Альп қироли» сурати билан Йонас Шафер эгаллаган ва ўз суратини тўлқинланиб шундай таърифлаган:

«Тоғ эчкиларига қаранг — уларнинг бақувват шохлари қиролликларидан дарак эмасми?»

Фото: JONAS SCHAFER

Суратлар National Geographic Travel Photo Contest 2019 томонидан тақдим этилган.

Мавзуга оид