Ўзбекистон | 22:28 / 27.06.2019
252586
6 дақиқада ўқилади

Юлдуз Усмонова: «Гулнора Каримовани соғиниб қолганлар, кўзларингни очинглар!»

Интернетда Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг шоу-бизнес оламининг қатор вакилларига қилган мурожаати пайдо бўлди. Унда санъаткор Гулнора Каримованинг озод қилинишини ёқлаб чиққан шоу-бизнес вакилларини қоралаб, улардан кўзларини очишни сўраган.

«Бир гапиришганди, индамадим, лекин бу сафар жуда ҳаддидан ошиб кетишди. Санъаткорларимиз жудаям қаттиқ соғиниб, юраклари эзилиб кетибди. «Биз соғиндик, қачон чиқасиз» дейишибди. Чиқади, бошингларга бало бўлгани чиқади, гап йўқ! Ё жудаям яқиндан танирдингларми? Мендан сўрасаларинг бўлади, ёнларида хизматларига чақирса, эрталабгача ухламай, пулларимни ололмай ўтирган кунларим бўлган.

Қачон кўзларинг очилади, мусулмонлар?!

Сизлар бугун микрофонни ушлаб ашула айтяпсизлар, эртага ҳеч ким эмассиз. Нега халқнинг бошини айлантиряпсизлар? Гулнора Каримова?! Гулнора Каримовани давлат билган, таниган, 1 миллиарди ташқарида. 1 миллард доллар, 1 миллиард сўм эмас. Давлатнинг 1 тийини ҳам халқники, Ҳақники. Тушундиларингми? Ҳали билмаганлар қанча? Ким нима деса орқасидан эргашиб кетавериш керакми, бўлди қилинглар энди. Олдин сиёсатчилар бизга тегарди, бугун сизлар нимага тегяпсизлар? У пулни ким қайтаради, у халқнинг пули, саники билан маники эмас-ку? У давлатнинг пули (столни муштлаб).

Шунча бева-бечораларга уйлар берилди, ёрдам кўрсатилди. Қачон шунақа бўлганди? Нима учун бу пулни сўрамаслигимиз керак, сўраймиз. Мен ўша пуллар қайтиб келиши тарафдориман.

Халқнинг пули халққа қайтсин. У пулга биласизларми нималар қилса бўларди, боғчалар, оиласини зўрға тебратаётганлар бор. Майли-да, орзу-ҳавасда юрганлар бор, ойликдан ойликкача зўрға яшайдиганлар бор. Ота-онаси ишга кетиб, ўлиб кетганлар қанча, ўшаларга пул керак, етим-есирга керак, боғча керак, мактаб керак, билим керак, китоб керак. Ҳа бу қаердан келади, айтинглар-чи? Сиз ўғирлаб қочсангиз, мен қайси ўғрини соғинишим керак? Ўғри-ю у! Йиғиштиринглар бунақа хом-хатала гапларни. Ижодни қилинглар, микрофонни тузукроқ олиб, ашула айтишни ўрганинглар. Бугун сизларнинг камчиликларингизни айтмаётган бўлсак, бу ҳаддиларингдан ошиш керак деганимас.

Сиёсатчилар бизга тегарди, биз хафа бўлиб интервью берардик, бугун сиёсатчилар тегмаяпти бизга, нега сизлар тегяпсизлар сиёсатчиларга? Шунга аччиғим келяпти. Бошидан сув томмаган одам билмайди-да, нималигини.

Мен яхши биламан у кунларни, йилнинг ярми хизматида «шувоқ эди», ҳозир пул ишлаяпмиз-ку ўртоқлар! Мен ҳозир энди сизларга тўғридан-тўғри савол бераман – сизларга жавоб бўлсин, нима бўляпсизлар сизлар? Соғинаётганлар – Жаҳонгир аканинг қўлидан чиққан санъаткорлар, сизларам соғиняпсизлар. Сўранглар-чи, Жаҳонгир ака соғиняптимикан? Шаҳар ҳокими. Сўранглар-да. Ҳеч ким соғиниб ўлаётгани йўқ. Чунки унинг бошидан тегирмон тоши ўтди, бошига қор тушганда ўзи куради. Ва кимдан қор ёққаниниям яхши билади. Сизлар билиб-билмасдан ҳаммаёққа бурниларингни тиқаверасизларми? Бу ёшларга қачон ақл киради?

Мен ҳозир битта-битта отингни айтадиган бўлсам, халқ битта-битта тупурса, лаънатнинг ичида қолиб кетасизлар. Нима қиласизлар ҳозир билиб-билмай ҳаммаёққа бурниларингни тиқиб. «Запрет» бўлганлардан сўранглар. Бугунги кун, бугунги давр, халқнинг даври. Хурсанд бўлинглар. Омон-омон замонда яшаётганларингга Аллоҳга шукрона қилиб, халқни этагини ўпиб, хизмат қилинглар...», дея сўзларини якунлаган Юлдуз Усмонова.

Гулнора Каримова 2015 йилнинг августида, биринчи президент Ислом Каримов даврида қатор молиявий жиноятларда айбдор деб топилган ва унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланганди.

У Ўзбeкистон Бош прокуратураси томонидан триллионлаб сўм даромадни солиқдан яширганлик, ўзгаларнинг триллионлаб сўмлик мулкини товламачилик билан тортиб олиш ва қарийб 2 миллиард АҚШ долларини хорижда бeркитиш каби жиноятларда айбланган.

Кейинроқ Гулнора Каримовага нисбатан фирибгарлик, хорижий валютани яшириш, божхона қонунчилигини бузилиши бўйича яна бир жиноий иш қўзғатилган.

2017 йилнинг 18 декабрида 10 йилга озодликдан маҳрум этилган Гулнора Каримовага жазо 2018 йилнинг 1 июлида 5 йилга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган.

Лекин уй қамоғида ўтирган Гулнора Каримова Ўзбекистонга етказилган зарарни қоплашга фаол қаршилик қилгани, шунингдек чекловларни бузгани учун 2019 йилда яна қамоқхонага қайтарилган.

Гулнора Каримова энди унга нисбатан тайинланган жазонинг ўталмай қолган муддатини - 4 йилни умумий тартибли колонияда ўташи керак.

23 июнь куни Гулнора Каримованинг қизи Инстаграмдаги саҳифасида онасининг навбатдаги мурожаатини эълон қилди.

«Биринчи сўровларданоқ маблағларим мамлакат ривожи учун хизмат қилиши мақсадида ҳамкорлик қилишни бошлаганман. Бу пуллар Ўзбекистон учун наф келтирадиган лойиҳаларда салмоқли ўрин тутади, деган умиддаман. Прокуратура давлат фойдасига мусодара қилинган мол-мулк ва воситаларни аниқ ҳисоблаб бўлмаслигини даъво қилган бўлса-да, Ўзбекистон ҳудудидаги 1,2 миллиард доллар миқдоридаги шахсий активларим менга тегишлиликдан чиққани ва республика бюджети учун ишлаётганини билдирмоқчиман. Бу ҳолат бир неча маҳаллий текширувлар давомида ўз тасдиғини топган.

Мен ва адвокатларим 131 миллион АҚШ доллари миқдоридаги пуллар қайтарилиши учун қўлимиздан келганини қиляпмиз. 555 миллион долларлик бошқа сумма учун ҳам ҳаракатни бошлаганмиз», — дейилган баёнотда.

Унинг бу баёнотидан кейин Жаҳонгир Позилжонов, Халима Ибрагимова, Зиёда Қобилова каби шоу-бизнес вакиллари ўз саҳифаларида Гулнора Каримовага нисбатан илиқ сўзлар билдириб, унинг тезроқ озодликка чиқишини тилади.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда айни вақтда Зангиотадаги аёллар қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётган Гулнора Каримова яқинда озодликка чиқиши ҳақида хабарлар тарқалди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги бир неча манбаларнинг Kun.uz’га билдиришича, бу ҳам ҳақиқатдан йироқ бўлган тахминлардир ва Гулнора Каримова озодликка чиқиши кутилмаяпти.

Маълумот учун, Юлдуз Усмонова 2013 йилда Гулнора Каримовага бағишлаб, "Гулисан" номли қўшиқ куйлаган эди. 

Мавзуга оид