Спорт | 00:10 / 05.07.2019
7473
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ёзги Универсиададаги дастлабки медални қўлга киритди

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

Италиянинг Неапол шаҳри мезбонлик қилаётган ёзги Универсиаданинг дзюдо бўйича биринчи кун баҳслари якунланди. Ушбу беллашувларда эркаклар ва аёллар терма жамоаси жами 4та вазнда татамига кўтарилди. 

Эркаклар ўртасидаги беллашувларнинг +90 кг вазн тоифасида Муҳаммадкарим Хуррамов “А” гуруҳида америкалик Керр Масон Пипер, венгриялик Петер Арваи ва Богдан Воицикни мағлуб этди, аммо ярим финалда япониялик Канта Наканога имкониятни бой бериб қўйди. Бронза медали учун кечган баҳсда эса польшалик Олексий Лисенко устидан ишончли ғалабага эришган Маҳаммадкарим Ўзбекистон делегациясига турнирдаги илк медални тақдим этди.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

Шунингдек, -90 кг вазн тоифасида қатнашган Давлат Бобонов аввалига саудиялик Абдулраҳмон Алрамманни, кейин япониялик Гоки Тажимани мағлуб этиб, чорак финалга йўл олди. Аммо ушбу босқичда у бразилиялик Густаво Ассис тўсиғидан ўтолмади.

Мусобақада аёллар ўртасидаги баҳсларнинг -70 кг вазн тоифасида иштирок этган Гулноза Матниязова илк босқичда кореялик Ё Вон Лидан устун келди. Аммо иккинчи даврада у россиялик Мадина Таймазовага имкониятни бой берди. Бронза медали учун ўтказилган қўшимча саралаш босқичида эса дастлаб Гирдзуите Жиойя Феттерлини мағлуб этди, бироқ ҳал қилувчи баҳсда германиялик Сара Мекелбургга имкониятни бой бериб қўйди. 

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

+70 кг вазн тоифасида Нодира Йўлдошева италиялик Дебора Салани енгишга муваффақ бўлди, аммо чорак финалда жанубий кореялик Ми Жин Хан тўсиғидан ўта олмади. Бронза медали учун ўтказилган қўшимча саралаш босқичида эса унинг йўлига франциялик Валентин Маршан тўғаноқ бўлди.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

Универсиада дастурида дзюдо бўйича мусобақалар 4-7 июль кунлари ўтказилиши белгиланган бўлиб, келгуси кунларда яна 6 нафар дзюдочи талабаларимиз медаллар учун баҳс олиб боришади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид