Ўзбекистон | 11:26 / 10.07.2019
10156
2 дақиқада ўқилади

121 нафар десантчи парашют билан 164та сакрашни амалга оширди

Мудофаа вазирлигига қарашли Тошкент вилоятида жойлашган Нурафшон тумани Аранча қўрғони десантлаштириш дала-ўқув майдонида 121 нафар десантчи 164 та сакраш амалиётини муваффақиятли бажарди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар қилмоқда.

Таъкидлаш керакки, десантчилар ичидан 24 нафари илк бор “парвоз” қилди. Улар жорий йилнинг сентябр ойида Қуролли Кучлар миқёсида “Фарғона” полигонида ўтказилиши режалаштирилган парашют спорти мусобақасига қизғин тайёргарлик кўрмоқда. “Д-6”, “Беркут-2”, “Мальва аксиома” каби парашютларда бажарилган сакраш амалиёти кўнгилдагидек ўтди.

“Парашют кийиш чизиғи”, “Гуруҳ командири текшириш чизиғи”, “Взвод командири текшириш чизиғи”, “Ҳаво-десант офицери текшириш чизиғи”... Бу кетма-кетлик десантчиларни Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли Ми-8 ҳарбий вертолёти томон тобора яқинлаштириб бораверади. Гуруҳ командирлари ҳарбий вертолётга чиқиш олди сўнгги кўрсатмаларни берди.

Шундан сўнг десантчилар гуруҳ-гуруҳга бўлинган ҳолда навбатма-навбат белгиланган ҳудудга парашют билан сакраш вазифасини бажаришга киришди.

Ушбу машғулот давомида илк бор парашют билан сакраётган десантчилар ҳам мавжуд. Уларнинг кўникма ва имкониятларини кенгайтириш, ҳар қандай вазиятда юксак руҳий ва жанговар барқарорлигини таъминлашга хизмат қиладиган машғулот, айниқса, сакраш борасида “дебют” қилган ҳарбийлар учун катта синов бўлди.

Сўнг десантчилар учун дала шароитида ҳозирланган ахборот маълумот маркази, психологик зўриқишларни бартараф этиш пункти, тиббий хизмат хонаси, маънавий ҳордиқ чиқариш хонаси, ювиниш жойи ва дала ошхонаси кўздан кечирилди.

 

Мавзуга оид