Спорт | 22:53 / 13.07.2019
13102
2 дақиқада ўқилади

Будапешт-2019. Иккинчи кун: иккинчи медал

Будапештда дзюдо Гран-при турнири давом этмоқда. Бугун эркаклар -73, -81, қизлар -63, 70 кг вазнда татамига тушди.

Турнирда қатнашаётган ўзбекистонлик дзюдочилардан Ҳикматулло Тўраев -73 кг вазнда бронза медалини ва Олимпия ўйинлари учун қимматли рейтинг очколарини қўлга киритди. Ушбу вазнда турнирда қатнашаётган яна бир ўзбекистонлик дзюдочи Ғиёсжон Бобоев эса бешинчи ўрин билан кифояланди. У учинчи ўрин учун курашда айнан Ҳикматулло Тўраевга имкониятни бой берди. Мазкур вазнда биринчи ўринни косоволик Г.Акил россиялик рақиби Георгий Элбакиевни мағлуб этиб қўлга киритди. Учинчи ўриннинг яна бир эгаси озарбойжонлик Телман Валиев бўлди. У ҳал қилувчи баҳсда япониялик тажрибали дзюдочи Масаши Эбинумани таслим этди.

-81 кг вазнли полвонлар баҳсларида ғолиблик грузин Григилашвили Татога насиб этди. У финалда бразиялик Ж.Макидодан устун келган. Шунингдек, учинчи ўринларга мезбон У.Аттила ва болгариялик И.Ивайлолар эга чиқишди. Ушбу вазнда мусобақада қатнашган икки ўзбекистонлик дзюдочилар: Шарофуддин Болтабоев ва Камолиддин Расуловлар тўртинчи даврада иштирокларини тўхтатишга мажбур бўлди.

Аёллар ўртасида -63 кг вазнда мусобақа ғолиблигини япониялик Дои Масако илиб кетди. Кейинги ўринларни Куадрос Кейтлен (Бразилия), Янг Жунхиа (Хитой) ва кубалик Дел Торо Карваҳал Майлинлар эгаллашди.

-70кг вазнда курашган дзюдочи қизлар ўртасида ғолибликни АҚШ вакиласи Ҳовелл Гемма қўлга киритган бўлса, кейинги ўринлар М.Бернабеу, Телтсидоу Элизавет, Зупанчич Келиталарга насиб этди. Бу вазнда иштирок этган ўзбекистонлик Гулноза Матниёзова учинчи даврада бўлажак чемпионга ютқазган.

Эртага мусобақанинг сўнгги кунида оғир вазнли полвонлар иштирокларини бошлайди. Маълумот учун, дзюдо бўйича Гран-при турнирида олимпия ўйинлари учун қимматли рейтинг очколари тақдим этилади. Қуйидаги жадвалда барча турнирлар, жумладан Гран-при иштирокчилари ва ғолибларига бериладиган рейтинг баллари кўрсатилган.

Мавзуга оид