Жамият | 21:04 / 27.07.2019
33226
3 дақиқада ўқилади

Ezidyor раҳбари ва Тошкент шаҳар ҳокими компенсация масаласини муҳокама қилишди

GRAND DUET МЧЖ Ўзбекистон - Бирлашган Араб Амирлиги қўшма корхонаси раҳбари Шерзод Собиров ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Ezidyor ресторани компенсация масаласида музокараларни давом эттирди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

2003 йилдан буён аҳолига замонавий бизнес маркази сифатида хизмат кўрсатиб келган, Ezidyor номи билан машҳур бўлган тўйхона бузилиши юзасидан тадбиркорга компенсация тўланиши маълум бўлганди. 

Собировнинг Kun.uz'га маълум қилишича, аввалига Тошкент шаҳридаги «Версал»  тўйхонаси таклиф қилинган. Аммо мол-мулклар ўртасида йирик тафовут мавжудлиги, хусусан 40 миллиард сўм қўшимча тўлов қобилиятига эга бўлмаган компания ушбу таклифни рад этган. 

«Бизга «Саёҳат» ресторани берилиши белгиланди.  Бу ҳукумат баённомасида ҳам акс этган, аммо турли номаълум важлар билан бино бизга топширилмади. Хорижий ҳамкорларимиз ишни суд тартибида кўриб чиқиш тарафдори бўлди. Суд ишни жорий йилнинг 16 май куни якунлаб, қарор чиқарди», — дейди  GRAND DUET МЧЖ  раҳбари. 

26 июль куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев тадбиркор билан учрашувда унга 3 хил таклифни билдирди: «Саёҳат» ресторанини қабул қилиш, 19 миллиард сўм атрофида компенсация пули ёки Тошкент шаҳри Нукус кўчасида жойлашган турар-жой биносининг биринчи қаватидаги ер берилиши мумкин. 

«Тадбиркор янги бизнес ва машаққатлардан қўрқмаслиги керак. «Саёҳат» ресторани истиқболсиз ҳудудда жойлашгани туфайли сизга бошқа вариантлар таклиф қилинмоқда. Шунга қарамай, танлов ва қарор қилиш сизнинг ихтиёрингизда», — дейди у. 

Собиров билдирилган таклифлардан кўнгли тўлгани, айни пайтда ушбу масалани ҳамкорлари билан маслаҳат қилишини таъкидлади. Тадбиркор хорижий ҳамкорларини тез орада Ўзбекистонга таклиф этиши ва ушбу масалада якуний қарорга келишини билдирди.

Мавзуга оид