Ўзбекистон | 11:14 / 31.07.2019
4229
5 дақиқада ўқилади

Ҳукуматнинг Давлат дастури бажарилиши юзасидан ҳисоботи дастлабки тарзда кўриб чиқилди

Жорий йилнинг 30 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамда Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2019 йил I ярим йиллигида бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботи дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Фото: parliament.gov.uz

Таҳлилларга кўра, 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида мамлакатда ялпи ички маҳсулот ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 5,8 фоизга ўсган. Мамлакатда яратилган қулай инвестиция муҳит натижасида асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажмининг 1,6 бараварга, қурилиш ишлари ҳажмининг 20,0 фоизга ўсиши, иқтисодиётдаги ялпи қўшилган қиймат таркибида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан саноат улушининг 30,3 фоизга ошиши ҳисобига иқтисодиёт таркибида сифат ўзгаришлари кузатилди.

Бугунги кунда мамлакатда давлат-хусусий шериклик шаклларини жорий этиш орқали нодавлат таълим секторини ривожлантиришга ҳамда ривожланган давлатлар тажрибаси асосида таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, мактабгача таълим соҳасида ҳисобот даврида 50 920 қувватга эга нодавлат мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш учун давлат-хусусий шериклик битимлари имзолангани депутатлар томонидан ижобий баҳоланди. Натижада республикада мактабгача таълим муассасалари сони 9 774 тани ташкил этиб, 2 632 минг нафар мактабгача ёшдаги болаларнинг 1 066 353 нафарини (40,5 фоиз) мактабгача таълим билан қамраб олишга эришилган.

2019 йилда халқ таълими тизимига Давлат бюджетидан 16,4 трлн. сўм маблағ ажратилиб, мазкур маблағлар тизим ходимларининг иш ҳақига, улар меҳнатини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга, таълим муассасаларининг қурилиши, таъмирланиши ва реконструкциясига, моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтирилган. Жумладан, 10-11 синфлар учун 18,7 млн. нусхада китоб чоп этилган, 33 янги мактаб қурилиб, 623 таси реконструкция қилинган.

Жорий йилда ёшларнинг олий таълим тизимида таҳсил олиш учун тенг имконият яратишга қаратилган ишлар кучайтирилди. Иқтисодиёт тармоқлари учун илғор хорижий тажрибалар асосида юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида жорий йилнинг I ярмида хорижий давлатлар етакчи олий таълим муассасаларининг 9 та филиали, маҳаллий олий таълим муассасаларининг 6 та филиали ташкил этилди, 28 та таълим йўналишида 1025 нафар талаба қабул қилиниши белгиланиб, 900 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Олий таълим муассасалари учун қабул квотаси ўтган йилга нисбатан 20 фоизга оширилди.

Шунингдек, жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантиришга ҳам эътибор қаратилди. Республикада болалар ва ўсмирлар спорт мактабларини ташкил этиш, спорт иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ва доимий жиҳозлаш бўйича 2020-2024 йилларга мўлжалланган Давлат дастури ишлаб чиқилди.

Ҳисобот даврида туризм соҳасида қўйилган вазифаларнинг ижросини таъминлашга қаратилган кенг кўламдаги ишлар амалга оширилиб, бу борада ҳам, ижобий натижаларга эришилган. Жумладан, мамлакатимизга 3 млн. нафардан ортиқ хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 31 фоизга кўп. Ушбу ижобий кўрсаткичларга эришишда туризмнинг соҳасининг норматив-ҳуқуқий асосларининг такомиллаштирилгани ва Ўзбекистон Республикасининг “Туризм тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганини таъкидлаш лозим.

Йиғилишда, шунингдек, Давлат дастуридаги IT–лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ бандларининг тизимли мониторингини олиб бориш асосий вазифалари бўлган ҳамкорликдаги (парламент ва Вазирлар Маҳкамаси ўртасида) ишчи гуруҳ ташкил этилгани қайд этилди. Давлат дастури мониторинги доирасида IT–йўналишидаги 20 та лойиҳа ажратиб олиниб, уларнинг ҳар бири бўйича таҳлилий ва статистик маълумотлар тўпланди, бундан ташқари, уларга масъул органларнинг тақдимотлари ўтказилди. Жойларга чиқилиб, мазкур лойиҳалар амалга оширилиши билан бевосита танишилди ҳамда эксперт баҳолаш ўтказилди. Ушбу тадбирлар Давлат дастурида белгиланган вазифаларни якунлаш имконини бериши билан биргаликда, ўз ечимини кутаётган бир қатор муаммо ва камчиликларга эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатди. Жумладан, IT–лойиҳаларни амалга ошириш бўйича режали, келишув ва эксперт ҳужжатларининг тўлиқ эмаслиги таъкидланди.

Давлат дастурининг 29-бандига асосан, аҳолига бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида Advice.uz бепул интерактив ахборот портали фаолияти йўлга қўйилгани ижобий баҳоланди.

Ахборот-телекоммуникация соҳасида республика ҳудудларида 6 минг километр оптик толали алоқа линиялари тортилиб, уларнинг умумий узунлиги 32,6 минг километрга етказилди. Мобиль алоқани ривожлантириш мақсадида 800 та база станцияси ўрнатилиб, кенг полосали мобиль интернет тармоғи қамрови даражаси 50 фоизга етказилди, ушбу йўналишга 34,4 млн. доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинди.

2019 йилнинг 1-ярим йиллигида ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари доирасида жами 49,1 млн. доллар миқдорида маблағлар ўзлаштирилиб, режа кўрсаткичи 118 фоизга бажарилган.

Мавзуга оид