Ўзбекистон | 16:05 / 01.08.2019
67634
5 дақиқада ўқилади

«Автотест» юридик шахслар ҳайдовчиларини тайёрлаш фаолиятини тўхтатади

«Avtotest Report» МЧЖ юридик шахслар ҳайдовчиларини тайёрлаш фаолиятини тўхтатмоқда. «Автотест» жамоаси Kun.uz’га Ўзбекистон халқига йўлланган мурожаатни тақдим этди.

«Автотест» юридик шахслар ҳайдовчиларини тайёрлаш фаолиятини тўхтатади.

Биз жамоамиз билан шу қарорга келдик. Бизнинг бош мақсадимиз пул ишлаш эмаслигини, бизда қадриятлар бошқа эканлигини шу билан намоён этмоқчимиз. Биз одамлардан қинғир йўл билан пул ишлашдан йироқмиз. 

Бошқа автомактаблардан фарқли ўлароқ «Автотест» компанияси пайдо бўлганидан бери ҳали бирор марта даромад олгани йўқ. Ҳамма топилган даромад фақат ва фақат ривожланишга, янги замонавий мактаблар барпо этиш, дастурлар, янги технологиялар яратишга йўналтирилди. Бор куч ва меҳнат асосий бош ғоя — одамлар ўлимини камайтириш, йўлларда тартиб бўлишини таъминлаш ва ушбу соҳанинг ривожланиши учун сарф этилди.

«Автотест» бизнинг фарзандимиз. Биз унга бор юрагимиз ва меҳримизни бердик. 

Ўтган давр мобайнида бизни ҳар кўйга солишди. Йўлларда машиналаримизни тўсиб кулги қилишди. Энди бунга йўл қўймаймиз. Андишанинг отини қўрқоқ қўйманг.

Тан олиш керак, бугун кўчада аҳвол жуда ёмон. Интернет сайтларида, ижтимоий тармоқларда минглаб одамлар йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида вафот этгани ҳақида маълумотлар чиқади. Лекин бирор одам бунга қайғурганини, худди «Автотест»ни муҳокама қилганидек муҳокама қилганини кўрмадик. 

Бизда қадриятлар бошқа. Бизда таҳсил олганларнинг биронтаси таълим сифатига, методига, яратилган шароитга эътироз билдира олмади, ҳеч бир ўқувчи шикоят қилмади, қилолмайди ҳам. Чунки биз халқ хизмати учун жонимизни бериб ҳаракат қилдик. Шу орқали бирор бир инсон ҳаётини сақлашга ҳисса қўшган бўлсак, йўлларда бизнинг битирувчиларимиз озгина бўлса-да тартибли ҳаракатланаётган бўлса, шунинг ўзи бизга катта бахт. Бизнинг ютуғимиз мана шу.

Ҳурматли юртдошлар! Биз, «Автотест» жамоаси барчангизга миннатдорчилик билдирган ҳолда, шуни маълум қилмоқчимиз: «Автотест» компанияси юридик шахслар ҳайдовчиларини ўқитиш фаолиятини тўхтатади. Рўйхатга олиш жараёни ва барча мавжуд шартномавий мажбуриятларни амалга ошириш учун бир оз вақт керак бўлади. Биз таҳқирлардан чарчадик.

Биз эндиликда фақат ҳайдовчиларни тайёрлаш, методика ва қўлланмалар яратиш билан шуғулланамиз. Илтимос, «Автотест» номини ёмонотлиқ қилишни бас қилинг. У бизнинг фарзандимиз, уни хафа қилдириб қўймаймиз. Йўллардаги ҳолат, сотиб олинган ҳайдовчилик гувоҳномалари ва бу ишни қилган, қилаётган ҳайдовчилар, маъсул ходимларга қарши курашишга, минглаб ўлимларнинг олдини олиш курашишга даъват қиламиз. Эътиборингиз учун яна бир бор раҳмат», дейилади мурожаатда.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 4 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг «Инновацион ўқитиш услубларини жорий этиш йўли билан ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 693-сон қарори қабул қилинган эди. Ушбу қарорда 2018 йилнинг 1 январидан юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчилар икки йилда бир марта малака оширишга мажбурлиги ва уларга малака оширганлиги тўғрисида «Avtotest Report» МЧЖнинг сертификати топширилиши белгиланган эди.

Шундан сўнг, ҳукуматнинг мазкур қарорига бир неча марта ўзгаришлар киритилди. Хусусан, 2018 йилнинг 1 июнидан бошлаб Avtotest’нинг ҳайдовчилар малакасини ошириш бўйича алоҳида, монопол ҳуқуқи тугаган, юридик шахслар ҳайдовчилари малакасини ошириш билан нодавлат таълим муассасалари ва зарур лицензияга эга бошқа компаниялар ҳам шуғулланиши мумкин бўлганди. Аммо кейин ҳам сертификатни олиш барча ҳайдовчилар учун мажбурий бўлиб қолаверди.

Ўтган давр мобайнида доимий равишда Avtotest’нинг монопол ҳуқуқига эътирозлар билдириб келинди. Шу йилнинг февралида Қонунчилик палатаси депутатлари ҳайдовчилардан малака оширганлик тўғрисидаги сертификат талаб қилинишига чек қўйилиши назарда тутилган қонунни қабул қилишганди.

Аммо 2019 йилнинг 3 май куни эълон қилинган «Ўзбекистон Республикасининг жиноят, жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунда барча юридик шахсларнинг транспорт воситалари ҳайдовчиларидан малака оширишдан ўтгани тўғрисидаги сертификати талаб қилиниши, сертификати йўқ бўлган тақдирда ҳайдовчи маъмурий жавобгарликка тортилиб, унга энг кам иш ҳақининг бир баробари миқдорида (ҳозирда 202730 сўм) жарима қўлланиши, мазкур қонун 3 ой вақт ўтиб, яъни 2019 йилнинг 3 август кунида кучга кириши кўрсатилганди.

Мавзуга оид