Ўзбекистон | 22:13 / 19.08.2019
21131
3 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятидаги 146 та маҳаллада жиноятчилик ҳолати ошган

Жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида Ўзбекистондаги мавжуд 9 минг 98 та маҳалланинг 1 минг 217 тасида жиноятчилик ҳолати ошган ва ушбу йиғинларнинг 146 таси Тошкент вилоятига тўғри келмоқда. Таҳлилларга кўра мазкур вилоятда кузатилган жиноятларнинг 347 таси ишсизлик сабаб рўй берган. Ҳудудда атиги 6 фоиз ишсизлар бандлиги таъминланган. Натижада 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 47 тага кўпайган.

Бу ҳақда Тошкент вилоятининг Бўка туманида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши, Ички ишлар вазирлиги ва “Нуроний” жамғармаси ҳамкорлигида ўтказилган “Оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда кекса авлод вакилларининг ўрни” мавзуидаги семинарда маълум қилинди, деб хабар бермоқда “Kun.uz” мухбири.

Тадбирда таъкидланишича, фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи ота-оналар Республика миқёсида 4,5 минг нафарга яқинни ташкил этиб, 2018 йилга нисбатан қарийб минг нафарга камайган. Аммо Тошкент вилоятида бундай оилалар сони 127 тага ортган. Бекобод, Олмалиқ, Янгийўл, Нурафшон шаҳарлари ва Паркент, Қуйи Чирчиқ туманларида ноқобил оилалар кўплиги ойдинлашган ва улар рўйхатга олинган. Ачинарлиси, ҳудудларда кузатилаётган жиноятларнинг аксарияти мана шундай оила вакиллари томонидан содир этиляпти.

Республика маҳаллалар кенгаши раиси ўринбосари Ботир Парпиевнинг айтишича, кўплаб МФЙ ва бошқа масъуллар томонидан оилалардаги низолар юзаки кўриб чиқилмоқда. Аҳоли билан якка тартибда кам суҳбатлар ўтказилиши, профилактик чоралар кўрилмаслиги, оилалардаги муҳитни ўрганиш учун мутасаддиларда муаммоли оилалар билан ишлаш бўйича билим ва малаканинг етарли эмаслиги туфайли турли салбий ҳолатлар юзага келмоқда.

Семинарда оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашда барча ташкилот масъуллари ўзаро ҳамкорликда ишлаши, бу борада кекса авлод вакиллари томонидан жамоатчилик назоратини кучайтириш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Миролим Исажонов
Тайёрлаган Миролим Исажонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид