Иқтисодиёт | 10:33 / 17.09.2019
29958
3 дақиқада ўқилади

Биржа савдолари: олтин ва АИ-91 бензини нархи кўтарилди

2019 йил 9-13 сентябрь кунлари "ЎзРТХБ" АЖда ўтказилган биржа савдо натижаларига кўра биржа бозорининг турли товар сегментларида нархлар динамикаси турли йўналишлар бўйича шаклланиб борди.

Кўриб чиқилаётган давр мобайнида 3572,3 тонна АИ-91 русумли бензин биржа савдоларига қўйилди ва сотилди. Сўнгги савдо ҳафтасида АИ-91 русумли бензини бўйича шаклланган биржа котировкаси товарнинг бир тоннаси учун 6451,2 минг сўмни, унинг бошланғич нархи эса – 6266,3 минг сўмни ташкил этди. АИ-91 русумли бензиннинг ҳафталик котировкаси аввалги ҳафтага нисбатан жами 0,7 %га ўсди.

Ўтган ҳафтада суюлтирилган газ ишлаб чиқарувчилари биржа савдолари орқали 20,5 млрд сўмлик 5019,0 тонна суюлтирилган газ сотишди. Газнинг биржада шаклланган нархи олдинги ҳафтага нисбатан 3,5 %га пасайиб, бир тонна учун 4084,3 минг сўмни ташкил этди. Савдоларда харидор сифатида суюлтирилган газни сотиш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга корхоналар қатнашишди.

Қора металл бозорида талаб ўсиб бормоқда. СТ 12-35 ГС арматуранинг нархи 7,3 %га кўтарилиб, бир тоннаси учун 5779,3 минг сўмни ташкил этди. Биржа орқали сотилган барча турдаги қора металлнинг ҳажми жами 6769,0 тоннани ташкил қилган. Қора металл сотувчилари “Ўзметкомбинат” АЖ таркибига кирувчи корхоналар ҳисобланади.

Ўсиш динамикаси шунингдек қимматбаҳо металлар бозорида ҳам қайд этилди. Савдо якунларига кўра ЎзРТХБ да 135,9 млн сўмлик 300 гр Au-1 маркали олтин сотилган. Биржа савдоларида сотувчи сифатида “Олмалиқ КМК” АЖ иштирок этди. Биржа котировкаси сўнгги савдо якунларига нисбатан 14,6 %га ошиб, 1 гр олтин учун 453,1 минг сўмни ташкил қилган.

Цемент бозори қурилиш мавсумининг якуний босқичида нархлар тренди пасайишини намоён этмоқда. ПЦ М-400 Д-20 цемент бўйича нархлар аввалги ҳафтага нисбатан 2,5 %га пасайиб, 479,6 минг сўмни ташкил қилди. Фаол сотилаётган бошқа маркали цементларнинг нархлар диапазони 376,6 - 485,0 минг сўмни ташкил этмоқда.

Биржада пахта толаси учун юқори даражадаги талаб сақланмоқда. Ўтган ҳафта 1 нав 4 тип (ўрта класс)даги пахта толаси бўйича нархлар 1,9 %га ўсиб, бир тонна учун 13,1 млн сўмни ташкил этди. Пахта толасини бошқа навларининг нархлари ўртача 10,9 млн сўмдан 13,6 млн сўмгача бўлди. Биржа савдоларида асосан пахта толасини қайта ишлаш қувватига эга маҳаллий тўқимачилик корхоналари иштирок этишди.

Мавзуга оид