Ўзбекистон | 22:29 / 23.09.2019
52841
3 дақиқада ўқилади

Ўзбектуризм Регистондаги яҳудийлар байрами ва Ичан қалъада йога билан шуғулланган блогер бўйича муносабат билдирди

23 сентябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси масъул ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда туризмни ривожлантиришда Президент фармон ва қарорларининг ижроси хусусида маълумот берилди.

Анжуман чоғида Регистон майдонида яҳудийлар конгрессининг байрам дастури бўлиб ўтгани ва Бутунжаҳон инфлюенсерлар конгресси давомида блогер қизнинг тарихий ҳудудда гимнастика кийимида видео тасвирга олгани, бу икки ҳолатга норозиликлар билдирилгани масаласи кўтарилди. Мазкур икки ҳолатга қўмита мутасаддилари ўз муносабатларини билдиришди.

Саидкомил Холхўжаев, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг зиёрат туризми бўйича масъул вакили:

─ Ўзбекистонга фақатгина мусулмон эмас, бошқа диндаги шахслар ҳам келади. Шу боис сайёҳларнинг ҳозирги кунда ҳам диний анъаналар амалга ошириладиган биноларда баъзида ахлоқдан ташқари ҳаракатларни қилишлари бўйича мурожаатлар келиб тушади.

Дин ишлари бўйича қўмита, Мусулмонлар идораси билан ҳамкорликда нафақат Ислом, балки бошқа диний бинолар учун ҳам сайёҳларнинг кириб-чиқиши, уст-боши, ўзини тутиши билан боғлиқ қатъий тартибни ишлаб чиқяпмиз. Бу тартиб тегишли биноларнинг барчасига тақдим қилинади. Туристик компанияларга ҳам етказилади. Индивидуал тарзда келадиган сайёҳлар ҳам бундай тартиб-қоида билан таништирилади.

Абдулазиз Оққулов, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи:

─ Самарқанд ҳам, Бухоро ҳам фақатгина зиёратгоҳ эмас, омма учун очиқ жой. Бундай ҳудудларга даромад манбаи сифатида қаралади, уларни максимал даражада монетизация қилиш биз учун муҳим. Лекин диний томондан муқаддас ҳисобланган нуқталарда муайян қоидаларга риоя этилиши зарур. Бу жиҳатлар ишлаб чиқилаётган низомда қайд этилади.

Беҳруз Ҳамзаев, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси маслаҳатчиси:

─ Хивадаги минора фонида видео тасвирга олган блогер қиз ўз блоги орқали соғлом ҳаёт тарзини тарғиб қилади, шунинг учун ҳам шунақа видео олинган. У тушган видео йога тарғиботи. Очиқ кийим эмас, спорт нуқтаи назаридан талаб этилган эластик кийимда бўлган. У турган жой диний характерга эга бўлган бино эмасди. Инфлюенсерларнинг ҳар бирига ҳар бир жойга борганда нималарга эътибор бериши кераклиги ҳақида маълумот берилган. Талаб этилган жойда рўмол ҳам ўраттирганмиз.

Ўзбекистон фақатгина бувижон-бобожонларнинг жойи эмас. Бу ерга ёшлар, замонавий одамлар ҳам келади. Келган блогерлар ножўя тасвирларни тарқатишган ҳолларда алоқага чиқиб, тушунтириб, суратларни олдиртирганмиз ҳам. Биз ҳам бунга эътибор берамиз. Лекин ҳаммага бағрикенглик билан муносабатда бўлиш керак.

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид