Ўзбекистон | 21:20 / 04.10.2019
6753
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ─ Россия парламентлараро комиссияси мажлисида қандай масалалар кўрилди?

4 октябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенконинг 1-3 октябрь кунлари Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи якунлари бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда ташриф доирасида ўтказилган Ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссиянинг тўртинчи мажлисида кўрилган масалалар хусусида маълумот берилди.

Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси, сенатор Алишер Курмановнинг таъкидлашича, Ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссиянинг тўртинчи мажлисида Танзила Норбоева ва Валентина Матвиенко ўртасида келишув имзоланган.

Бу келишув Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда Федерация кенгаши ўртасида қонунчилик бўйича тажриба алмашинувининг доимий йўлга қўйилишини назарда тутади. 

«Шунингдек, Ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссия мажлисида парламентнинг давлат бюджети сарфи устидан назорат механизмини жорий қилишда ўзаро тажриба алмашишга келишиб олинди. Бюджет устидан парламент назоратининг ўрнатилиши Россия учун ҳам, Ўзбекистон учун ҳам янги амалиёт, шу боис бу масалада ҳамкорлик таҳлиллари олиб борилади», – дейди Алишер Курманов.

Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг қайд этишича, икки мамлакат ўртасидаги савдо-тижорат муносабатларини мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг Россия бозорига кириб бориши, экспорт ҳажмини ошириш масаласи кўриб чиқилмоқда.

«Бунинг учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, божхона, фитосанитария, транзит тарифлари каби масалаларни ҳал қилиш устида бош қотирилмоқда», ─ дея таъкидлайди Сафоев.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Россия парламентлараро кенгашининг 2 октябрь кунги йиғилишида Содиқ Сафоев «Россельхознадзор»нинг Ўзбекистонда ваколатхона очишини таклиф қилган эди.

Мавзуга оид