Спорт | 23:56 / 07.10.2019
19404
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон миллий жамоаси Яман ва Сингапурга қарши ўйинларга тайёргарликни давом эттирмоқда (фоторепортаж)

Вадим Абрамов бошчилигидаги Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2022 саралаши доирасидан ўрин олган Яман ва Сингапурга қарши ўйинларга тайёргарликни давом эттирмоқда. Машғулотлар «Жар» стадионида бўлиб ўтмоқда.

Таркибдаги ўзгаришларга келадиган бўлсак, кенгайтирилган рўйхатдан ўрин олган Одил Ҳамробеков, Остон Ўрунов, Дилшод Аҳмадалиев ва Жасур Яхшибоев бугунги машғулотларда қатнашишмади. Маълум бўлишича, Абрамов уларга жавоб бериб юборган. Бу футболчилардан иккитаси – Остон Ўрунов ва Жасур Яхшибоев олимпия терма жамоаси машғулотларига қўшилишди. 

Легионерларимиздан Одил Аҳмедов, Отабек Шукуров ва Тимурхўжа Абдухолиқов айрим машғулотларни инвидиуал тарзда бажаришди. Элдор Шомуродов ва Икром Алибоев эса Тошкентга етиб келишган, машғулотларга эртадан қўшилишади.

Яна бир янгилик шуки, олимпия терма жамоамиз аъзоси Санжар Қодирқулов бугун миллий жамоа билан шуғулланди. Абрамов уни ўнг қанот ҳимоячиси Ҳожиакбар Алижоновга захира варианти сифатида чақирган кўринади.  

Шундай қилиб, Абрамов ихтиёрида 25 нафар футболчи қолди. Қайдномадан 23 нафар футболчи жой олишини инобатга олсак, яна 2та футболчига жавоб бериб юборилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, миллий жамоамиз 10 октябрь куни Яманни қабул қилиб, 15 октябрь куни Сингапур меҳмони бўлади. Яман миллий жамоасига қарши баҳс «Пахтакор» стадионида бўлиб ўтади. Ўйин Тошкент вақти билан 17:00да бошланади. 

Маълумот учун, Ўзбекистон миллий жамоаси ўз гуруҳида сўнгги, 5-ўринда бормоқда.

Мавзуга оид