Спорт | 18:21 / 09.10.2021
18981
5 дақиқада ўқилади

21:3 ҳисобидаги устунлик. Ўзбекистон миллий жамоаси учун энг осон рақибга қарши ўйин олдидан

Фото: ЎФА

ФИФА кунларида Иордания пойтахти Амманда ўқув-машғулот йиғини ташкил этган Ўзбекистон милллий жамоаси бугун, 9 октябрда Малайзияга қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. Сречко Катанец қўл остидаги иккинчи ўйинда словениялик бош мураббий таркибда янги футболчиларни синаб кўриши кутилмоқда.

Таркиб: Шомуродов келди, Яхшибоев йўқ

Сречко Катанец Аммандаги йиғин доирасида Малайзия ва Иорданияга қарши ўйинлар учун 24 нафар ўйинчини миллий жамоага жалб этган. Улар орасидан Элдор Шомуродов Италиядан Тошкентга эмас, тўғри Иордания пойтахтига етиб келган бўлса, Яхшибоев жароҳати сабабли йиғинга кела олмади. Унинг ўрнига эса «Локомотив» футболчиси Азизбек Амонов чақирув олди. Қувонарлиси, аввалги йиғинлардан фарқли равишда бу сафар миллий жамоа ҳужум захираси яхши спорт формасида бўлган форвардлар билан тўлган.

Фото: ЎФА

Дарвозабонлар: Элдор Суюнов («Пахтакор»), Валижон Раҳимов (ОКМК), Ўткир Юсупов («Навбаҳор»)

Ҳимоячилар: Фаррух Сайфиев («Пахтакор»), Иброҳимхалил Йўлдошев («Нижний Новгород»), Ҳожиакбар Алижонов («Пахтакор»), Дилшод Саидов («Насаф»), Ислом Қобилов («Локомотив»), Рустам Ашурматов («Гангвон»), Достон Турсунов («Чунцин»), Ҳусниддин Алиқулов («Насаф»), Абдулла Абдуллаев («Бунёдкор»)

Яримҳимоячилар: Одил Ҳамробеков («Пахтакор»), Акмал Мозговой («Насаф»), Отабек Шукуров («Шаржа»), Ойбек Бозоров («Насаф»), Достон Ҳамдамов («Пахтакор»), Азиз Ғаниев («Шабаб ал-Аҳли»), Жалолиддин Машарипов («Ан-Насср»)

Ҳужумчилар: Шаҳбоз Умаров (БАТЭ), Элдор Шомуродов («Рома»), Игорь Сергеев («Тобол»), Ҳусайн Норчаев («Насаф»), Азизбек Амонов («Локомотив»).

Нега айнан Малайзия танланди?

Ўзбекистон миллий жамоасининг Малайзия ва Иорданияга қарши ўйини олдидан Сречко Катанец Аммандаги йиғин, спарринг рақиблар ва таркиб борасида фикрларини билдирди.

«Малайзия ва Иордания миллий жамоалари ҳозирги кунгача ЎФАда бўлган таклифлар орасидан рақиб сифатида танлаб олинди. Айнан уларга қарши ўйнаётганимиз учун алоҳида сабаб йўқ. Уларга қарши ўйнаймиз, деб талаб ҳам қўймаганмиз. Ҳозирги кунда биламизки, ўртоқлик ўйинлар учун рақиб топиш анча мушкул. Қолаверса, бундай режалар камида 6 ой ёки бир йил олдин амалга оширилиши керак. Ўзбекистонда иш бошлаганимга кўп бўлмагани учун ўртоқлик ўйинларига рақиб танлаш имконияти бўлгани йўқ. Шу боис мавжуд рақиблар орасидан Малайзия ва Иордания танланди. Иккита ўртоқлик ўйинларида барча футболчиларга имконқадар ўйин амалиётини беришга интиламиз», - дейди Сречко Катанец.

6 ўйинда 6 ғалаба – Малайзия биз учун қандай рақиб?

Фото: Getty Images

ФИФА рейтингида 86-ўринда бораётган Ўзбекистон 153-поғонадаги Малайзия миллий жамоасини ўзаро 6 ўйинда 6 маротаба мағлуб этган. Шу боис уларни энг осон рақиб сифатида кўрсатсак бўлади. Рақиб устидан қозонилган энг йирик ғалаба 1994 йил Рустам Акромов қўл остида Осиё Ўйинларида ва 2007 йилги Осиё кубогида эришилиб, ўшанда Рауф Инилеев мураббийлигидаги вакилларимиз 5:0 ҳисобида зафар қучишган. Тўплар нисбати – 21:3, бизнинг фойдамизга.

Фото: Getty Images

Ўзаро ўйинлар:

1994 йил: Ўзбекистон – Малайзия 5:0

1999 йил: Ўзбекистон – Малайзия 3:0

2001 йил: Малайзия – Ўзбекистон 1:2

2001 йил: Малайзия – Ўзбекистон 0:5

2009 йил: Ўзбекистон – Малайзия 3:1

2009 йил: Малайзия – Ўзбекистон 1:3

Ўзбекистон – Малайзия ўйини жонли эфирда намойиш этиладими?

Аммандаги учрашув «Спорт» телеканалида намойиш этилиши ҳақида маълумот берилмаган. Шунга қарамай, учрашувни Ўзбекистон футбол ассоциациясининг Youtube тармоғидаги саҳифасида жонли эфирда томоша қилиш мумкин бўлади. ЎФА матбуот хизмати учрашув интернет орқали трансляция қилинишини маълум қилган.

Фото: Getty Images

Анонс. 9 октябрь (шанба)

Халқаро ўртоқлик учрашуви.

Ўзбекистон – Малайзия

Амман халқаро ўйингоҳи.

Ўйин бошланиш вақти: 20:00

Трансляция: ЎФА ютуб канали.

Мавзуга оид