Ўзбекистон | 10:51 / 16.10.2019
30031
2 дақиқада ўқилади

Подполковник Темур Абдуллаев давлат муассасалари сайтларига ҳужумлар ҳақида маълумот берди

2017 йилда давлат муассасалари сайтларига 600 дан ортиқ ҳужумлар бўлган, 2018 йилда кўрсаткич 30 фоизга камайган. Бу ҳақда Тошкентда бўлиб ўтаётган «Замонавий ҳарбий можаролар: мазмуни ва олинган сабоқлар» мавзусида биринчи халқаро илмий-амалий анжуманда айтиб ўтилди. 

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, бугун подполковник Темур Абдуллаев «Давлат ахборот тизимларига кибертаҳдидларнинг ўсиши муаммолари» мавзусида маъруза қилган.

Подполковник Темур Абдуллаев 

«Кибермакондаги вазият инқирозли кўрсаткичга етди. Кибермаконда 50 миллионга яқин хакерлар деструктив ҳаракатлар олиб бормоқда. Юзага келган вазиятдан келиб чиқиб, киберхавфсизлик соҳасидаги ҳолатни яхшилаш учун халқаро қонунчилик актларини ишлаб чиқиш ва кибермакондаги жиноят учун жавобгарликни кучайтириш бўйича қарорларни тезроқ қабул қилиш зарур.

Ўзбекистонда Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази мавжуд. У барча ҳодисаларни кузатиб боради. Масалан, 2017 йилда давлат муассасалари сайтларига 600 дан ортиқ ҳужумлар бўлган. 2018 йилда мазкур кўрсаткич 30 фоизга камайгани кузатилган. Бироқ, тенденция мавжуд ва ҳужумлар давом этмоқда. Шунинг учун миллий маконда киберхавфсизликни таъминлаш жуда долзарб саналади», - дея Темур Абдуллаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, анжуманда БМТ, ЕХҲТ, НАТО, ЮНИСЕФ, МДҲ, ШҲТнинг МАТМ, Халқаро қизил хоч, Жорж Маршалл номидаги Европада хавфсизлик масалаларини ўрганиш маркази, АҚШ Миллий мудофаа университети қошидаги Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё стратегик тадқиқотлар маркази, Белорусь, Буюк Британия, ГФР, Италия, Корея Республикаси, Озарбайжон, Покистон, Россия, Тожикистон, Туркия, Туркманистон, Ҳиндистон, Хитой ва Қозоғистон олий ҳарбий таълим муассасаларининг 200 дан ортиқ вакиллари – экспертлар иштирок этмоқда.

Мавзуга оид