Ўзбекистон | 11:14 / 07.11.2019
1289
2 дақиқада ўқилади

Ноширлик фаолиятини лицензиялаш тартиблари соддалаштирилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ёшларнинг маънавий-маърифий, эстетик эҳтиёжларига мос сифатли китобларни нашр этиш, китобларни қулай нархларда жойларга етказиб бериш, миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини таржима қилиш, ўсиб келаётган авлодда болаликдан китобга меҳр уйғотиш, уларда электрон китобларни ўқиш қобилиятини шакллантириш, умуман мутолаа ҳамда китобхонлик маданиятини юксалтиришда муҳим ҳуқуқи асос вазифасини бажаради.

Қонун лойиҳасидан “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни асосида тартибга солинувчи ва “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги Қонунда такрорланган нормалар чиқарилди, юридик техникаси қоидалари нутқаи назаридан ҳамда таҳририй жиҳатидан 50 дан ортиқ тузатишлар киритилди.

Мажлисда қайд этилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ноширлик фаолиятини лицензиялаш тартибларини соддалаштириш, ахборот-кутубхона муассасалари ва ташкилотларга нашрларнинг мажбурий бепул нусхаларини тақдим этишни тартибга солиш йўли билан миллий босма нашрлар фонди ривожланишининг ҳуқуқий асосларини шакллантиришга хизмат қилади. Ноширлик фаолияти субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш усулларини аниқлаш билан бирга, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди.

Депутатларнинг фикрича, мазкур қонун лойиҳаси ноширлик соҳаси аҳволининг статистикасини шакллантириш ва ривожланиш динамикасини режалаштиришни таъминлаш, халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқарилаётган босма маҳсулотларнинг ҳисоби юритилишини ташкил қилиш имконини беради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид