Жаҳон | 09:11 / 10.11.2019
9914
2 дақиқада ўқилади

Бразилиянинг 8 йилга озодликдан маҳрум этилган собиқ президенти озодликка чиқди

Фото: REUTERS

Бразилиянинг собиқ президенти, коррупция учун 8 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Луис Инасиу Лула да Силва озодликка чиқди.

74 ёшли Лула да Силва Куритиба шаҳридаги турмада панжара ортида 19 ой ўтказиб, озод этилиш ҳақидаги илтимосномадан кейин озод этилган.

“Улар бир одамни ҳибсга олишмади, улар ғояни ўлдирмоқчи бўлишди, бироқ ғояни ўлдириб бўлмайди”, деб айтган да Силва уни турма олдида кутиб турган тарафдорларига.

Собиқ президент, шунингдек, Бразилия суд тизимини танқид қилган.

Лула да Силва озод этилганига қарамай, унга ҳар қандай давлат лавозимини эгаллаш тақиқланади. 

Луис Инасиу Лула да Силва Бразилия президенти лавозимини 2003 йилдан 2011 йилгача эгаллаган. 2017 йилда у коррупция ва пул ювганлик учун 9,5 йилга озодликдан маҳрум этилган. Кейинроқ ушбу жазо муддати 12 йил 1 ойга узайтирилган, аммо 2019 йил апрелда федерал суд қарори билан 8 йил 10 ойга камайтирилган. Собиқ сиёсатчи ўзига қўйилаётган айбловларни рад этиб келади.

Мавзуга оид