Жаҳон | 19:18 / 12.11.2019
30259
5 дақиқада ўқилади

Моралес ва бошқалар: ҳокимиятдан айрилган қочқин раҳбарлар қаерлардан паноҳ топишган?

10 ноябрь куни истеъфога чиққан Боливия президенти Эво Моралес Мексикадан сиёсий бошпана олди. У ҳокимиятдан четлаштирилганидан сўнг мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган биринчи давлат раҳбари эмас. РБК ана шундай раҳбарлар рўйхатини тузди.

Эво Моралес — Боливиядан Мексикага

Фото: David Mercado / Reuters

Эво Моралес 2006 йилдан буён Боливияга президентлик қилиб келаётганди. У президентлик сайловларида тўртинчи бор ғалаба қозонганидан сўнг бошланган норозилик намойишлари ортидан 10 ноябрь куни истеъфога чиқди. Эво Моралес 12 ноябрь куни унга бошпана берган Мексикага учиб кетаётганини маълум қилди. 

Виктор Янукович — Украинадан Россияга

Фото: Сергей Пивоваров / РИА Новости

Украинанинг собиқ президенти Виктор Янукович 2014 йилда Евромайдон, Киевдаги тўқнашувлар ва сиёсий инқироздан кейин ҳокимиятдан четлаштирилганди. 2014 йил 23 февралда у аввал Қримга, сўнг Россияга қочади.

Россия президенти Владимир Путиннинг сўзларига кўра, Москва собиқ президентнинг мурожаатидан сўнг унга қочиб ўтишга ёрдам берган. Россия ички ишлар вазирлиги 2016 йилга келибгина Януковичга вақтинчалик бошпана берилганини тасдиқлади.

Асқар Акаев — Қирғизистондан Россияга

Фото: Федор Савинцев / ТАСС

Қирғизистон президенти Асқар Акаев 2005 йил мартда «лола инқилоби»дан сўнг лавозимидан айрилганди. Тез орада унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Акаев аввал Қозоғистон, сўнгра Россияга йўл олади.

У ҳозирда Москва давлат университети ва Олий иқтисодиёт мактабида фаолият юритмоқда.

Курманбек Бакиев — Қирғизистондан Беларусга

Фото: Андрей Стенин / РИА Новости

«Лола инқилоби» натижасида ҳокимият тепасига келган Курманбек Бакиев 2010 йилда президентликни йўқотди ва Беларусга қочиб кетиб, ўша мамлакат фуқаролигини олди. Қирғизистонда у ва унинг укаси Жаниш Бакиев қатор жиноятларда айбланиб, уларга сиртдан бир умрга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Эрих Хонеккер — ГДРдан аввал СССРга, кейин Чилига

Фото: Сергей Мамонтов / ТАСС

ГДР етакчиси Эрих Хонеккер 1989 йилда истеъфога чиққан. Бир неча ойдан сўнг у давлатга хиёнат ва коррупцияда айбланган. Оғир касаллиги боис Хонеккер ҳибсга олинмаган ва СССР президенти Михаил Горбачёвнинг таклифига кўра хотини билан Москвага келган. Горбачёв лавозимини тарк этганидан кейин РСФСР ҳукумати Хонеккерлар оиласидан мамлакатдан чиқиб кетишни талаб қилган. Чилининг Москвадаги элчихонасида бир оз муддат яшагач, Хонеккер Берлинга, хотини Маргот эса Чилига учиб кетган.

Хонеккернинг ўзи ҳам 1993 йил январда Чилига кўчиб ўтган ва 1994 йилда вафот этган.

Иди Амин — Угандадан Ливияга, кейин Саудия Арабистонига

Фото: AP

Уганда президенти Иди Амин мамлакатни саккиз йил, 1979 йилда унинг қўшинлари Танзанияга бостириб кириб, яксон бўлгунига қадар бошқарган. Амин аввал Ливияга, кейинроқ Саудия Арабистонига қочган. У ортига қайтишга бир неча марта ҳаракат қилган, 2003 йилда ватанига қайтолмай вафот этган.

Константин II — Грециядан Италияга, кейин Буюк Британияга

Фото: Keld Navntoft / Scanpix / Reuters

Грециянинг охирги қироли Константин II 1973 йилда давлат тўнтаришидан кейин мамлакатни тарк этган ва дастлаб Римга, сўнгра Лондонга кетган. У 1994 йилда Греция фуқаролигидан маҳрум қилинган. 2013 йил майда Константин II ва унинг оиласи Грецияга қайтган, улар Портохелион қишлоғига жойлашишган.

Маркос Перес Хименес — Венесуэладан АҚШга, кейин Испанияга

Фото: AP

Венесуэла президенти Перес Хименес 1958 йилги ҳарбийлар исёнидан сўнг ҳокимиятдан айрилган. Аввалига Доминикан Республикасига, сўнгра АҚШга қочган. Хименес ўз ватанида давлат маблағларини ўзлаштириб юборишда айбланганидан сўнг АҚШ уни Каракасга топширган. 1965 йилда у 13 йил-у тўрт ойга озодликдан маҳрум этилган, аммо беш йилдан сўнг озодликка чиқиб, Испанияга йўл олган.

1973 йилда президентлик сайловида номзодини қўйиш учун Венесуэлага қайтган, бироқ тез орада ватанини тарк этган. У 2001 йилда Мадридда вафот этган.

Хуан Перон — Аргентинадан Испанияга

Фото: Zuma / ТАСС

1955 йил сентябрда Аргентина президенти Хуан Перон ҳарбий давлат тўнтариши натижасида тахтдан ағдарилган ва Испанияга қочиб кетган. 1973 йилда у ҳокимият тепасига қайтишга эришган, унинг учинчи хотини эса вице-президент бўлган. Перон бир йилдан сўнг юрак касаллигидан вафот этган.

Михай I — Руминиядан Швейцарияга

Фото: Jim Pringle / AP

Руминия қироли Михай I 1947 йилда коммунистик ҳукумат монархияни бекор қилганидан сўнг тахтдан мосуво бўлган. У Швейцарияга кетган, тез орада ушбу мамлакат фуқаролигини олган. 1992 йилда Руминияда социалистик ҳукумат ағдарилганидан кейин тахтини қайтариб олиши мумкин бўлган, лекин Руминия фуқаролиги қайтариб берилганидан сўнг тахтдан воз кечган. У 2017 йилда Швейцарияда вафот этган.

Мавзуга оид