Жамият | 16:31 / 19.11.2019
21743
6 дақиқада ўқилади

«Дарахт экишга жой қолмагунча тўхтамаймиз» – «Юксалиш» ҳаракати раиси билан суҳбат

Дарахт экиш, кўчат ўтқазиш бўйича акциялар ўтказилиши ҳақида тез-тез хабарлар чиқиб турибди. Яқинда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати томонидан ҳам шунга ўхшаш «Бир миллионта дарахт» акцияси ўтказилаётгани маълум қилинди. Бу акциянинг бошқаларидан фарқли жиҳати аҳоли томонидан маблағларнинг жалб қилиниши бўлди ва бу қатор муҳокамаларни келтириб чиқарди.

Kun.uz мухбири мазкур акция, унинг мақсади ва ўтказилиш тартиби юзасидан «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурхонов билан суҳбатлашди.

─ Акмал Эшондедаевич, «Бир миллионта дарахт» акциясининг мақсади нималардан иборат?

– «Бир миллионта дарахт» акцияси 24 октябрь куни Нукус туманида бошланган эди. Ушбу акцияни ўтказишга бир неча сабаблар бор. Сўнгги пайтда дарахтларнинг ноқонуний кесилиши муаммоси долзарб  масала сифатида жамоатчилик томонидан кўтариляпти. Ўзбекистонда экологик вазиятнинг кескинлашгани кузатилди. Шу ўринда дарахт экиш акциясини жадаллаштириш борасида бир қатор таклифлар бизга келиб тушди. Бундай ташаббус айниқса хорижда яшаётган ватандошларимиз томонидан фаол илгари сурилди. Биз бу акция орқали шундай характердаги барча тадбирларни умумлаштиришни мақсад қилдик.

Биринчидан, дарахтларнинг кесилиши нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда катта муаммо саналади. Статистикага кўра, бир йилда дунё бўйича 130 минг кв.км майдондаги дарахтлар кесилади. Бу – 17 мингта стадион сатҳига тенг. Бу йўқотишни компенсация қилиш мақсадида барча мамлакатларда бундай акциялар ўтказилади.

Иккинчидан, дарахтлар кесилмаган тақдирда ҳам технология ривожланяпти, заводлар қуриляпти, аҳоли сони кўпайяпти. 1 гектар ерга экилган дарахт бир йилда 8 кг карбонат ангидридни ютиб олади ва 6 кг кислород ишлаб чиқаради. Ёки ярим гектар ерга экилган дарахт бир автомобилнинг 42 минг км йўл босиб чиқарган карбонат ангидридини ютишини айтишимиз мумкин. Шунинг учун фақатгина кесилган дарахтлар ўрнига янгисини экиш эмас, иқлим ўзгаришига қарши мувозанатни ушлаб туриш ҳам керак.

─ Акциянинг аҳоли маблағлари асосида ўтказилиши муҳокама, баъзида эътирозларга ҳам сабаб бўлди.

─ Чиндан ҳам яна халқдан пул талаб қилинадими деган фикрлар билдирилди. Таъкидлашим жоизки, бу акциянинг энг асосий шиори ихтиёрийлик ҳисобланади. Ҳеч кимдан, айниқса аҳолидан мажбурий тарзда пул талаб қилиш назарда тутилмаган.

Акция учун махсус ҳисоб рақам очилди. Унга ҳозирга қадар 700 минг сўм пул тушган. Бу маблағнинг бир сўми ҳам ҳали ишлатилгани йўқ. Ҳозирга қадар акция доирасида 400 мингга яқин янги дарахт экилган бўлса, буларнинг барчаси ҳомий давлат ташкилотлари, ободонлаштириш бошқармалари, вилоят ҳокимликлари, халқаро ташкилотлар кўмаги асосида қилинди.

─ Ноқонуний тарзда дарахт кесилиш ҳолатларига кўп гувоҳ бўлдик. Бу қонун бузилишлари натижасида компенсация пуллари ҳам ундирилди. Шу жарима маблағларини акцияга жалб қилиш масаласи кўрилдими?

─ Компенсация маблағлари давлат бюджетига, Экология қўмитаси, Ўрмон хўжалиги ташкилотлари ҳисобига келиб тушади. Ҳозирга қадар амалга оширилган акцияларда дарахт экиш учун шу маблағлардан ҳам фойдаланилганини қайд этиш керак.

─ Акция учун жалб қилинган маблағ тақсимотининг шаффофлиги қандай таъминланади?

─ Акция учун алоҳида веб-саҳифа ва Telegram-канал очилган. Уларда қайси ҳудудда қандай дарахт экилгани, ўтказилган маблағлар учун қанча дарахт харид қилингани ҳақида кунлик ҳисоботлар бериб борилади. Истаган фуқаро бу ҳисобот билан танишиб бориши мумкин.

─ Дарахт экиш акциялари жуда кўп ўтказиляпти. Акциялар ўтади, лекин ундан кейин кўчатларнинг аҳволи ҳеч кимни қизиқтирмайди. Кўча-кўйда қуриб ётган ёш кўчатларни кўп учратамиз.

─ Бу акцияга тайёргарликни биз ёз ойларидан бошлаганмиз. Бир қатор экспертлар билан ҳамкорлик олиб борилди. Республиканинг қайси қисмида қандай дарахт экилиши кераклиги бўйича илмий тавсиялар олинди. Ҳар бир ҳудуднинг иқлим кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда шу ерга чидамли кўчат навлари танланди.

Шу билан бирга, дарахтлар экилган ҳудуд учун, ҳар бир кўчат учун масъул шахсларни бириктириб қўйиш белгиланган. Масалан, таълим биноси ёнида дарахтлар экилган бўлса, шу муассаса дарахтларнинг кейинги ҳолати, парвариши учун масъул қилиб белгиланади.

Акцияда иштирок этиш учун фақатгина пул маблағларини ўтказиш талаб этилмайди. Истаганлар кўчатнинг ўзини олиб келиши, ўзи кўчат экиш жараёнида ёрдам бериш орқали ҳиссасини қўшиши ҳам мумкин.

Ҳар ким ўз хонадонида дарахт экмоқчи бўлса, бу ҳақида бизга хабар берса ҳам акцияда иштирок этган ҳисобланади. Биз унга қанақа дарахт турини танлаш, уни ўтқазиш бўйича тавсиялар беришимиз, талаб этилса, мутахассисларни ёрдамга жалб қилишимиз мумкин. Шунингдек, дарахт эккан ҳар бир шахсга мазкур акцияда иштирок этганлиги учун сертификат тақдим этилади.

Бу акция – бир марталик пиар тадбир эмас. Ҳар йили анъанавий равишда куз (октябрь ─ декабрь) ва баҳор (февраль ─ апрель) ойларида мазкур акция ўтказилиши режалаштирилган. Биз Ўзбекистонда дарахт экиш учун бўш жой қолмагунча бу акцияни давом эттиришни мақсад қилганмиз.

Саодат Абдураҳмонова суҳбатлашди.
Тасвирчи – Муҳаммаджон Ғаниев.

Мавзуга оид