Жамият | 09:42 / 20.11.2019
18995
2 дақиқада ўқилади

Чилонзор туманида янги кўприк қурилиши мумкин

Фото: KUN.UZ

Чилонзор туманида автомобиллар қатнови учун яна бир кўприк қуриш таклиф этилди. Тегишли петиция “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида жойлаштирилган.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳри аҳолисининг сони йил сайин ошиб бораётгани сабабли пойтахтда ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларининг сони ҳам сезиларли даражада ортиб бормоқда. Автотранспорт воситалари сонининг ошиши йўлларда, айниқса, чорраҳаларда катта тирбандликларни вужудга келтирмоқда. Бундай ҳолатларда янги кўприк ва йўл ўтказгичларни қуриш ҳисобига автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши билан боғлиқ муаммолар ўз ечимини топиши айтилади. 

“Чилонзор тумани Бунёдкор шоҳ кўчаси ва Қатортол 2, Дўмбиробод 4-тор кўчалари кесишмасидаги чорраҳада автомобиллар қатновининг зичлиги ҳамда пиёдаларнинг серқатновлиги сабабли катта тирбандлик вужудга келиб, давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларининг аралашувига қарамай тирбандлик билан боғлиқ муаммолар ўз ечимини топмай қолмоқда. Шундай ҳолатда мазкур муаммо юзасидан ўз вақтида тўғри ечим берилиши ҳамда тегишли чоралар амалга оширилиши лозим”, - деб ёзади мурожаат муаллифи.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Чилонзор тумани Бунёдкор шоҳ кўчаси ва Қатортол 2, Дўмбиробод 4-тор кўчалари кесишмасидаги чорраҳада автомобиллар қатнови учун янги кўприк ва пиёдалар учун йўл ўтказгичларини қуриш таклиф қилинган.

Мавзуга оид