Жамият | 01:47 / 22.11.2019
42684
5 дақиқада ўқилади

Расул Кушербаев ва Алишер Саъдуллаев ЖИДУ контракти икки баробар оширилганига муносабат билдирди

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида 2018/19 ўқув йили олдидан контракт тўлови икки баробар оширилган эди. Талабалар бунга норозилик билдиришганида, контракт тўлови университетни янги турдаги таълим масканига айлантириш, илғор хорижий тажрибадан фойдаланган ҳолда мутахассислар тайёрлашнинг юқори сифатига эришиш мақсадида оширилгани айтилган эди.

20 ноябрь куни Давлат бошқаруви академиясида ўтказилган «Янгиланаётган жамиятда ёшларнинг ижтимоий фаоллиги: муаммо ва ечимлар» мавзусидаги конференцияда юқоридаги мавзу эслаб ўтилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Хусусан, орадан 1,5 йил ўтган бўлса-да, ЖИДУда жиддий ўзгариш кузатилмаётгани таъкидланди ва спикерлардан мазкур масалага ечим топиш имкони бор-йўқлиги сўралди.

Саволга жавоб бераркан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев таълим соҳасида контракт миқдорини ва стипендия тўловини хоҳлаганча ўзгартириш амалиёти борлиги, бу – университетлар ёки Олий таълим вазирлигининг ваколатидаги масала эканини таъкидлаб, халқнинг олдида жавоб беришга келганда улар четда қолиб кетиши, одамларнинг саволларига қолганлар жавоб беришига тўғри келишини айтди.

Фото: Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти

«Таълим тизимида молиявий масалаларда экспериментлар қилиш тўғримас. Бу иш университетларнинг молиявий мустақиллигини таъминлаш учун қилиняпти, дейилаяпти. Бунинг натижасида четдан келган ёки ойдан тушган одамлар эмас, ўзимизнинг фуқароларимиз қийналаяпти-да. Шунинг учун кўпчиликка дахлдор бўлган бундай ишларни амалга оширишда бизни ҳам эшитишлари керак.

Кўпчилик қарши бўлсаям, насиб қилиб бўлса-да бу масалани қонунчиликка ҳам олиб кирамиз. Маълум бир критерийни белгилаб, контракт суммасини мана шундан оширмайсан ёки стипендиянинг минимум миқдорини мана бунчадан туширмайсан, деган талабни қонун билан белгилаб қўйсак, токи вазирлик ёки университетлар ўз билганини қилмасин, деяпмиз.

Ҳозир ҳам стипендия масаласида ишлаяпмиз, мана, Алишер аканинг ҳам хабари бор. Ваколатимиз доирасида ҳаракат қиляпмиз. Лекин битта камчилигимиз бор: парламент жуда кўп масалалар бўйича ваколатларни қонун билан бошқа органларга бериб юборган. Энди буни қайтариб олиш вақти келди», – деди депутат.

Кушербаевга кўра, «тарихимизнинг маълум бир даврида шу нарсалар талаб қилинган бўлса, бугунга келиб кўп нарса ўзгарган, демократик ислоҳотлар янги босқичга чиқиши жараёнида парламент локомотив бўлиши керак».

Мазкур масалага президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, Ёшлар иттифоқи раиси Алишер Саъдуллаев муносабат билдирди.

«Бу саволга жавоб йўқ. Расул ака билан биргаликда бу саволга жавоб қидириб юрибмиз. Энг ачинарлиси – бу каби муҳим масалаларнинг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилинмаслигидир.

Фото: Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти

Қандайдир янгиликни амалиётга татбиқ қилишдан олдин жорий қилинаётган ўзгаришлар таъсирига тушувчилардан фикр сўралмайди. Стипендия масаласиниям, контрактлар ошиши масаласиниям балки қандайдир ҳужжатлар, режалар, мақсадлар билан асослаб бериш мумкиндир. Яъни университетларни мустақил қиламиз, бунинг учун шу босқичга чиқишимиз керак, дипломат пули йўқ бўлса, бюджетга кирсин, пули бўлмаса, бу ерда ўқиши шартмас, деган жавобниям беришлари мумкин. Лекин бу каби ўзгаришлар аввал албатта жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши, қандайдир янгилик жорий этилишидан олдин унга одамлар тайёрланиши шарт.

Стипендия масаласида билдирган энг катта эътирозимиз ҳам бу масаланинг ҳеч қанақа муҳокама қилинмаганидир. Бу нима учун бундай қилиняпти, бу қарорга нима сабаб бўлди, ҳеч қанақа изоҳ берилмаган.

Стипендия масаласида ижтимоий тармоқларда тўполон бошланганидан сўнг Ёшлар иттифоқи, Расул Кушербаев мазкур масалани кўтариб чиқишган. Олий таълим вазири Ёшлар пресс-клубига чақирилган», – дейди Саъдуллаев.

ЁИ етакчисининг айтишича, одамларга дахлдор ўзгаришлар қилишдан олдин уларнинг фикрини ўрганиш керак.

«Ҳар қандай эзгу мақсад кўзланмасин, одамларнинг фикрини ўрганмасдан уларнинг ҳаётига дахлдор ўзгаришларга қўл урилмаслиги керак. Бу – менинг позициям ва барчани шунга чақираман», – деди Алишер Саъдуллаев.

Эслатиб ўтамиз, олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясига асосан республикадаги барча ОТМлар босқичма-босқич ўз-ўзини молиялаштириш тизимига ўтказилади.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид